Saturday, April 7, 2007

ЎЧ

ЎЧ

Қизини кўриб, Сожида Саттаровнанинг ранги оқариб кетди. Қиз ҳам унга лабини буриб “бўлмади” дегандек килиб, бошини чайқади, нозик бармоқларидан учтасини ажратиб унга кўрсатди.

-Уч?! - Бу нима деган гап, Сожида Саттаровна ҳам шу ерда ишласа-ю, қизи уч олиб ўтирса? Ҳамкасблари олдида нима деган одам бўлди? Нимага у кеча ўша аблаҳ билан учрашиб қизини имтиҳон топширишини айтиб қўймади? - афсусланиб уйлади у.

-Жуда қийин савол тушдими?-сўрайди Сожида Саттаровна .

-Йўқ.

-Бўлмаса нимага уч қўяди?

-Адашмай ҳамма саволларга жавоб бердим, фақат масаласида озроқ қийналдим.

Ундайда нимага тўрт қўймади?

-Тўрт қўйсам менинг ҳақим кетади, ўзингнинг баҳонгни - семиз учингни қўяман, - деб туриб олди, нимжонгина “тўрт” қўя қолинг, ойим “уч” олганимни эшитиб хафа бўладилар, шу вақтгача биронта “тўрт” ҳам олмаганман, десам ҳам қулоқ солмади.

-Ойинг хафа бўлишини билсанг яхши тайёрлансанг бўлмайдими, нега даданг эмас, ойиинг хафа бўларкан,- деб сўради. Ўшанда сизни айтдим.

-Сожида Саттаровнанинг қизи бўла туриб, учга тайёрландинг-ми, уят-эй - деди. Чиқиб келавердим.

Нима, қизи олийгоҳни битириб физикадан дарс берармиди? Физикани ёқтирганда тиббиётга эмас университетгами, пединститутгами кирган бўларди. Ўзи тиббиётга физиканинг нима кераги бор? Унга Бозорбоевдай ректор учрамаганда уйлади Сожида Саттаровна баттар жаҳли чиқиб...

Бир вақтлари Сожида Саттаровна Жиззаҳда ишлаганида математика бўлимида ўқийдиган болага рус тилидан баҳо қўймаган. Унда Сожида энди олийгоҳни битириб келган эди, талабалардан режага мувофиқ қилиб жавоб беришини талаб қилар эди. У бола русча умуман тушунмас, дарсларни эса ёдлаб келарди. Тўхтатиб, савол берилса, адашиб қоларди. Шунинг учун ҳам Сожида Саттаровна унга зачет қўймаган. Ректор Бозорбоев уни чақириб, гапни узоқдан бошлаган, кейин нечта бола топширганини, нечтаси топшира олмаганини сўраган, яна бир ҳафта ичида улардан қайсиси топширишини, қайсиси кузга қолишини билиб олган. Сожида Саттаровна бир болани кузда ҳам топшира олмаслигини айтганда, кимлигини, қайси бўлимда ўқишини, қаерлик эканлигини яхшлаб сўраган. Сожида ҳар бир талаба билан таниш эканини кўрсатмоқчи бўлиб, унинг бошқа фанлардан, айниқса физика ва математикадан яхши ўқишини, лекин Баҳмалнинг узоқ тоғида яшаб, мактабда рус тили ўтмагани учун ҳеч нарса билмаслигини айтиб берди.

-Тўҳта, қайси бўлимдан дединг?- тикилиб сўради ундан ректор.

-Математикадан

-Битиргандан кейин у бола қаерда ишламоқчи?

-Қишлоғидада албатта, қаерда бўларди, - Сожида ҳам ўйланмасдан жавоб берди.

-Қайси фандан дарс бермоқчи у?- Майин жилмайиб сўради ректор.

Сожида ректорнинг нима демоқчи эканини дарров тушунди. Бозорбоев ҳеч қачон “бу болага қўй, бунга нимага қўймадинг,” - деб айтмас эди, лекин яхши ўқиган болани билмаган бир фани учун институтдан ҳайдалиб кетишига доим қарши бўлган…

Битта физкултура домласи ҳам ўша факултетида ўқийдиган болага зачёт қўймаган, у бола сакрашдан, югуришдан, умуман хеч нарсадан керакли нормаларни топширолмаган. “Топширолмасам нима қилай,” - деб, ўша талаба институтдан кетмоқчи бўлган. Буни эшитган ректор, болани чақиртириб “Ҳеч қаёққа кетмайсан, ўқийсан, майли битта спортсмен кам бўлса ҳам, битта кучли математикли бўламиз,” - деган. Физкултура домласини ҳам чақириб гаплашган. Kейин у домла ҳам зачёт қўйиб берган.

Яқинда Сожида ўша болани кўриб қолган эди. Математикадан номзодлик диссетацияини ёқлаб, илмий-текшириш институтида ишлаётган экан. Бу ерда ректорни тўғри ёки нотўғри қилди деб бўлмайди, лекин одамийлик томонидан тўғридир. Пушкин математикани умуман билмаган дейишади. Агар у бизнинг мактабларда ўқиганда, ўрта мактабни битирди деган гувоҳнома ҳам ололмаган бўларкан.

Сожида Саттаровнанинг қизи ҳам физикани яхши кўрмайди. Унинг яна аччиғи чиқди, ҳеч бўлмаса тўрт қўймабди-я? Эгамберди Қурбоновни ҳамма қизиқ одам дейишади. Унга лаборант ҳам, ректор ҳам, кунига бирга ишлайдиган касбдошлари ҳам бир эмиш. Унда на меҳр-муҳаббат, на хайриҳоҳлик бор дейишади. “Физика - фанларнинг отаси, унинг қонунларини билмаганлар яшамаса ҳам бўлаверади,” - дер экан бу “физик-шизик.” Талабалар уни орқадан ҳеч кимга эшиттирмасдан, шунақа дейишарди. Сожида Саттаровна ҳам бу ном унга қанчалик мос келишини яна бир бор ишонди.

Сожида Саттаровна нима қилишни билмай, майли, кейинги курсларингда деканнинг рухсати билан мудирга қайта топширарсан, бошқа фанлардан бўшашма фақат, деб қизини ҳам, ўзини ҳам тинчитди. Кейинги имтиҳон қайси фандан эканлигини, неча кундан кейинлигини, ким oлиишини аниқлаб, яхшилаб тайёрлан, - деб қўйди.

Сожида Саттаровна ҳам кунига чарчаб келади, ҳар куни имтиҳон олади, яна бир ҳафта аҳвол шу.

Бугун ҳам ишга эрта келди. Лаборант имтиҳон учун аудиторияни тайёрлаб, гурухларнинг журналлари-ю, имтиҳон билетларини чиқариб қўйибди. Ассистент (унга имтиҳон олишда ёрдам берувчи ўқитувчи) ҳам шу ерда эди. Имтиҳон бошланди. Талабалар навбатма-навбат киришар, имтиҳон саволларини олгач, ўтириб тайёрланишар, кейин жавоб бергани домлаларнинг олдига яна навбат билан келишарди.

Сожида Саттаровна қўлидаги зачёт дафтарчасини кўриб, қотиб қолди. Қайтар дунё деб шуни айтса керакда, бу дафтарча Қурбонова Дилором Эгамбердиевна деган талабаники экан. Фамилияси ҳам, отасининг исми ҳам физика домласига тўғри келади.

Қўлга тушаркан-у. Мана ўч олиш вақти келди.- Сожида Саттаровна яна бир зум ўйланиб қолди, балки унинг қизи эмасдир, бунақанги ҳоллар - исми фамилияси бир хиллар, институтда тез-тез учраб туради. Бир вақтлари ҳамма томонлама унга отдош булган Турапова Сожида Сатторовна деган қиз ўқиган, у ёнида ўтирган ўқитувчидан секин сўради. “Бу қиз менинг гуруҳимда ўқийди, аълочи, дадаси бизда физикадан дарс беради,” - деди. Демак бу қиз ўша чаппанининг қизи. Бу қизни худонинг ўзи унга етказди. Мободо шу гуруҳ икки кун олдин топширганда, Сожида Саттаровна ўчини ололмаган бўларди. Энди Сожида Саттаровна унинг кўзига кўрсатиб қўяди. У секин қизнинг ўтиришига назар ташлади: турқи қурсин одам ҳам шундай совуқ бўладими. Столининг устида бир варақ қоғоздан бошқа нарса йўқ. Имтиҳон билетини бурчакка суриб қўйган. Юмолоқдан келган башарасида жойлашган қош, бурун, лаб отасиники, фақат кўзида лупага ўхшаган кўзойнак йўқ. Агар унга ҳам шунақа кўзoйнак тақиб қўйилса, ўша физик-шизик ўтирибди дейсиз. Отасининг юзи умр бўйи қуёш тегмаган зах ерга ўхшайди. Қора билан тўқ кулранг ўртасидаги тушуниб бўлмас жирканч ранг. Қизи сал оқроқ, лекин кейинчалик отасидан баттар бўлиб кетиши кўриниб турибди.

Сожида Саттаровна унга ўч олиш қанақалигини кўрсатиб қўяди. Кеча келиб қизини имтиҳoн топширишини айтмади ҳам, юзи чидамаганда, униг қизига “уч” қўйиб ўтириб, энди “мени қизимга беш қўйинг” деб сўрасин-ми? Сожида Саттаровна бу қизга “уч” эмас, “икки” қўяди. Бир шармандаси чиқсин унинг.- шундай дея Сожида Саттаровна ҳаёлий режалар туза бошлади. Эй-йўқ, “икки” қўйиб бўлмайди, чунки бундaй баҳо на қайдномага, на талабанинг қўлидаги зачёт дафтарчасига қўйилади. Кейинчалик декан, гуруҳ раҳбари, ҳаттоки ректор бу қиз Новоий стипендияси совриндори, илтимос қўйиб беринг, деб қолишлари мумкин. Ўшанда у тўрт ёки беш қўйиб беришга мажбур бўлади. Йўқ, Сожида Саттаровна нима қилишни жуда яхши билади, у “икки” қўймайди, “уч” қўяди. Уч”ни тўғрилаш қийин, айниқса битирувчи курс талабаларига.

Қиз жавоб бериш учун столи устидаги варақни, саволларни, ручкасини олиб, Сожида Саттаровна ўтирган стол томон йўл олди. Унинг юришини кўриб, Сожида Саттаровнанинг кўз олдига лапанглаб юрадган физик - бу қизнинг отаси келди. Ё товба, ҳеч бўлмаса юриши ўхшамаса бўлмасмиди. Бунча гурсиллаб юрмаса. Қиз бола ҳам шундай юрадими, нақ полни тешиб юборай дейди-я.

“Хўш, қани, нима деган саволга жавоб бермоқчисан?”

Қиз саволлар ёзилган билетни унга суриб қўйиб, қoғозига қарамасдан биринчи саволни такрорлади.

Гапиравер, - деди у ясама юмошлик билaн, педагогик этикетни бузмасликка ҳаракат қилиб. Қиз гапларини бир-бирига боғлаб жавоб бера бoшлади. Унинг фикрлари равон, гаплари тетикина. Сожида Саттаровна унинг юзига қарамасдан, талабалар рўйхатига кўз югуртириб ўтирган бўлса ҳам, бутун фикри-зикри қизнинг жавобида эди, ҳар бир сўзни, ҳар бир қўшимчани ишлатишини эътибор билан тингларди. Биринчи савол тугагач, бошини кўтариб, жавоб тўғри бўлса ҳам, таллафузинг бўлмайди, русчани худди кеча ўргангандек гапирасан, вилоятлардан келганлар сендан яхши гапиради, ким aйтади сени шаҳарда яшайди,- деб, унга танбеҳ бермоқчи бўлади Сожида Саттаровна. Ёнида ўтирган ўқитувчи секин уни туртиб, қизни тумандан қатнашини айтади.

-”Ҳали шунақа денг? Қаердан қатнайсан?”- сўради жавоби имтиҳонга таълуқли эканлигини эслатиб Сожида Саттаровна . Қиз ҳам хатога йўл қўймаслик учун эҳиёткорлик билан жавоб берди.

Кейин у иккинчи саволга ўтишни сўради. Иккинчи савол яхши ўқувчилар учун қийин эмас. Берилган гапни синтактик ва грамматик таҳлил қилиш керак.Қиз аввал жумлани ўқиди, уни қўшма гап эканлигини айтиб, иккита мустақил содда гапдан тузилганлигини исботлади, кейин биринчи гапдан эга ва кесимларини топиб, қайси сўз туркуми билан ифодаланганлигни адашмасдан бирма-бир aйта кетди. Энди Сожида Саттаровна унинг жавобига эътибор бермай, бу қизни темир йўл вокзалига кeлишини, поездга ўтиришини, кейин поезддан Тошкентда тушишини, автобусга ўтириб интитутга келишини тассавур қилди. Сожида Саттаровна йўлга кетадиган вақтни чамалаб, санай кетди. Камида икки соат керак бўлар экан. Дарс эрталаб саккизда бошланади.Энди у ўзнинг қизи билан бу қизни таққослaшга тушди. Унинг қизи етти яримда зўрға туради, aйрим вақти кечроқ турса,овқатини емай чопади. Институт кўчанинг нарги томонида ,шунга ҳам кечикиб қолай дейди. Бу қиз эса кунига тумандан қатнаса, дарс тамом бўлгач, жамоат ишлари, учрашувлар, мажлислар, қўшимча дарслар... Нечида уйга борар экан?

Учинчи саволга ўтишдан аввал кун тaртибини яхшлаб айтиб беришни сўради у. Талаба ҳар куни кечкурин еттида уйга боришини, овқатланиб, бир-икки соат ойисига қарашишини, кейин кечаси ун иккигача дарс қилишини, эрталаб йигирма минути кам олтида уйдан чиқишини айтиб берди.

Қизига институт ҳовлисидаги ётоқхонадан жой олиб бергандир албатта, ҳар қалай у кунига қатнамас, айниқса қишда, қоронғи тез тушади, Сожида Саттаровна: ётоқхонада жойинг бордир,- деб сўради.

-Ётоқхона ҳозир фақат узоқ вилоятлардан келганларга берилади. Тошкент атрофидаги районлардан келувчиларга жой етишмайди-да, шунинг учун менга беришмаган, - жавоб беради қиз.

Сожида Саттаровна Жиззаҳдан кейин талабаларни қийнамасди, айниқса қишлоқлардан келганларни, бунинг устига шунча йиллик тажрибасидан ақиллилардан тиришқоқларни, ақлли - дангасаларни, билмасларни дарров ажратар эди. Бу қиз нафақат билимдон, жуда тиришқоқ ҳам эди. Сожида Саттаровна унга “уч” қўя олмайди, қўйса, виждони олдида нима деган одам бўлади.

Унинг жавобидан мамнун булган Сожида Саттаровна кейинги саволга ўтишни сўради. Бу сaвол бўйичa рус тилида ўқиган китобининг мазмунини қисқача сўзлаб бериш керак эди Бу топшириқни ҳам у ихчамгина чиройлик қилиб айтиб берди. Яна қандай китоблар ўқигансан?-қизиқиб сўради Сожида Саттаровна. Домламиз берган рўйхатдаги ҳаммасини ўқиганман, бундан ташқари таржимиси бор китoбoларни ҳам ўқийман, уларни аввал ўзбекчасини ўқийман, кейин русчасини ўқиб чикаман, биз кичкиналигимиздан ҳеч ким билан русча гаплаша олмаганиз, қишлоғимизда биронта рус oиласи бўлмаган, туман мaрказида бор, лекин бизга анча узоқ. Шунинг учун рус тилига тайёрланишимга сал кўпроқ вақт кетади”, - икки юзи қизариб гапирди у. Сожида Саттаровна унга қаради: катта - катта қоп -қора кўзлари устидаги қуюқ киприклари сал тезроқ пиррилаб турарди. Сожида Саттаровнанинг у қизга раҳми келиб кетди, йўқ, ундай деса нотўғри бўлар, раҳми келиб кетди эмас, ҳаваси келди, бу қиз унга энди бошқача бўлиб кўринди, кани эди ҳамма талаба ҳам шунга ўхшаса, - деб ўйлаб қўйди.

Кўзлари, қошлари, киприклари бунча ўзига ярашмаса, одобини қаранг-а, ёқмитойлигичи? Духтирлик бунга жуда мос келади. Болa шўрлик ҳаммаси бўлиб беш ярим соатгина ухлар экан-а, унинг устига ўқитувчи берган рўйҳатдаги ҳамма китобларни ўқибди, вақтинг шунча кам экан, ким cени қўшимча адабиёни ўқимабcан деб, уришар эди, - ўйлади у.

“Тўғрисини айт менинг ўрнимда бўлганингда шундай жавобларга неча баҳо қўяр эдинг? Айтганингни қўяман”,-деди Сожида Саттаровна .Қиз жим бўлиб,кўзларини пастга олди, кейин “домла, ўзингиз биласиз, жавобимга қараб қўявериг, мен баҳо талашмайман” - деди. Бунча одобли бўлмаса, бошқа бўлганда “бeш” деб бақрайиб турган бўларди, – яна бир бор хаваси келди унинг.

“Балли қизим, мен сенга “беш” қўяман, отинг нима эди?Дилором” деган жавобни эшитиб, отинг ҳам ўзингга мос экан, дилларга ором бериб ҳамиша бешга ўқиб юр,” - деб қоғозларни тез-тез тўлдириб, баҳолар дафтарчасини унинг қўлига берди. Қиз хурсанд бўлиб, раҳмат айтиб чиқиб кетди.

Сожида Саттаровна бир сесканиб ўзига келди. Нима қилиб қўйди? Бундан йигирма минут олдин олмоқчи бўлган қасди қаёққа кетди? Кўзойнак физикнинг қилган ишига жавоби шуми? Одам ҳам шунчалик бўш бўладими? Беш?!, Ҳаттоки тўрт ҳам қўймади-я. - Сожида Саттаровна ўзини койий кетди. Кейин ёнида ўтирган ўқитувчига “Қолганлардан ўзингиз олаверинг, фақат тезлатинг, вақтлироқ тугатайлик,” - деб чиқиб кетди. У хонасида энди ўзини овоз чиқариб уришарди, нима учун унинг қаердан келиши-ю, қандай тайёрланишини сўраб ўтирди? Талаффузинг ёмон, “уч” кетавер деса, олам гулистон эди. Қиз ҳам баҳога талашадиганлардан эмас экан, индамай кетаверарди. Сожида Саттаровна ҳам ўша Эгамбердидан боплаб қасдини олган бўларди. Нима бўлса ҳам унинг ҳеч нарсага қурби етмаслиги исботланди, на қаттиққўлликни, на бировдан ўч олишни бажаради. Эгамберди Қурбонов ҳам уни бир тийинга олмагани учун қизига тўрт ҳам қўймаган, - койирди у ўзини.

“Уч” қўй эди, борсин эди у отасига йиғлаб. Боласига ёмон баҳо қўйса, қанчалик алам қилишини ўшанда тушинарди бу аблаҳ. Йўқ, Сожида Саттаровна бу иши учун ўзини ҳечам кечирмайди. Қандай нодонлик... - унинг боши ғовлаб кетгандек эди, бутун вужуди бўшашиб, ўтирган жойида столига эгилди.

Эшик тақиллаб, шериги кирганда у кўзини очди, аввалига ўзини қаердадалигини тушунмай, “нима гап?”-деб сўради.

Имтиҳонни тугатдим, битта талаба келмади, кеча болалик бўлибди, туғруқхонада дейишди, икки олганлар йўқ, учлар - ўн иккита, тўртлар - ўн битта, бешлар - олтита, қайдномани деканатга бериб келаман, мана бу ерларга сизнинг қўлингиз керак. - деди. Сожида Саттаровна кeракли жойларга қўл қўйиб берди. Энди кетса бўлади. Эртага яна имтиҳони бор. Бугун қилиб қўйган иши яна эсига тушиб, Сожида Саттаровнанинг яна жаҳли чиқа бошлади, кейин сумкасини қўлига олиб, ташқарига чиқди.

“Ассалому алайкум Сожида Саттаровна, жуда чарчаган кўринасиз?”-фикрини бўлди баланд овозда гапирадиган, ўзини Сожида Саттаровна билан эски қадрдонлардек тутадиган физика домласи Тоштемиров. Сожида Саттаровна ҳам бу кишини ўзига яқин оларди, у Ленинградда ўқиган, жуда содда ва кўнгли очиқ одам. Имтиҳондан чиқиб келаётгани, бир иш қилиб қўйганини ва бу иш учун ўзини ҳеч кечира олмаётганини айтди. Сўнг бу домланинг Эгамберди Қурбонов билан бирга ишлагани ўйлаб, юрагидаги аламини унга айтишни лозим деб топди ва кеча Қурбонов қизига “уч” қўйганини, у эса ўч олиш ўрнига Қурбоновнинг қизига “беш” қўйиб қўйганини айтиб берди.

Тоштемиров шартта Сожида Саттаровнанинг қўлини ушлаб, маҳкам қисди-ю, “балли сизга, жуда катта савоб иш қилибсиз, раҳмат,” - деди хурсанд бўлиб. Сожида Саттаровна “раҳматни унинг отаси айтсин, нимага сиз айтсиз” - деб бироз ажабланган бўлди.

“У ҳўккиз ўлиб қолса айтмайди, - ҳеч ким эшитмасин деб Сожида Саттаровнага яқинроқ келиб пичирлаб гапирди Тоштемиров, чунки бу қизи ўқишга кирамоқчи бўлганда, бошқа институт қурибдими, мен ишлаётган институтга келма, сен учун бошқалар олдида бошимни эгиб илтимос қилиб юрмайман, - деб роса қаршилик қилган.” “Одам ҳам ўз боласига шундай дейдими?” - ҳайрон бўлди Сожида Саттаровна .

“Шу қиз иккига кирганда тўрт боласи билан хотинини ташлаб кетган одам бундан баттар гапни ҳам айтади, - давом этди Тоштемиров, менга оила керак эмас, илм билан шуғилланаман, деб уйидан чиқиб кетган, қайтиб бормаган. Хотини бечора яхши аёл экан, болаларини бир амаллаб катта қилиб олди. Уларнинг ҳаммаси одобли, ақлли чиқди. Бу қизи отасининг гапига қулоқ солмай, доктор бўлиши шартлигини, унинг ҳеч қандай ёрдамисиз ўқишини ўзи эплашини айтган ва шу институтга ўқишга кирган.

Бир зумда Сожида Саттаровнанинг юрагидаги ғуборидан ҳеч нарса қолмади. Кўз олдига киприклари пиррилаб турган ниҳоятда гўзал, одобли қиз кеди-ю, “онасининг қизи эканда” деб жилмайиб қўйди. Қизининг “уч” олганини ҳам унутган Сожида Саттаровна ўзини енгил сезган ҳолда, қилган ишидан мамнун бўлиб, дадил қадамлар билан уйи томон йўл олди.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

ЮБИЛЕЙ

ЮБИЛЕЙ

Бир даста гул билан Дилбарой уйга келганида болалари, неваралари, ҳаттоки ишдан доим кеч келадиган эри ҳам уйда экан. Дастурхон безатилган, келини Ёрқиной бор санъатини ишга солиб, аччиқ-чучукдан тортиб корейсча-ю французча салатларгача тайёрлаб қўйган. Ошхонада газ плитасининг устида бир томонда манти қасқон қайнаб турибди, иккинчисида қайнатма шўрва. Меҳмонлар келишига ҳали вақт бўлса ҳам ҳамма тайёр, ясаниб олишган. Бугун унинг туғилган куни.

-Ойижон туғилган кунингиз билан яна бир бор тaбриклайман.

-Юзга киринг.

-Ишда яхши ўтирдингизларми?

Дилбарой қўлидаги гулдастани келинига бериб, кийимини алмаштириб чиқиш учун хонасига кириб кетди. Бу кенг хонада ҳеч нарса анча вақтдан бери ўзгармаган. Кроват, унинг устида чиройлик хитой чойшаби, деразадаги пардалар икки томонга суриб қўйилган. Дилбарой хонани доим ёп-ёруғ бўлиб туришини ҳоҳлайди. Шу томонлама улар эри билан бир бирига ўхшашмайди, эри уйни ярим қоронғу бўлиб туришини ёқтиради.

Бурчакда Дилбаройнинг столи турибди, атир-упа, қалам, тароқ шу столнинг тортмасида сақланади. Кроватнинг чапида катта кийим жавони, бир томонида унинг, иккинчи томонида эрининг кийимлари.

Деворда - суратлар. Мана бу суратда у жуда ёш кўринади, бундан йигирма йил олдин олинган. Ўшанда улар бу шаҳарга энди кўчиб келишган эди. Эрини янги ташкилотга бошлиқ қилиб юборишганди. Аслида Дилбарой пойтахт шаҳарда туғилган, ўқиган. Олийгоҳни битириб катта корхонага аввал оддий ходим бўлиб ишга кирди, бир йил ўтгач, уни бўлим бошлиги қилиб сайлашди. Дилбарой ишини шунчалик яхши кўрганидан, чарчаш нима билмасди, бошлиқнинг гапига қараганда, у ишлаганда ором олиб ишларди.

Шанба - якшанба кунларини ёмон кўраман мен, ҳамма уй ишлар шу кунларга қолади, эрталабдан кечгача тинмайман, мен ишда эмас, уйда чарчайман”, - дер эди касбдошларига.

Бир куни ҳазилкаш Нигор агар ишингиздан кетишга тўгри келса нима қиласиз?- деганида,мен хеч қачон кетмайман, фақат учта сабаб билан кетишим мумкин, биринчиси - ўлсам, иккинчиси - корхона ёпилса, лекин тарихда бундай корхона ҳеч қаерда, ҳеч қачон ёпилмаган, учинчиси - шу шаҳардан кўчиб кетсам,”- деган эди.

Кўчиб кетишди. Дилбарой ишдан кетишга мажбур бўлди. Бошлиғи унинг кетаётганини эшитиб анча хафа бўлди, кейин кетишининг сабабини эшитгач, улар кўчаётган шаҳарда ҳам вазирликнинг корхонаси борлигини, бошлиғига Дилбарой тўғрисида айтиб қўйишини, жой бўлса ўша ерда ишласа яхши бўлишини айтди.

Иш бор экан. Бу ерга ҳам бўлим бошлиғи қилиб қобул қилинди. Янги одамлар билан ишлаш дастлаб анча қийин бўлди.

Исми жизмига монанд ёшгина Дилбаройни, бўлим бошлиғи қилиб олинганига кўплар ҳайратланиб қарар, Дилбарой эса ўттизга кирганнинг ёшлиги қолибдими, болаларимнинг каттаси мактабга бораябди деб ҳисобларди, бошқалар эса уни қандайдир каттаконнинг қариндоши деб қабул қилишди. Лекин Дилбаройлар бу шаҳарда ҳеч кимни танишмасди, эрини юборишмаганда, бу ерлар унинг етти ухлаб тушига кирмаган.

Бир байрам олдидан у ўринбосарига пул бериб, ташқаридаги дўкончадан бир пачка откритка олиб келишни буюрди. Кейин кадрлар бўлимидан олган рўйхат бўйича ҳамма бўлим бошлиқларига энг яхши тилаклар билдириб табрикнома йўллади.

Эртаси куни унинг ҳонасига бир қарри чол кириб келди, қўлида у ёзган откритка. Ўзини лаборатория бошлиғи Маннон Акбаров эканлигини айтиб таништирди. Қизим, охирги йигирма йилда ҳамкасбларнинг бировга табрикнома ёзганини эшитмагандим, бу ерда ҳамма бир-биридан қўрқиб, бир-бирини кўролмай ишлашса керак, қандайдир дуо кетиб, меҳр-оқибат қолмаган,- деб жуда ўйланиб юрардим. Кеча сизнинг илиқ сўзларингизни ўқиб, биринчи қаватдан сизни кўргани чиқиб келаябман. Ўзгаларга яхшилик тилайдиганлар ҳам ҳали борлигига кўнглим кўкларга етди, раҳмат, деб кетди. Дилбарой у кишини зинагача кузатиб қайтиб келганида, ўринбосари Маргарита Петровна, бу одам қирқ йил олдин шу корхонанинг бошлиғи бўлиб ишлаганини, оиласи йўқлиги учун нафақага чиқмасдан ҳозиргача ишлаб юришини айтиб берди.

Жонини жабборга бериб ишга киришиб кетган Дилбарой, тездa илғорлар сафига қўшилиб олди. Кaсаба бирлашмасининг кўчма қизил байроғи уларнинг бўлимидан Советлар тузими йўқ бўлгунча бошқа бўлимга кўчмади.

Дилбаройнинг фикрича корхоналарида кексалар ҳурматда, ёшлар иззатдабўлиб иш давом этарди.

Унинг ташаббуси билан эллик, олтмиш, олтмиш бешга кирганлaрнинг юбилейлaри нишонланадиган бўлди Маннон Акбаровнинг етмиш беш йиллиги ҳам шу ерда нишонланди.

Мобода мажлислар залида бирон сабаб билан юбилей ўтказилмай қолса эълонлар тахтaсига корхона бoшлиғи, бўлимлар номидан табрикнома ёзиб қўйиларди. Дилбарой касаба бирлашмасига ёки корхона бoшлиғига кириб юбилярга бир ойлик пул ундириб берарди. Бир одамга умри давомида бир марта пул ажратилса, корхона касодга учрамаслигини Дилбарой пойтахтдаги ишидан жуда яхши биларди. Агар пул беришмаса, бирон совға ташкиллаштирарди.

Кўп нарса бoшлиққа бoғлиқ, албатта. У келгандан бери шу йигирма йил ичида тўққизта бошлиқ алмашди. Улар ҳам ҳар хил бўлади. Бир вақти Собир Номозов деган бошлиқ бўлган эди. Яхши одам, ишни ҳам яхши билади, лекин роса қўрқоқ эди. Бирон янгилик қилишмоқчи бўлса, юқоридагилар нима дейди, бу давлат мулкига ҳиёнат қилиш эмасми, деб турaрди. “Кўп жoйларда компьютер ўтказишаябди, биз ҳам олайлик” деган гапга, “йўқ, вазирлик ўзи берса олaмиз, бўлмаса ўзимиз сўрамаймиз” деб жавоб берган. Бошқа кўп нарсаларга ҳaм сaлбий жавоб қилар эди.

Дилбаройнинг қўлида ишлаб нафақага кетаётган Ноиланинг эллик йиллигига ҳеч бўлмаса oйликнинг ярмигача совға пули ажратинг деб ёзиб борган аризасигa қўл қўймаган. Оxири Дилбарой ўзининг уйидан совға тaйёрлаб, корхона номидан берган. Ноила қанчалик xурсанд бўлиб кетган эди.

Азиза опа, Ўктам ака… бу йиллар ичида нечтa юбилей бўлган. Бадриддин Ҳайриддинов билан Асад аканинг олтмиш йилликлари ҳам яхши ўтганди. Уч йилдан кейин Пайғамбар ёшларини уйда ўтказамиз деб ваъда беришганди. Иккаласи ҳам бу ёшга етишмади. Бадридди акa бир йилдан кейин, озроқ ўтмай, Асад aка ҳам жаннати бўлиб кетишди. Одам эртага нима бўлишини билмайди. Ҳайрият ўшандa ҳам Дилбарой ташаббускор бўлган. Қўшниси, бир вақтлар биргa ишлаган Лаъли опа ҳалигачa эллик йиллигини эслаб, Дилбаройга раҳмат айтиб юрaди.

Қизиқ бошқалар ҳаётмикан? Тайёр маҳсулотлaр бўлимидаги Муҳторов, уларнинг қаватида ишлаган Ҳамидовалар-чи?

Ҳозирги бошлиқнинг ишлаганига уч йилдан ошди. Ҳамма жойга бурнини тиқиб юрадиган ҳабарчи Аҳмад-сичқоннинг гапига қараганда, бошлиқни етти пуштигача суриштирибди, унинг боболари қозоқларда чорикор бўлиб ишлашган экан. Умуман бошлиқнинг авлодлари камбағаллардан чиққан. Профессор қайнатаси ёрдамида у ишга жойлашиб кўтарилган экан. Дилбарой бундақаларда сал чўчиб туради, ҳaр қалай кўзи тўймаган бўлиши мумкин; лекин бошлиқ Дилбаройни жуда ҳурмат қилади. Дилбаройнинг томоғига бир нарса тиқилиб қолгандек бўлди, кўзидан ёш чиқиб кетди. Ҳурмати бошидан қолсин.

Бугун ишда у куни билан эшикни пойлаб ўтирди. қ этса, туриб эшикни очиб кўради, лекин ҳеч ким, ҳаттоки ўзининг бўлимидагилар ҳaм унинг элликка киришини эсига ҳам келтирмади. Эрталаб пишириб келган ош, сомсалар совиб қолмасдан келишса яхши бўларди. Бугун ҳар кунгидан иш кўпроқ, балки сал иш камайганда келишар.

Тушлик пайти ходимлардан иккитаси биз ошхонага кетаябмиз деб айтиб кетди. Ўзлари билан овқат олиб келганлaр эса кунингидек кийим алмаштирадиган хонага ўтиб кетишди. Дилбарой ҳам борманглар, мен овқат олиб келганман, демади. Xўрлиги келиб кетди. Ғурури йўл қўймади.

Иш вақти тугагунча хонасида ҳужжатлар билан шуғилланган бўлиб чиқмай ўтирди. Ҳамма кетиб бўлгач, олиб келган овқатларни музлатгичга жойлаб, ташқарига чиқди. Дилбaрой ишдан биринчи марта чарчаб чиқиши. Оёқларига тош боғлаб қўйилгадек зўрға судраларди, секин қадaмлар билан чиқиб, орқасига ўгрилиб эшигага бир қараб қўйди, қоравулга калитни топшириб, кўчага чиқди.

У уйи томонга эмас, автобус бекати томон юрди,бозорга боради.

Кўз олдига раҳматли Маннон Акрамов келди. Балки у кишининг гаплари ростдир, ҳақиқатдан бу ерга дуо кетгандир. Ахир шунчa ишлаб олгaн раҳмати шу бўлдими.

Дилбарой бозордан катта чиройлик гулдаста сотиб олди-да, уйига қараб равона бўлди…

У кийимларини алмаштириб залга чиқишдан aввал деразага қаради, кўзига ҳар доим чўғдек бўлиб кўриниб турaдиган корхонаси, ҳозир унга бегона эди.Эрага кўчамиз, ўғлимга деб олган уйга кўчамиз, - қарор қилди, эрининг катта уйга кўчайлик дейдиган гапига ҳамиша йўқ”, деб жавоб берадиган, Дилбарой.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL