Saturday, April 7, 2007

ЮБИЛЕЙ

ЮБИЛЕЙ

Бир даста гул билан Дилбарой уйга келганида болалари, неваралари, ҳаттоки ишдан доим кеч келадиган эри ҳам уйда экан. Дастурхон безатилган, келини Ёрқиной бор санъатини ишга солиб, аччиқ-чучукдан тортиб корейсча-ю французча салатларгача тайёрлаб қўйган. Ошхонада газ плитасининг устида бир томонда манти қасқон қайнаб турибди, иккинчисида қайнатма шўрва. Меҳмонлар келишига ҳали вақт бўлса ҳам ҳамма тайёр, ясаниб олишган. Бугун унинг туғилган куни.

-Ойижон туғилган кунингиз билан яна бир бор тaбриклайман.

-Юзга киринг.

-Ишда яхши ўтирдингизларми?

Дилбарой қўлидаги гулдастани келинига бериб, кийимини алмаштириб чиқиш учун хонасига кириб кетди. Бу кенг хонада ҳеч нарса анча вақтдан бери ўзгармаган. Кроват, унинг устида чиройлик хитой чойшаби, деразадаги пардалар икки томонга суриб қўйилган. Дилбарой хонани доим ёп-ёруғ бўлиб туришини ҳоҳлайди. Шу томонлама улар эри билан бир бирига ўхшашмайди, эри уйни ярим қоронғу бўлиб туришини ёқтиради.

Бурчакда Дилбаройнинг столи турибди, атир-упа, қалам, тароқ шу столнинг тортмасида сақланади. Кроватнинг чапида катта кийим жавони, бир томонида унинг, иккинчи томонида эрининг кийимлари.

Деворда - суратлар. Мана бу суратда у жуда ёш кўринади, бундан йигирма йил олдин олинган. Ўшанда улар бу шаҳарга энди кўчиб келишган эди. Эрини янги ташкилотга бошлиқ қилиб юборишганди. Аслида Дилбарой пойтахт шаҳарда туғилган, ўқиган. Олийгоҳни битириб катта корхонага аввал оддий ходим бўлиб ишга кирди, бир йил ўтгач, уни бўлим бошлиги қилиб сайлашди. Дилбарой ишини шунчалик яхши кўрганидан, чарчаш нима билмасди, бошлиқнинг гапига қараганда, у ишлаганда ором олиб ишларди.

Шанба - якшанба кунларини ёмон кўраман мен, ҳамма уй ишлар шу кунларга қолади, эрталабдан кечгача тинмайман, мен ишда эмас, уйда чарчайман”, - дер эди касбдошларига.

Бир куни ҳазилкаш Нигор агар ишингиздан кетишга тўгри келса нима қиласиз?- деганида,мен хеч қачон кетмайман, фақат учта сабаб билан кетишим мумкин, биринчиси - ўлсам, иккинчиси - корхона ёпилса, лекин тарихда бундай корхона ҳеч қаерда, ҳеч қачон ёпилмаган, учинчиси - шу шаҳардан кўчиб кетсам,”- деган эди.

Кўчиб кетишди. Дилбарой ишдан кетишга мажбур бўлди. Бошлиғи унинг кетаётганини эшитиб анча хафа бўлди, кейин кетишининг сабабини эшитгач, улар кўчаётган шаҳарда ҳам вазирликнинг корхонаси борлигини, бошлиғига Дилбарой тўғрисида айтиб қўйишини, жой бўлса ўша ерда ишласа яхши бўлишини айтди.

Иш бор экан. Бу ерга ҳам бўлим бошлиғи қилиб қобул қилинди. Янги одамлар билан ишлаш дастлаб анча қийин бўлди.

Исми жизмига монанд ёшгина Дилбаройни, бўлим бошлиғи қилиб олинганига кўплар ҳайратланиб қарар, Дилбарой эса ўттизга кирганнинг ёшлиги қолибдими, болаларимнинг каттаси мактабга бораябди деб ҳисобларди, бошқалар эса уни қандайдир каттаконнинг қариндоши деб қабул қилишди. Лекин Дилбаройлар бу шаҳарда ҳеч кимни танишмасди, эрини юборишмаганда, бу ерлар унинг етти ухлаб тушига кирмаган.

Бир байрам олдидан у ўринбосарига пул бериб, ташқаридаги дўкончадан бир пачка откритка олиб келишни буюрди. Кейин кадрлар бўлимидан олган рўйхат бўйича ҳамма бўлим бошлиқларига энг яхши тилаклар билдириб табрикнома йўллади.

Эртаси куни унинг ҳонасига бир қарри чол кириб келди, қўлида у ёзган откритка. Ўзини лаборатория бошлиғи Маннон Акбаров эканлигини айтиб таништирди. Қизим, охирги йигирма йилда ҳамкасбларнинг бировга табрикнома ёзганини эшитмагандим, бу ерда ҳамма бир-биридан қўрқиб, бир-бирини кўролмай ишлашса керак, қандайдир дуо кетиб, меҳр-оқибат қолмаган,- деб жуда ўйланиб юрардим. Кеча сизнинг илиқ сўзларингизни ўқиб, биринчи қаватдан сизни кўргани чиқиб келаябман. Ўзгаларга яхшилик тилайдиганлар ҳам ҳали борлигига кўнглим кўкларга етди, раҳмат, деб кетди. Дилбарой у кишини зинагача кузатиб қайтиб келганида, ўринбосари Маргарита Петровна, бу одам қирқ йил олдин шу корхонанинг бошлиғи бўлиб ишлаганини, оиласи йўқлиги учун нафақага чиқмасдан ҳозиргача ишлаб юришини айтиб берди.

Жонини жабборга бериб ишга киришиб кетган Дилбарой, тездa илғорлар сафига қўшилиб олди. Кaсаба бирлашмасининг кўчма қизил байроғи уларнинг бўлимидан Советлар тузими йўқ бўлгунча бошқа бўлимга кўчмади.

Дилбаройнинг фикрича корхоналарида кексалар ҳурматда, ёшлар иззатдабўлиб иш давом этарди.

Унинг ташаббуси билан эллик, олтмиш, олтмиш бешга кирганлaрнинг юбилейлaри нишонланадиган бўлди Маннон Акбаровнинг етмиш беш йиллиги ҳам шу ерда нишонланди.

Мобода мажлислар залида бирон сабаб билан юбилей ўтказилмай қолса эълонлар тахтaсига корхона бoшлиғи, бўлимлар номидан табрикнома ёзиб қўйиларди. Дилбарой касаба бирлашмасига ёки корхона бoшлиғига кириб юбилярга бир ойлик пул ундириб берарди. Бир одамга умри давомида бир марта пул ажратилса, корхона касодга учрамаслигини Дилбарой пойтахтдаги ишидан жуда яхши биларди. Агар пул беришмаса, бирон совға ташкиллаштирарди.

Кўп нарса бoшлиққа бoғлиқ, албатта. У келгандан бери шу йигирма йил ичида тўққизта бошлиқ алмашди. Улар ҳам ҳар хил бўлади. Бир вақти Собир Номозов деган бошлиқ бўлган эди. Яхши одам, ишни ҳам яхши билади, лекин роса қўрқоқ эди. Бирон янгилик қилишмоқчи бўлса, юқоридагилар нима дейди, бу давлат мулкига ҳиёнат қилиш эмасми, деб турaрди. “Кўп жoйларда компьютер ўтказишаябди, биз ҳам олайлик” деган гапга, “йўқ, вазирлик ўзи берса олaмиз, бўлмаса ўзимиз сўрамаймиз” деб жавоб берган. Бошқа кўп нарсаларга ҳaм сaлбий жавоб қилар эди.

Дилбаройнинг қўлида ишлаб нафақага кетаётган Ноиланинг эллик йиллигига ҳеч бўлмаса oйликнинг ярмигача совға пули ажратинг деб ёзиб борган аризасигa қўл қўймаган. Оxири Дилбарой ўзининг уйидан совға тaйёрлаб, корхона номидан берган. Ноила қанчалик xурсанд бўлиб кетган эди.

Азиза опа, Ўктам ака… бу йиллар ичида нечтa юбилей бўлган. Бадриддин Ҳайриддинов билан Асад аканинг олтмиш йилликлари ҳам яхши ўтганди. Уч йилдан кейин Пайғамбар ёшларини уйда ўтказамиз деб ваъда беришганди. Иккаласи ҳам бу ёшга етишмади. Бадридди акa бир йилдан кейин, озроқ ўтмай, Асад aка ҳам жаннати бўлиб кетишди. Одам эртага нима бўлишини билмайди. Ҳайрият ўшандa ҳам Дилбарой ташаббускор бўлган. Қўшниси, бир вақтлар биргa ишлаган Лаъли опа ҳалигачa эллик йиллигини эслаб, Дилбаройга раҳмат айтиб юрaди.

Қизиқ бошқалар ҳаётмикан? Тайёр маҳсулотлaр бўлимидаги Муҳторов, уларнинг қаватида ишлаган Ҳамидовалар-чи?

Ҳозирги бошлиқнинг ишлаганига уч йилдан ошди. Ҳамма жойга бурнини тиқиб юрадиган ҳабарчи Аҳмад-сичқоннинг гапига қараганда, бошлиқни етти пуштигача суриштирибди, унинг боболари қозоқларда чорикор бўлиб ишлашган экан. Умуман бошлиқнинг авлодлари камбағаллардан чиққан. Профессор қайнатаси ёрдамида у ишга жойлашиб кўтарилган экан. Дилбарой бундақаларда сал чўчиб туради, ҳaр қалай кўзи тўймаган бўлиши мумкин; лекин бошлиқ Дилбаройни жуда ҳурмат қилади. Дилбаройнинг томоғига бир нарса тиқилиб қолгандек бўлди, кўзидан ёш чиқиб кетди. Ҳурмати бошидан қолсин.

Бугун ишда у куни билан эшикни пойлаб ўтирди. қ этса, туриб эшикни очиб кўради, лекин ҳеч ким, ҳаттоки ўзининг бўлимидагилар ҳaм унинг элликка киришини эсига ҳам келтирмади. Эрталаб пишириб келган ош, сомсалар совиб қолмасдан келишса яхши бўларди. Бугун ҳар кунгидан иш кўпроқ, балки сал иш камайганда келишар.

Тушлик пайти ходимлардан иккитаси биз ошхонага кетаябмиз деб айтиб кетди. Ўзлари билан овқат олиб келганлaр эса кунингидек кийим алмаштирадиган хонага ўтиб кетишди. Дилбарой ҳам борманглар, мен овқат олиб келганман, демади. Xўрлиги келиб кетди. Ғурури йўл қўймади.

Иш вақти тугагунча хонасида ҳужжатлар билан шуғилланган бўлиб чиқмай ўтирди. Ҳамма кетиб бўлгач, олиб келган овқатларни музлатгичга жойлаб, ташқарига чиқди. Дилбaрой ишдан биринчи марта чарчаб чиқиши. Оёқларига тош боғлаб қўйилгадек зўрға судраларди, секин қадaмлар билан чиқиб, орқасига ўгрилиб эшигага бир қараб қўйди, қоравулга калитни топшириб, кўчага чиқди.

У уйи томонга эмас, автобус бекати томон юрди,бозорга боради.

Кўз олдига раҳматли Маннон Акрамов келди. Балки у кишининг гаплари ростдир, ҳақиқатдан бу ерга дуо кетгандир. Ахир шунчa ишлаб олгaн раҳмати шу бўлдими.

Дилбарой бозордан катта чиройлик гулдаста сотиб олди-да, уйига қараб равона бўлди…

У кийимларини алмаштириб залга чиқишдан aввал деразага қаради, кўзига ҳар доим чўғдек бўлиб кўриниб турaдиган корхонаси, ҳозир унга бегона эди.Эрага кўчамиз, ўғлимга деб олган уйга кўчамиз, - қарор қилди, эрининг катта уйга кўчайлик дейдиган гапига ҳамиша йўқ”, деб жавоб берадиган, Дилбарой.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

БИРИНЧИ БАҲО - Замонавий новелла

БИРИНЧИ БАҲО

Замонавий новелла

Қаердан ҳам ўша радиодан келган мухбир билан учрашиб қолдим. “Яқинда бўладиган ўқитувчилар кунига атаб эшиттириш тайёрлаябмиз, шунга бир иккита савол билан сизга мурожаат қилмоқчимиз. Мумкин бўлса шу саволларимизга жавоб берангиз”, - деган сўзларига, розилик бериб қўйибман. Мен ўзим ҳақида гапиришни ўқувчиларимга қолдириб, ўқитувчиларим ҳақида сўзлаб бердим. Радио ходимларининг гапига қараганда эшиттириш улар кутганидан ҳам яхши чиқибди. Ишлар билан бўлиб кунлар ўтиши билан бу воқеа эсимдан чиқиб кетди.

Бир куни почтачи уйимизга бир даста хат ташлаб кетибди. Тавба ҳозирги зомонда ҳам хат ёзиш бор эканда,мен одамлар ўзаро телефон орқали, имконияти борлар интернет орқали гаплашишса керак, деб ўйлардим. Ўзим ҳам яқин саккиз-ўн йил ичида ҳеч кимга хат ёзмаганман, ҳеч кимдан хат олмаганман, талабаларимнинг байрамларга ёзган табрик откриткаларини ҳисобламасам.

Конвертларга бир-бир кўз югуртириб чиқдим. Ўқишни чиройлик ёзувдаги хатдан бошладим. Хат Гулбаҳор деган қиздан келибди, на фамилиясини, на адресини ёзибди. Салом-аликдан кейин ўзининг кимлигини айтибди. Бир вақтлари бизнинг институтда ўқиган,мен эса уларга дарс берган эканман.

"Радиодан ўқитувчилар кунига бағишланган эшиттиришни тингладим. Ўқитувчиларингизни жуда яхши кўрар экансиз. Ўзингиз ҳақида ҳеч нарса демасдан, мен ҳақимда ўқувчиларим айтишар, дедингиз. Энди қулоқ солинг: Мен ҳам сиз айтгандек, жуда яхши ўқишга ҳаракат қилдим. Институтга келганимда рус тилини деярли билмас эдим, чунки менинг мактабимда ўқитувчилар сизникига унча ўхшамасди. Бизга рус тилини физкультура ўқитувчиси ўтарди, кўпинча дарс вақтлари спорт майдончасини тозалардик, ўтларини юлар эдик.

Институтда кеча-кундуз бошқа дарслар билан бирга рус тилини тинмай ўргандим, русча асарлар ўқидим, Тургенев, Шукшинларнинг бирон нарсаси қолмади.” Юқори курсларда кўп фанлар русча ўтилади”, дегандингиз. Ростдан ҳам мутахассисликка оид дарслар рус тилида олиб борилди. Мен қийналмадим.

"Тиббиёт ва фармацевтика институтларини томомлаганларнинг ёзуви лекция ёзавериб ҳуниклашиб кетади. Ҳозирдан айтиб қўяй, ҳамиша чиройлик ёзишга ҳаракат қилинглар. Чиройли ёзиш ҳам бир санъат, дейлик институтни битириб ишга кирмоқчисизлар, ариза ёзиш керак, ҳунук ёзилган аризани кимнинг ўқигиси келади. Шахсан мен, иккита аризадан албатта чиройлик ёзилганини танлайман," деган эдингиз. Биз гурухимиз қизлари билан институтни битиргунча "ким чиройли ёзади" ўйнардик. Ҳозиргача ёзувимга ҳамма ҳавас қилади.

Мен ҳам сиз ўқитувчиларингизни кўп эслаганингиздек, сизни кўп ўйлайман. "Ҳар бир зиёлининг оиласида ўзининг шахсий кутубхонаси бўлиши керак, бу ҳўжа кўрсинга ёки уйнинг чиройи учун эмас, фойдаланиш учун керак. Китоб бу бойлик”, - дегансиз. Овқатни камроқ есам ҳам стипендиямдан орттириб мингга яқин китоб сотиб олдим. Луғат ва справочниклардан ташқари жуда кўп бадиий асарлар олганман, уларнинг ярмидан кўпи русча тағин...

Яна жуда эслаб қолган нарсам, “биронта одамни ишдами, кўчадами, меҳмондорчиликдами биринчи кўраётган бўлсаларинг фақат яхши томонини қидиринглар”, - дегансиз.”

Гапларимни эслайдиганлар бор эканлигидан хурсанд бўлиб, ўқишни давом эттираман:

“Институтни битиргач, қишлоғимга қайтдим. Туман марказидаги янги типда қурилган дорихонага ишга юборишди. Мудиримиз яхши одам экан. Ишни аъло даражада ташкиллаштирган. Қарри бўлишига қарамай тиниб - тинчимайди.

Дорихонада жуда кўп киши ишлар эдик. Иккитаси бизни институтни мендан олдин битирганлар, қолганлари медицина билим юртини фармацевтика факультетини тамомлаганлар, уч тўртта қиз ўрта мактабдан кейин келишган.

Мудиримиз мени билимим, ёзувим, рус тилини яхши билганим учун ҳурмат қилар эди. Қизим ҳисобот ёзишга ёрдам бериб юбор; комиссия келаркан, ҳужжатларни тўғрилаб қўй; режаларни кўриб чиқ, мажлислар баёнини ҳам тўлдир; аввалги комиссиянинг справкасидаги камчиликларни бартараф қилиш учун кўрилган чоралар ҳақида ахборот ёзиш эсингдан чиқмасин, деб шу каби ишларни ҳам менга буюрар эди.

Шундай қилиб ишлаб юрдим. Бир куни мудиримиз мени чақириб, бутун умр дорихонада ишлаганини, янги бинони қурдиргунча қаерларга югурмаганини, район қолмай, обком қолмай, облздравдагиларнинг ҳам безорини чиқарганини айтди. Юртимизда қайта қуриш ва ошкоралик даври кетаётганини ўзим билишимни, юқоридагилар энди жойни ёшларга бўшатиш керак деганини айтиб, "Ўзим ҳам жуда чарчадим.Олтмиш ёшга киришимни райздрав ўтказиб бераркан, дорихонани сендан бошқа ҳеч кимга ишонмайман. Шунинг учун мудирликни энди сен қиласан", - деди.

Йўқ, - дейишимга қарамай, бу ишни менга топширишди.

Шу орада ўзбек тилимизга давлат тили мақоми берилди. Шундай кунлар келар экан-ку, деб хурсанд бўлиб, ҳамма ҳужжатларни, дорихонамиз деворидагиГриппдан сақланинг,Сариқ касали ҳақида нималарни биласиз?”, Спид нима каби тавсияномаларни ҳаммасини ўзбек тилига ўгирдим.

Кўплар мени танийдиган бўлди. Ҳурмат ҳам қилишарди, касалларим мендан мамнун эди. Мен уларга сиз айтгандек "қўлимдан келгунча" ёрдам беришга ҳаракат қилдим.

Кунлардан бир куни бир курсдошим, қолаверса райондошим келиб қолди. Эсингизда бўлса, давлат имтихонини Султон Маҳкамовичга уч йил топшира олмай, биз билан ҳам охирги курсда бирга ўқиган, оти Зокир, райкомимизнинг ўғли. Ўшанда Султон Маҳкамов, мени ишдан олсаларинг олинглар, лекин бу болага "қониқарли" баҳо қўйишга виждоним чидамайди, деб аудиториядан чиққан. Имтихон ҳайъати аъзолари унинг неча йилдан бери давлат имтихонларига келишини ҳисобга олиб, "уч" қўйиб беришган."

Дарров эсладим. Зокир унча билимсиз эмас эди. Бошқаларга қараганда сал ёмон ўқир эди, холос. Талаб ҳам ўша вақтлари катта эди-да. Агар Зокир ҳозир ўқиганда, аълочи бўлиши мумкин эди. Студентлар кутубхонадан чиқишмас, китоблар талаш-талаш. Ҳамма тинмай дарс тайёрларди. Ўшанда “фармацевтика институтига кириш осон, ўқиш қийин” деган гап бор эди Тошкентда.

“Зокир районга қайтиб келибди. Сингилларининг ҳаммаси тўй бўлиб кетишибди, ёлғиз ўғилни ҳамма ота- она ўзим билан турсин, дейди-да. У мендан дорихонамда унга иш бор-йўқлигини сўради. Иш топилишини, лекин штат йўқлигини айтдим.

Эртаси куни мени Соғлиқни сақлаш бўлимига чақиришди. Дорихонамизнинг катталигини ҳисобга олиб,"комерсия"бўлими очишга рухсат берилганлигини,бу бўлимга бошлиқ ҳам борлигини айтишди. Зокир бизда ишлай бошлади.

Шу орада советлар давлати тарқалиб,давлатимиз мустақил бўлди .Ишсиз қолган Зокирнинг дадаси кимгадир катта пул берган экан, унга зўр жой тегибди.

Бир вақти мени юқорига чақиришди.Дорихонамиз давлат ихтиёридан чиқарилиб сотишга қўйилар эмиш.Ўша вақтлари Тошкентда,вилоят марказларида ҳусусий дорихоналар жуда кўпайиб кетган эди.Мен уларга бизда ҳам бир бўлимимиз ҳусусий дорихонадан фарқ қилмаслигини,қимматроқ бўлса ҳам ҳамма дорилар борлигини,сотилган дориларнинг пули билан бўлим бошлигининг ўзи шуғилланишини айтдим.Ким шахсий дорихона курмоқчи бўлса, ҳокимиятдан рухсат олиб, бошқа жойдан очаверсин ,бизнинг дорихонамиз эса давлатники,қолаверса халқники эканини айтдим. Ҳаётдан орқада қолаётганимни,пулим бўлса,дорихонани мен ҳам сотиб олишим мумкинлигини айтишди.

Қаердан пулим бўлади. Олган ойлиимни ўша куниёқ ишлатмасам, бир кундан кейин ун, ёғ, гуручни икки баробар нархга олишим керак бўлади. Банкдаги пулларим кул бўлган бўлса. Пул алмашиб уларга болалар велосипеди ҳам ололмадим. Қўшнимиз машинасини беш мингга сотиб банкка қўйган эди. Банкка икки ойдан кейин борса, берган пулига бозорда битта товуқ ҳам бермаган, шўрликка...

Барибир юқоридагиларнинг айтгани бўлди. Мудирликни топширдим. Ҳозир бизга Зокир хўжайин, мудир деган сўзни энди ишлатмаймиз, ишчиларнинг сони қисқартирилди. Ҳамма ишни тўрт киши бажарамиз. Ишдан кейин Зокир менга папка-папка қоғоз бериб юборади. Дориларимиз жуда кўпайиб кетган, Қозоғстон, Ҳиндистон, Россия ҳаттоки Туркмастондан ҳам кимдир етказиб туради. Бу дориларнинг кўрсатмларини кечаси билан русчадан ўзбек тилига таржима қилиб чиқаман

Одамлар районимизда рус тилини билишмайди. Озроқ билганлар Россияга иш қидириб кетган. Мактабларда физкультура ўқитувчилари рус тили у ёқда турсин, ўзининг фанини ҳам ўтишмайди. Милицияга ишга ўтиб кетишган. Умуман мактабларда бошқа фанлардан ҳам ўқитувчи қолмаган, ҳаммаси ногиронлик ҳужжати тўғрилаб ,бозорга чиқиб кетган.

Мен дорихонадаги асосий ишимдан ташқари Зокирнинг ёзув-чизув ишларини ҳаммасини қиламан. Олган ойлигим ҳеч нарсага етмайди. Бошлиққа ойлигимни озроқ оширинг, десам,” Сенга ойликни оширсам, ўзим нима ейман. Топганим санэпедстанция, налог, свет, маҳалла ходимларининг чўнтагига кетса, ҳалиям худога шукур, аренда, пажарний, милицияга тўламайман, агар уларниям тўлаганимда Ҳаким, Акбар, қизил дипломли Олимлардан фарқим қолмасди. Фирмалари касодга учраб, ишсиз юришибди. Дипломлар ҳозир ҳеч кимга керак эмас. Ҳаммаси сандиқда ётибди, менда ишлаш ёқмаса, ёқадиган жойга кетавер. Иш сўраб юрганлар мингта,” - деди. Шундан бери пул тўғрисида оғиз очмайман.

Сиз "бойлик" деб ҳисоблаган китобларни сотмоқчи бўлсам, ҳеч ким олмади. Бозорда писта сотадиган қўшним бир куни келиб, писта ўрашга қоғози қолмаганини, китобларимни ҳаммасини минг сўмга олмоқчи эканини айтди. Бир кило гўшт ололмасам, бу китобларга ўшанда қанча пулим кетган. Уларни ҳозир ҳеч кимга керак эмаслигини билсам ҳам сотмадим.

Болаларим бу китобларни ўқимайди. Бир марта катта қизим тўққизинчи синфга ўтганда, қандай бадиий китоблар ўқиябсан, деб сўраган эдим.Бадиий китоб” деганингиз нима, бизда борми? - деди. Ҳа, бор, роман, повесть, ҳикояларчи, - десам, уларингиз ҳаммаси кириллча ёки русча-ку, мен тушунмайман, деди. Мен унинг лотинчасини тушинишимни, у нимага кириллчани тушинмаслигини айтиб, аччиғим чиқди. “Аяжон, хафа бўлманг, ўқий оламан, фақат кўпроқ варақ ўқисам чарчаб кетаманда, ўзингиз ҳам лотинчани икки варақдан ошса чарчаб кетасиз-ку,” - деди. Шундан кейин унга китоб ўқи демадим. Мактабни битиргандан эрга бериб юбордим. Яхши оила. Қайнонасининг хизматини қилиб юрса, оч қолмайди. Кичкиналарим ҳали мактабда.

Болаларимнинг отаси охирги вақтлари анча вақт ишсиз юрди. Кейин иш қидириб Қозоғистонга кетди. Саккиз ойдан кейин озиб-тўзиб, бир тийинсиз, жоним омон қолганига шукур, деб қайтиб келди.

“Не кунларга қолдик, эр бўлиб оила боқолмасам, қилай десам иш бўлмаса, берган нонинг томоғимдан ўтмаябди”, дер эдилар ҳижолат бўлиб. Ундай деманг, биздан баттарлар бор, худога шукур, кунимиз ўтиб турибди-ку, тинчитмоқчи бўлардим сўкиниб турган дадамизни.

Районимиздан уч киши Россияга қурилишгами, канализация ишигами кетишаётганини эшитган хужайиним, улар билан кетмокчи эканини айтди. Икки марта сариқ касал бўлганлар. "Оғир иш сизга мумкин эмас, қийналиб қоласиз, бир кунимизни кўрармиз, ҳеч бўлмаса ногиронликка чиқарсиз," дедим.

Ноиронликни тўғрилаш ҳам пулсизга бўлмайди, деб қулоқ солмади. Қурилиш ишини кўтара олмадилар. Болаларим отасиз қолишди. Охирги вақтлари овқат емасдилар, жигаримга оғирлик қилади деб. Қизимга эса"текин тамоқ бўлиб сизларнинг насибаларингни ейманми, аяжонларингга қийин”, деган экан раҳматлик. Ишламаса ҳам тирик бўлганда ўзим емасам ҳам, уларга едирган бўлардим...

Ишаб турибман, ҳеч яхши гап йўқ. Яқинда биттаси "Уятсизлар, дорини ҳам шунча қимматга сотасиларми, менга ўхшаб кунларинг дорига қолсин, топган пулларинг ўликка бую рсин "-деб чиқиб кетди. Мен ҳеч нарса дея олмадим. Кечаси билан ухлай олмай, нима учун унга жавоб бермадим, нега "ундай" демадим, нега “бундай” демадим деб, ўйланиб чиқдим. Бунга ўхшаш воқеалар охирги вақтлари кўп бўлган. Ҳеч қачон мен қаттиқ жавоб қайтара олмаганман. Яхшилаб жавоб қайтариш қўлимдан келмаса ҳам керак. Бундай бўлишимга сиз айбдорсиз. Сиз бизни жоду қилиб қўйгансиз,ундайларни гипнозчи дейишади. Сиз институтда эмас, циркда ишпашингиз керак эди. Менга ўхшаганларни энди ўзгартириб бўлмайди. Болаларимни менга ўхшашини ҳеч ҳам ҳохламайман.

Ҳаётда мен нимани кўрдим, фақат қулдек меҳнат қиламан, бирим икки бўлмайди. Талабалик вақтида ҳам ётоқхонадан чиқмай дарс қилганман, на кино, на байрам, на театрни билибман, фақат сиз билан борган санъат, табиат, ва тиббиёт музейини айтмасам. Ёлғон бўлмасин, институтда сиз уюштирган Абдулла Орипов, Ҳожиакбар Шайхов, Тоҳир Малик, Нормурод Нарзуллаев, журналист Анвар Жўрабоевлар билан учрашувларга борганман. Кўрган нарсаларим шу. Сиз айтгандек яшайман деб умрим ҳазон бўлди.

Хатни мен ёзаётган бўлсам ҳам, кўпчилик ўқувчиларингиз номидан деб тушининг. Улар ҳам сизга худди шундай деб ёзишган бўларди.

Сизни бир умр лаънатловчи Гулбаҳор.

Ана халос..

Бу хатдан кейин бошқаларини очишга журъатим етмади.

Анча кун нима қилишни билмай юрдим. Талабамга жавоб ёзмадим, ёзганда ҳам нима деб ёзаман ва қаерга юбораман. Биринчи баҳоимни олдим! Яна нима керак?!

***

Хатлар ҳалигача онда-сонда келиб туради. Бугун ҳам иккита хат келибди.Биттаси менга жуда таниш бўлган ёзув, Гулбаҳордан, шошиб очдим. Бир жумлада мени келаётган байрам билан табриклабди. Пастига эса "Мени кечиринг. Тўғрисини айтсам, мен сизни жуда-жуда яхши кўраман”, - деб, ёзиб қўйибди.

ОРЗИГУЛ / Orzigul