Wednesday, October 17, 2007

БИЛМАСВОЙНИНГ ОЛИМЛАРГА ХАТИ

БИЛМАСВОЙНИНГ ОЛИМЛАРГА ХАТИ

Ҳурматли олимлар, мен сизларга жуда ҳайронман.Нима учун дейсизми,чунки бирон бошка олим бир нима деса, кўр-кўрона маъкуллайверасиз.Бир вақтлар кимдиродамлар маймундан келиб чиққандеб,одамзодни қариийиб бир аср, авлодларимиз маймунлар, дейишга мажбур этган экан. Яқинда бир эски гапни ўқиб қолдим. Ингиз олимлари одам ДНКси чўчқа ДНКсига ўхшайди, дейишибди. Дунёнинг ҳамма олимлари бу фикрни қўллашибди, жумладан, албатта, сизлар ҳам. Олимларни бир - бирини маъқуллаши яхши нарса,лекин бу ерда бир нарса борки, уни олим бўлмаганлар ҳам яхши билади. Докторлар, масалан, кимнинг организмига нима етишмаса, таркибида ўша модда кўп бўлган нарсани тавсия қилади. Бунинг ҳеч қандай сири йуқ..Бизга олма таркибидаги модда етишмаса, олмадан кўпроқ еймиз, натижада ундаги моддалар бизнинг организмимизга ўтади. Одам ота, момо Ҳаво давридан бери чўчқа еганларга чўчқанинг организмидаги нарсалар ўтади-да, уларнинг ДНКси қандай қилиб филга ёки бошқа ҳайвонга ўхшасин. Нима эксанг, шуни ўрасан, деганларидек, нима есанг, ўшанга ўхшайсан.Худони қудратини қаранг, чўчқа еган инглиз, рус, украинларнинг организми у ёқда турсин, ташқи кўриниши ҳам еган нарсасига ўхшаб кетган: оппоққина,силлиққина,пўрсиққина,бурни билан лабини айтмайсизми, нусха!!

Айримлар парранда гўщтини яхши кўради. Ё, товба, дейман, ёқамни ушлаб, ғоз юришини қаранг , калласининг кичиклигини кўриб, товуқнинг ўзи дейсиз . Бурун товуқнинг тумшуғига ўхшаб, қайрилиб, оғзига кириб кетай дейди.Қилиқлари-чи, дон қидирган товуқдек тимискаланиб, ҳамма жойга тумшуғини тиқиб кириб кетади. Уларнинг ДНКси қаердан чўчқага ўхшасин, албатта парранданикига ўхшайдида.

Айтгандек, сув бўйида яшайдиганлар балиқ, тошбақа ейдиган бўлади. Бу халқни, кўзчаларини тошбақага ўхшатиб, лўқ қилиб туришидан дарров ажратса бўлади. Ақли тошиб кетган бўлса ҳам, тиржайиб, ҳеч нарса билмагандек, ейдиган балиғига ўхшаб, жим тураверади.

Қозоқ биродорларимизни айтсам, юриш - туриши, важоҳати бўрдоқига боқилган молдек, кучлилигичи, бекорга қозоқни кўрган немис солдати мағбулиятдан кейин “кўзлари қисиқ, қўлига тушиб қолсанг, бўйнингни қайириб, суғуриб оладиганларни хеч ким ютолмайди-да”, демаган. Қозоқларни текшириб кўриб, ким уларни чўчқага ўхшар экан дея олади?

Ингизлар тажрибани ўзларида ўтказишган ва тўғри хулосага келишган.Бизникилар эса тажрибани бу ерда, ўз халқи устида ўтказиши керак эди. Бу гапларим билан сиздек олимларга ақл ўргатмоқчи эмасман.Билмасвойман, ўзимнинг қўлимдан деярли ҳеч нарса келмайди, лекин жуда кўп нарсага қизиқаман. Озроқ камчилигим ҳам бор, ўзим ҳам буни биламан: ўйлаганимни шартта айтаман. Натижада кўплар мендан хафа бўлиб қолади.Мана шу мақолачани ўқиганлар ҳам мени ёмон бола экан, деб ўйлайди; ўзи мен миллатчи ҳам эмасман, бошқаларга ғаразим ҳам йўқ. Яхшилик қилмоқчи бўлиб, кўпинча ёмонлик қилиб қўяман. Институт кўрмаганман-да. Мана, учинчи йили ҳам ўқишга киролмадим.Бу сафар ҳам фамилиям “контрактли”лар рўйхатида биринчи бўлиб чиқди. Контракт тўлашга пулимиз йўқ. шунинг учун бормадим. Бу билан ҳаётдан нолимоқчи эмасман.Худога шукур, куним ўтиб турибди.Иш ҳам топилган: мактабда ўқиган синфдошимнинг акаси Америкада элчихонада ишларди.Қандайдир тадбиркор орқали ўзимизда “интернет-кафе” очган, бошлиқ қилиб учинчи курсда ўқийдиган укасини, яъни менинг синфдошимни қўйибди. У компьютерни “к” ҳарфини ҳам билмайди.Институтда нимани ўргатишади, тушинмайман, яна юқори малкали доришунос бўлар эмиш.”Сен қараб, текшириб, тузатиб турасан”, деб, мени ишга олди.Мазза қилаябман, гоҳида “институт менга керакмикан”,- деб ўйланиб қоламан,- интернетда ўнта институтнинг билимини ўрганаман.Чўчқа тўғрисида ҳам шу ерда ўқдим.Афсуски тажриба ўтказишга имкониятим йўқ. Шунинг учун сиз олимларга хат ёзаябман. Ахир, биз чўчқа емасак, қаердан чўчқага ўхшаймиз? Халқимиз асрлар давомида қўй гўшти еб келган. Бизда қўйдаги моддалар бўлмай. нима бўлиши керак? Мижозимиз ҳам ўхшайди, қўй мижозмиз. Бекорга руслар бизни Обид ака айтгандек “баран” дейишмайди.

Ҳа, айтмоқчи, ҳурматли олимлар, тажриба ўтказаётганда эҳтиёт бўлинглар,ҳозиргиларнинг организмлари қўйникига ўхшамаса, қўрқиб қолманглар,чунки биз қўй гўшти оммавий равишда истеъмолдан чиққан вақти туғилганмиз,яъни бир шоир айтганидек

Мен бир қаро кунда туғилдим,

Туғилим-у, шу он буғилдим .

У шоир ўша он буғилган, биз эса икки-учга кирганда буғилганмиз, Қўй гўшти емаймиз. Бир марта қўй гўшти есак,бир ой нон ея олмай қоламиз, юқорида айтганимдек, буғиб қўйилганмиз. Шунинг учун текин, лекин соғлиқ учун фойдали бўлган махлуқнинг гўштини еб турамиз.Бу гўштнинг сал номи совуқроғ-у, ўзи иссиқ. Э,э,тўғри топдингиз: ростдан ҳам, бу ит гўшти. Ҳозиргиларнинг ДНКси итникига ўхшаб, феъли ҳам ит феъл бўлиши керак. Ит феъл?! Бунча совуқ сўз! Ўзим ёзаётган бўлсам ҳам, бу фикрга қўшилмайман.”Ит феъл” деб ёмон, “о- в ” деса, “во-в ”, деб ташланадиган; ушлаган жойини тишлайдиганларга айтилади.Биз эса унақа эмасмиз. Тўғри, ит феъллар ҳам йўқ эмас, бор, улар камчиликни ташкил этади. Ит ҳам ҳозир анқонинг уруғи бўлиб кетгани учун, кўпларга икки ойда бир ейиш ҳам насиб этмайди. Шунинг учун ҳам бизда ит феъллар кам. Бизга итнинг фақaт битта ҳиcлати, битта бўлса хам бирагайина ҳиcлати ўтиб қолгaн: биз итдек ВАФОДОРМИЗ, фақат эгамизга.

Олим опалар ва акалар! Биламан ҳозир қиладиган ишларингиз йўқ. Менинг мулоҳазаларимни бир тажрибада текшириб кўринг. Яна шуни ҳам айтиб қўяй, сичқон, каламуш ва бошқа нарсаларнинг ДНКсига ҳам ўхшаб қолсак, ажабланманг. Уларни ҳам еб турадигалар бор…

Гапларим рост бўлса керак деб ўйлайман,ёлғон бўлса,билмасвойлигимни юз фойизгa тaн олиб, бундан кейин жимгина ўтираман. Ҳамма гап сизда қолган.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

Saturday, June 2, 2007

БИЛМАСВОЙНИНГ “УЧ ҚАҲРАМОН”И

БИЛМАСВОЙНИНГ “УЧ ҚАҲРАМОН”И

Мактабни тамомлаганимга икки йил бўлаябди. Ҳалигача ҳаётда ўрнимни тополмайман. Нима иш қилсам ўзимга ёқмайди.

Кичкиналигимда ҳозиргимнинг акси бўлиб жуда пишиқча, билимдон бўлиб жуда тўқувчи эканман. Боғчада ўртоқларимга ўзим ўйлаб топиб “ужаслар” айтиб берсам, бунча янги видеоларни қаерда кўрасан, деб қизиқиб сўрашарди. Боғча опам мени тўқишимни билса ҳам уришмасдилар, болалар бақириб тўполон қилиб югуравергунча жимгина Искадарнинг эртакларини эшитиб ўтиргани яхши дер эди.

Мудирамиз Мунира опа Санақулова бувим билан бирга ўқиганлар. Ёшликда иккаласи ҳам ёзувчи бўламиз деб, ҳиколарини редакция қолмай, Ёзувчилар ташкилоти қолмай олиб бориб, ҳаммадан дастхат олишган. Мунира опанинг ўқимаган нарсаси йўқ. Бир куни Петя билан Дилшод машинага талашиб қолганда “Яқинда мактабга кетсаларинг, бир-бирингни соғиниб тополмай юрасанлар,” - деб Зафар Диёр деган шоирнинг…

Федя билан Феруз икков бир ватаннинг боласи,

Бир гулзорда ўниб - ўсган қизил гулнинг лоласи.

Мана икков хайрлашар, поезд жўнар шарқ томон

Федя дейди: ҳайр Феруз, хайр дўстим жонажон .

Унутмайди бир бирини хат ёзишар икки дўст,

Икки ўртоқ, икки тенгқўр, бири ўзбек, бири рус.

…шеърини айтиб берганди. Бошқа нарсаларга ҳам ҳар доим биронта шеър айтиб берарди. “Украина еллари сарин еллар,нега қаҳ-қаҳ уриб кулмайсиз” - деган, “Болалик кунларимда уйқусиз тунларимда кўп эртак эшитардим...” “Дераза олдида уч қиз узоқ тунда уйқусиз...” кабиларни ҳаммасини ёддан биларди. Мунира опа ёшлигида Қримда “Артек” деган лагерда ҳам бўлган. Уни ҳам бизга қиззиқ қилиб айтиб берардилар.

Ўзи бор билган нарсамни Мунира опадан эшитганман. Марк Твен, Жюл Верн, Даниел Дефонинг “Робинзон Крузо”сини, Гулливернинг саёҳатини – ҳаммасини эринмай айтиб берардилар. Мен эса қўшиб-чатиб уларни бошқаларга айтардим.

Ҳамма менга “фантаст ёзувчи” бўласан дер эди. Ўзим ҳам бу гапга ишонар эдим. Лекин мактабга бориб, каттароқ синфда адабиёт ўта бошлаганимдан кейин бу ниятимдан қайтдим. Туртса тебранмас, бир жумлани айтгунча ўн марта тўхталиб, чўзилиб гапирадиган адабиёт ўқитувчимиздан ҳеч нарса сўраб бўлмас эди. “Савол...сў-ў рашга санга ҳеч ким рух-саат бергаани йў-ўқ, ўтир...жойнг-а-а,” - деб ҳаммани “ўтқазиб қўярди,” айтганини қилмаган болага канадай ёпишиб олиб, бошқа мактабга, айниқса ақли камлар ўқийдиган мактабга жўнатмагунча тинчимас эди. Агар боланинг ота-онаси кучлироқ чиқиб қолса, ҳеч бўлмаса бошқа синфга кўчиртириб юборарди.

Иншо деган нарсани эшитмаганман. Дадамнинг гапига қараганда авваллари қайси ўқишга кирмоқчи бўлсангиз, иншо ёзишингиз керак экан. Иншо билимни ошириш билан бир қаторда, ўқувчиларни мустақил фикрлашга, фикрларини равон ва бехато ифодалашга ёрдам берар экан. Менинг ичимда жуда гап кўп, ёзай десам қоғозга туширолмайман. Агар ёзолганимда, мендан зур бўлмаса хам, ўртачароқ ёзувчи чиққан бўлар эди. Гапиришга эринган ўқитувчи, иншо текширишни яхши кўрадими? Шунинг учун биз ёзишни билмай қолганмиз.

Балки ҳали ҳам кеч эмасдир... Ёзишни иншодан бошламоқчиман.

Иншолар икки хил бўлар экан. Биринчиси, ёзувчининг ҳаёти ва ижодига бағишлаб ёзиларкан. Иккинчиси эркин мавзуда бўлиб, ҳоҳлаган нарсангизни ёзавераркансиз. Биринчи типдаги иншоларни ёзолмаслигимни юз фойиз биламан, бирон ёзувчининг ҳаётини билсам, асарларидан хабарим йўқ; асарларини билсам, ўзи ҳақида ҳеч нарса билмайман.

Бобом Чингиз Айтматов дейсизми, Марков, Леонов, Лимонов, Тоғай Мурот, Одил Ёқубов - умуман ҳаммасини ўқиган. Мен эса фақат мактаб китобидагиларни ўқиганман. Яқинда кириллча ёзишни ўрганиб олдим, аста-секин ўқишни ҳам ўрганаман. Шунга қараганда ўзим сал ақлли бўлсам керак деб ўйлайман, лекин барибир билмасвойман, буни бўйнимга оламан. Иншони ҳам кириллча ёзаябман, хатоси бўлса, тўғрилаб ўқирсиз. Демак, иншони эркин мавзуда ёзмоқчиман, уни мен “Уч қаҳрамон” дeб атадим.

Мана режаси:

ИНШО МАВЗУСИ: УЧ ҚАҲРАМОН

КИРИШ

1 Иншонинг мақсади;

2 Нима учун “Уч қаҳрамон” мавзуси танлангaнлиги ҳақида.

АСОСИЙ ҚИСМ

1 Қаҳрамонлар ҳақида;

2 “Уч қаҳрамoн”лар ва бошқалар;

3 “Уч қаҳрамон”нинг жамияда тутган ўрни ва роли.

ҲУЛОСА

“Уч қаҳрамон”ларнинг тарбиявий аҳамияти.

“Уч қаҳрамон” мавзусини танлаб, ҳозирги замоннинг хакикий қаҳрамонлари кимлар эканлигини оммага кўрсатиб бермоқчиман. Қабул қилиш ёки қилмаслик хар кимнинг ўзига хавола. Иккинчидан, улар ҳақида ўз фикимни қоғозда акс эттириб, ёзишни қанчалик эплаганимни кўрмоқчиман.

Асосий мақсадим, ёзишни ўрганиш, келажакда ҳикоя ва романлар ярата оладиган ёзувчи бўлишга эришишдир.

“Мен севган шоир”, “Мен севган асар” мавзусини танламаганим, ҳозирча севган шоирим йўқ, севган асарим ҳам йўқ. Иккинчидан, менинг учта қаҳрамоним бор.Ушалар ҳақида ёзмоқчиман.

Адабиётдаги қаҳрамонлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафуддинов ва Сaид Аҳмадлардир, лекин булар менинг қаҳрамонларим эмас.

Абдулла Ориповнинг шеърлари ёқса ҳам, мадҳияни ҳам шу шоир ёзгани учун, ёқтирмайман. Шунча зўр шеърлар ёза олган шоир бунчалик бетутуриқ нарса ёзганига тушинмайман. Боғчадан то мактабни битиргунча мадҳияни ҳар йили ёдлаттиришди. Баҳо олиш учун бир амаллаб ёдлаган бўламан, эртасига яна эсимдан чиқиб кетади. Битта мен шундай бўлсам керак десам, синфимизнинг аълочилари ҳам ҳеч эслаб қололмасди. Ҳозир ҳамма билан гаров ўйнашим мумкин, биронта одам шеърни охиригача ёддан билмайди.

Абдулла Орипов сарой шоири бўлиб қолган. Шунинг учун у тўғрисида ёзгим келмайди.

Эркин Воҳидовнинг лирик шеърлари ёқарди. Рус шоири Сергей Есениннинг шеърларини таржимасига гап йўқ. Бир куни ўртоғим Володяга Эркин Воҳидовинг шеърларини таржима қилиб айтиб берсам, маъноси зўр экан-у, айтиб берганларинг кўпроқ ҳикояга ўхшаб қолди, дейди. “Буларни русчага таржима қилиш учун мен эмас, Есениндай шоир руcларда яна қайта туғилиш кeрак. Ўшанда бу шеърлар русчада ҳам ўзбекчадагидек зўр жаранглайди,” - дедим.

Эркин Воҳидовнинг қаҳрамонлигини тан олсам ҳам унинг ҳoзирги тутган ўрни менга ёқмай қолди. Юcуф Жумаевнинг у тўғрисида ёзган нарсасини ўқиб, Э. Воҳидовдан қўлни ювиб, қўлтиғимга тиқдим.

Чолдан энди нимани ҳам кутиш мумкин.

Озод Шарафуддиновни жуда яхши билар эдим, бир маҳаллада турадик, елкаси букилиб, ияги ерга тегай деб турса ҳам, бурни осмонда эди. Ўлганлар тўғрисида ёмон нарса айтиш мумкин эмас, дейишади. Мен эса яхши нарсасини топа олмадим.

Саид Аҳмад ҳақида нима ёзишни билмайман. Ойимдан сўрасам, ҳaжвиялар ёзган эмиш. Кейин бир эски журнал топиб берди. Саида Зуннунова тўғрисида ёзган эсдаликлари экан, унинг йўқолган узугини сув омборида қидиришгани тўғрисида бир нарса, ҳажвия-ми, ростми тушинмадим, кириллча бўлгани учун қолганини ўқигим келмади, зерикиб кетдим.

Эркин мавзуда ёзаётганим учун, ўзим танлаган қаҳрамонлар ҳақида баён қилмоқчиман. Юқорида айтганимдек билимим паст, лекин ўз фикрим, ўз дунё қарашим бор. Кексалар айтанидек, менинг ҳам ўзим сиғинадиган мозор, харид қиладиган бозорларим бор. Ҳар нарсага сиғинавермайман, ҳар хил бозорга боравермайман.

Қаҳрамонларимнинг сони учта, шунинг учун иншомни “Уч қаҳрамон” деб атадим.

Уларни тенгдошларимнинг кўпи билмайди, чунки улар тўғрисида ёзиш у ёқда турсин, ҳеч ким гапиромайди. Мен улар ҳақида асосан интернетдан билиб олганман.

Энди “Асосий қисм”га ўтаман. Менинг қаҳрамонларимнинг биринчиси Дадахон Ҳасанов бўлади. У киши ҳақида жуда кўп яхши нарсалар эшитганман, ўқиганман.

Одамлардан эшитганимга келсак, бувимнинг гапига қараганда Илҳом Фармонов айтадган “Лайло” қўшиғини бундан қирқ йиллар олдин Дадахон Ҳасанов куйлаган экан, бу қўшиқни ҳамма ёддан билиб, Дадахон Ҳасановдек айтгиси келиб юрар экан. бувимга ҳам қўшиқ жуда ёққанидан ойимнинг отини Лайло қўйган эканлар. Ойим мана ўттиз саккизга кирдилар.

Бувимнинг ўртоғи Шапоат опанинг гапига қарагaнда “Ҳамма келди жангдан отам келмади,унинг на бўлганин ҳеч ким билмади, жавоб беринг дўстлар, нега келмади?” - деган ашулани ҳам айтиб, тўполон кўтарган ҳам Дадахон Ҳасанов экан.

Ҳозирги “дом”имизда эри-хотин журналистлар туради. Хотини эрини “курсдош” деб чақиради. Улар Дадахон Ҳасанов билан бир вақти ўқишган экан, роса зўр талаба эди, биз ҳаммамиз унга ҳавас қилар эдик, дейди. Дадахон Ҳасановнинг ҳамма курсдошлари катта лавозимларда ишлаган экан, бир курсдоши министр бўлган экан. Хотини ҳамма ноёб нарсаларни Америкага олиб бориб пуллаб келар экан, ноёб нарса қолмагач, ишдан кетибди. Яна бир курсдоши журналистикани битирса ҳам, битта ҳам мақола ёзолмас экан, лекин журналистларга уни ёзиш керак, буни ёзиш керак деб ҳозиргача раҳбарлик қилиб юрар эмиш.

Дадахон Ҳасанов эса ҳалигача “жавоб берниг” деб ҳаммани сўроққа тутади, ҳеч нарсадан қўрқмайди. Қўшиқларида фақат бор нарсани айтади. Ёлғонни ёмон кўради. Икиюзламачи, лаганбардорларни ёмон кўради. Қамоқдан ҳам қўрқмайди.Ёлғон айтган бўлсам, майли қамасинлар, дейди. Ҳозирги замон учун бундай бўлиш ҳақиқий қаҳрамонлик.

Мен у кишини соф, тозза қалбли инсон эканлиги ҳақида ҳам кўп эшитганман. Қўшнимиз бир вақтлари Муҳаббат опа деган аёл билан “Ботаника” санаторийсида дам олганини айтиб берган. Муҳаббат опа каттаконнинг жияни бўлиб, бир ёзувчининг хотини экан. Санаторийнинг бош врачи ва унинг ёрдамчиси (уйғур аёли) уларни якшанба куни лағмонга чақирибди. Муҳаббат опа ҳам улардан қарз бўлиб қолмаслик учун, эндиги сафар мен меҳмон қиламан, ресторанга борамиз, деб уларни таклиф қилган. (Дадахон Ҳасанов ҳисобига. Муҳаббат опа ўзи ҳаражат қилмай, кўпинча бошқалар ҳисобига ишини битириб олар экан) Дадахон ака каттаконнинг жиянига йўқ дея олмай, саккиз кишилик жой заказ қилибди, пулини ҳаммасини тўлабди, лекин ўзи келмаслигини менинг қўшнимга (Муҳаббат опанинг дугонасига) айтибди “Муҳаббатхон бу ўтиришни эрига айтмабди, мен номардлик қилшни ҳоҳламайман, эри келганда, мен ҳам келар эдим,” – дебди у.

Мен тўрт ёшимда Жиззаҳга тўйга борганмиз. Тўйга Дадахон Ҳасанов ҳам келган экан. Ўшанда мен тирик артистни биринчи марта кўрганман. Дадахон Ҳасанов тушган ҳамма пулини тўйнинг эгасига берган. Тўй қилган қариндошимиз ўша пулдан менга бир долларини берган. Дадахон Ҳасановнинг ўзи ҳам, қўшиғи ҳам эсимда қолмаган, бир доллар эса ҳалигача эсимда.

Энди эса интернетдан жуда кўп нарса билиб олдим. Тўғри, интернет анча қиммат, лекин қаҳрамонларим учун ҳеч нарсани қизғанмайман. “Бирлик” ҳаракати Дадахон аканинг туғилган кунида, уларникида тузилган экан. Мен бу ҳаракатнинг қилган ишини ҳам, Муҳаммат Солих деган билан Абрураҳим Пўлатовнинг жанжалини ҳам тушинмайман. Фақат агар “Бирлик” яхши бўлса, Дадахон Ҳасановдан чиққан фикр деб ўйлайман. Яхши нарсаларни, буюк нарсаларни фақат қаҳрамонлар ярата олади. Дадахон Ҳасанов эса ҳаққиқий қаҳрамон!

Иккинчи қаҳрамоним Мамадали Маҳмудов бўлади. У ёзувчининг “Боғдон қашқири”деган асарини дадам айтиб берганлар. Дадамнинг гапига қараганда биз ҳам боғдонлик, яъни форишлик эканмиз. Тарихимизни Мамадали Маҳмудов жуда яхши билар экан. Бир куни дадамдан Мамадали Маҳмудов қаерда туради десам, икки қўлидаги бармоқларини устма уст қўйиб панжара қилиб кўрсатди. Демак, у қамоқда эканда, интернетдан уни қидириб топдим. Бегуноҳ ўн тўрт йилга қаманлганини ўқидим. Мамадали Маҳмадовга Чўлпон мукофати берилган экан. Ўша вақтлари оз бўлса ҳам ҳақиқат бор эканлигини билдим. Кўпроқ бўлганда “Қаҳрамон”лик берилиши керак эди. У Хеллман - Ҳаммет номли халқаро мукофат лауриати ҳам экан. Бу мукофат сиёсий айблар билан қийноққа солинган бегуноҳ ёзувчиларга Нью-Йоркда берилар экан, буни мен “Ўзбекистон қаҳрамони”дан ҳам юқори мукофат деб ҳисоблайман.

Мамадали Маҳмудовнинг президентга ёзган хатини ўқиб (мен 2007 йилда ўқидим) йигит ҳолим билан ўқириб-ўкириб йиғладим. Ҳамма ёмонликларнинг бошида сиз тураркансиз, деб очиқчасига ёзолганидан, ҳақиқий қаҳрамон экан, деб йиғладим. Шунча қийинчиликлардан кейин ҳам иродаси букилмаганига, қийин шароитларда янги асар ёза олганини ўқиб, қувончимдан яна йиғладим.

Ҳамма билсин, Мамадали Маҳмудов Сталин ёки чор Россияси даврида эмас, ХХ1 асрда шундай азобларга қолиб юрибди. Уни қаҳрамон эмас деб ким айта олади?

Учинчи қаҳрамоним, Юсуф Жума бўлади. Мен у кишининг ҳамма шеърларни, жумладан эски журналлардагисини ҳам ўқиганман. У одам юқоридаги қаҳрамонларимни олқишловчи, қўллаб қувватловчи қаҳрамондир.

Мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Юсуф Жума ҳақда шундай дейди:

“Юсуф аканинг шеърлари одамда ўзининг инсоний ғурурини уйғотиб юборади. Айниқса, диктатурани қоралаб ёзилган, диктатурага мойил бўлиб, жим юрган xалқни қоралаб ёзилган шеърлари жуда инсонга қаттиқ, кучли таассурот қолдиради-ки, уйғонишга мажбур бўлади одам. Онгида бир уйғониш содир бўлади. Кўпчилик одамларда бир нотўғри тушунча бор-ки, мана шу диктатурани, пораxўрликни, бутун жамиятда бўлаётган иллатларни Юсуф Жума танқид қилади-да, шу билан бирга ўз xалқини ҳам жуда ерга уради, дейди. Молдай, эшакдай яшайверасанми, деб ҳеч қачон ўзи ёмон кўрганидан айтмайди, яxши кўриб куйинганидан айтади. Бизнинг xалққа қаерда таъна тоши отилган бўлса, бунга ўзимизнинг xалқ сабабчи ва бунга куйинганидан Юсуф Жума ёзади” Юсуф Жума йигирма етти миллион халқнинг иложсиз утирганига ёниб кетай дейди.

Мана буни укиб куринг:

“ЮСУФ ЖУМА׃ Сизларни оналаринггиз осмонда туққанми?!

АҚШ ҳукумати департаменти ўз ҳисоботларида аллақачон бир хулосага келган. «Ўзбекистон халқи диктатурани ўзгартиришга ожиз».
-Йўқ, дейди бизникилар, - Биз халқ ўлароқ тузумни ўзгартирамиз.
Қанақа халқ ҳақида лоф ураяпди булар, ўйлайман мен, нима бало ҳаммани онаси ерда туғса «бизники»ларни оналари осмонда туққанми?!
27 миллион бўлиб ёмон кўришади Каримовни халқ фақат ичида!
27 миллион бўлиб мақташади жаллодни баралла!
27 миллион бўлиб овоз беришади диктаторни қайта сайлашга, ошкора!
Шу халқ билан тузум ўзгартирадими?! 20 йилдан бунён 25-26-27 миллион бўлиб Каримовга ибодат қилишяптику!
АҚШ базалари Марказий Осиёга керакми, — сўрайди мухбир
Йўқ,– жавоб беради бизникилар, халқнинг улуғлари – йўқолсин базалар!
Майли барча базалар олиб чиқилди ҳам дейлик, уйимизнинг бир девори ёнида Россия чегараси, базалари, бошқа тамонида Хитой чегараси базалари. Қаёққа қочасан, бирлашсак ҳам яқин ўн йилликларда уларга бас кела олмаймиз. Улар Америка эмас кет десанг кетмайди. Кетганда ҳам остонанг чегарасида базалари бор. Аввало бирлаша олмаймиз, бирлашганда ҳам Хитой ва Россия ҳавфини бартараф этолмаймиз. Нега бирлашган Европа АҚШнинг Ракета ҳаво системасини исташяпти? Нега?!
Тағин қудратли бирлашган Европа!
АҚШга суянмасак Бизда на демократия на мустақиллик бўлади. Бизга АҚШ базалари шу боисдан керак. Айтганимдек қудратли Европа АҚШ ҳимоясига зор! Европаликлар ерда туғилган, бизникиларни кам қонли оналари осмонда туққан.”

Ҳеч бир узбек, халқининг дарди учун Юсуф акадек ёнмаган. У киши ўзбек эмасдир,ахир ўзбекларимиз йиртиқ кийимда юриб,қорни ноғора чалиб, тиришиб кетган бўлса ҳам, мен бекман ,ўзбекман, ўзимга бекман деб юраверади-ку, унинг устига менга ўхшаб жуда қўрқоқ бўлади, бир нарса қилишда юз ўйланади Юсуф Жума атганидек, ўйлайдиган халқ бўлади.

“Ўзбек ўйлайдиган xалқ,
Нега қўл берган xудо?
Паxта эксин, деган-да,
Бола ҳам билар ҳатто.

Пойларни нега берган?
Ўйлайди жуда узоқ.
Йиртиқ ковушлар учун
Яратилгандир оёқ.

Кўзни берган, паxтанинг
Жўягини кўрсин, деб.
Қулоқ берган, подшонинг
Буйруғида юрсин, деб.

Оғиз берган, мабодо
Ёвғон топса, есин деб.
Забон берган, бир умр
Xўп бўлади, десин деб”.

Юсуф Жуманинг бу ёзганларини ким нотўғри дея олади? Мен ҳам ўзбекман, ҳар нарсадан ўзоқроқ юрай, бирон балога учраб қолмай, деб чўчиб тураман, ўзимни четга оламан. Юсуф Жума ўзбеклар лоқайдлиги учун нималарга ўхшатмайди. Тўғри қилади. Фақат қаҳрамонларгина шундай шеърлар ёза олади. Мен, масалан ҳеч қачон ундай ёзолмайман, агар ёзишни билганимда ҳам ёзмайман, қўрқаман. Очилмайин сўлишдан қўрқаман. Бизга бу касаллик йўргакдан теккадир, балки туғилмасимиздан она қорнида теккандир, ёки Юсуф Жума айтгандек “оналаримиз бизни осмонда туққандир”. Нима бўлганда ҳам Юсуф Жумада қўрқоқлик касали йўқ, онаси ўни ерда туққанлиги аниқ. Шунинг учун мен уни ҳеч иккиланмай қаҳрамон дея оламан.

Энди Асосий қисмнинг “Уч қаҳрамон ва бошқалар” деган бўлимига ўтаман. Бу ҳақида юқорида айтиб ўтганман. Ўйлаб-ўйлаб бу вазифани ўзларингизга қолдишга қарор қилдим.

Мен мукофат бергич бўлганимда ҳозирча шу учаласига қаҳрамонлик берган бўлар эдим. Бу деганим, бошқа қаҳрамон йўқ, деганим эмас, сиз ўқишга зерикмасангиз, ҳали улар ҳақида ҳам ёзаман, қўлим ҳам энди ёзишга анча ўрганиб қолди.

Қаҳрамонларимнинг бири қамоқда, бири сўроқда, бири сургунда юрган бўлса ҳам уларнинг жамиятда тутган ўрни жуда катта. Бу учаласини юртини титратган уч киши деса бўлади. Уларни номини эшитган ҳамма титрайди. Бошлиқларнинг тепа сочидан тортиб товонининг тагича қалтирайди. Буларга ўхшаганлар кўпайиб кетса, кунимиз битади, деб қўрқишади.

Бошқалар эса, уларнинг куни менинг бошимга тушиб қолмасин, деб титрайди.

Қаҳрамонларим жамиятда эркин, бемалол, давраларда чақ-чақлашиб юролмайди, улар ҳар бир инсоннинг, ҳар бир зиёлининг, яхши ва ёмон кунларида, ҳаёлида бирга. Бир-бирига қувват бериб яшашади.

Иншомнинг хулосасида шуни айтмоқчиманки, менинг уч қаҳрамонимнинг ҳаёти ва ижоди ёшларда ватанга, халққа муҳаббат, дўстга - дўст, душманга бешафқат бўлиш каби ҳиcларни уйғатади, oқни-оқ, қорани - қора эканлигини ажрата олдиган қилиб тарбиялайди.

Оққа кўчирувчи:

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

Thursday, April 19, 2007

ЙЎҚОЛГАН ХЎРОЗ - Яхшилар бор экан дунёда (қўшиқдан)

ЙЎҚОЛГАН ХЎРОЗ

Яхшилар бор экан дунёда (қўшиқдан).

Барчиной ёнғоқ, майиз,олтита патирни қоғозга ўраб, бир тугун қилди-да, тўр сеткага солди. Кийимларни эса ўғлининг баскетболга олиб юрадиган сумкасига жойлади.

Эрталаб Барчиной эри билан ғижжиллашиб қолган.

-Гаплашинг эди,одамлар олиб қолаябди-ку,албатта бизники кетиш керакми, молларни сотинг эди, - алам билан бақирди у, қўйнинг оғзидан чўп олмаган эрига.

-Гаплашдим, учта ўғилларинг бор экан, битта бўлганда бир иложини қилиш мумкин эди, деди. Унинг устига, Фахриддинингга ўхшаган баққуват,соғлам болага касал деб справка тўғрилаш қийин экан. Ҳеч бўлмаса унинг районнинг биринчи баскетболчиси бўлмаганда эди, ҳеч ким уни билмас эди. Ўшанда қолдиришнинг иложи бўлиши мумкин экан. Мен қолдира олмадим, қўлингдан келсa ўзинг олиб қол эди ,- ота ҳам бўш келмади бу сафар.

Барчинойнинг ҳамма боласи туғилганидан бўлиқ бўларди. Худо унга учта ўғил, учта қиз берди. Ўғилларини ҳақиқий Алпомишлар деса бўлади, жисмонан кучли, келишган болалар. Қизлари оппоқ-оппоқ дилбар қизлар. Кўрганнинг ҳаваси келади. Катта қизи Шаодатга мактабни битирмасдан совчилар кела бошлади. Кузда уни қишлоғидаги Назарбой аканинг ўғлига беришди.

Барчинойнинг кенжаси Хўрозвой тўртга кирган, у ҳаммасидан бошқача. Хўроз деган отни унга йиғиси қичқириққа ўхшагани учун қўйишди, аввал акалари Фахриддин, Салоҳиддинга ўхшатиб Аслиддин қўйишмоқчи бўлган. Кичкина бўлишига қарамай, Хўрозвой акаларининг гапларини ҳаммасидан ҳабардор бўлиб юради. Фахриддинни армияга кетишини ҳам Барчиной Хўроздан эшитган.

- Акам Афғонистонга урушга кетади, немисларни ўлдириб ташлайди, герой бўлади, кейин мен бораман. Мен командир бўламан, сиз командирларнинг ойиси бўласиз. - Хўроз ойисининг қучоғидан чиқиб, қоматини тик қилган ҳолда, ўнг қўлидаги тўрт бармоғини қулоғи билан қошининг орасига қўйиб, чест бераётган солдатлардек юриб кўрсатди.

Барчинойнинг ичига чироқ ёқса ёримайди. Урушга юбориш нималигини Барчиной жуда яхши билади. Онаси шўрлик учта бола билан эрини урушга кузатганда Барчиной бирга кирган экан. Онаси бутун умр кутиш билан ўлиб кетди. Барчиной эса, ота меҳри нималигини билмай ўсди. Хўроз ойисини хафа бўлиб ўтирганини кўриб, унинг бўйнидан қучиб, сочларини силаб, юзидан ўпиб қўйди.

Фахриддин ҳам урушга бораябди, уни ёш деб Барчиной уйлантиришни ҳали ўйламаган ҳам эди.” Фашистлар билан бўлган уришда афғонлар келиб ёрдам берганмиди, нимага унинг боласи етти ёт бегона юртга бориб уришиши керак экан?” - Ҳамма нарсадан ҳам шунисига у чидай олмас эди.

Фахриддинни Афғонистонга олиб кетишди.

Кунларнинг бирида ҳарбий коммиссариатдан уч киши келиб, Фахриддинни жангда ҳалок бўлганини, икки кундан кейин тобут олиб келинишини, дафн маросимига ҳарбийлар, раҳбар ходимлар, мактаб ёшлари қатнашишини айтиб таъзия билдириб кетишди. Бу хабарни эшитган Барчиной билан эри ўзини бутунлай йўқотиб қўйишди. Хайрият опаси, акаси, эрининг укалари бор экан, ҳовлини тайёрлаш, таъзияни ўтказишга улар бош-қош бўлиб туришди.

Тобутни айтганларидек икки кундан кейин кечга томон олиб келишди. Улар Фахриддинники деб иккита китобчадек нарса беришди. Биттасида унинг хужжатлари, расмлар, хатлар бор эди. Иккинчиси бир неча қават қоғозга ўралган бўлиб, скoч билан чиройлик қилиб ёпиштирилган эди. Фахриддин уни юрагимга яқин турсин деб кўкрагининг чап чўнтагида олиб юрар экан. Улар эхтиётлик билан очиб кўришса, Барчиной ёпган патирнинг бир тўғрами эди. Тобутни oлиб келган солдатлар иложи борича уни очмасликни тавсия қилишди. Очмаслик, мусулмончиликка тўғри келмаслигини, унинг устига болани кўрмай кўмиб юбориш умрбод армон бўлмасин деб, улар кечаси тобутни очишмоқчи бўлишди. Тобут билан аввора бўлиб юрган катталар Хўроз билан иши йўқ эди. Хўроз эса тобут атрофида "акам ўлдими, акам шуни ичидами," - деб гирди капалак бўлиб айланиб юрарди. Тобутни очишганда, у додлаб уйдан қочиб чиқди. Шундан кейин у тилдан қолди. Эртасига ҳовлини одам босиб кетганда ҳам, тобутни кўмишга олиб кетишаётганда ҳам Хўрознинг овози чиқмади.

Йиллар ўтиб Хўроз кўркам, хушрўй, бақувват йигит бўлди. Ёшлигида орзу қилган командирлиги бўлмади, у ҳаттоки мактабга бормади, ўқиш нималигини тушинмади ҳам. Ўша мудҳиш кундан кейин у бутунлай гапдан қолди. Докторларнинг, нервлари қаттиқ таъсирланган, кейинчалик тузалиб кетар, дегани ҳам ёлғон бўлди, табиблaр ҳам фойда бермади. Хўроз ақли заиф, гапирa олмaйдиган ногиронлар қаторидан жой олди. Барчиной ҳам тағдирига тан бериб, ярим юрак бўлди яшайверди. Худонинг олдида бандаси ожиз, албатта.

Улар қизларини чиқарди, Салоҳиддинини уйлантирди. Хўрозига эса, ёши уйланиш вақтидан анча ўтиб кетган бўлса ҳам, Барчиной бировнинг қизини сўраб бормади, ким ҳам қизини берар эди. Хўроз ўзини эплай олмаса, хотинни эплармиди.

Фахриддиндан кейин эри ҳам чўкиб қолди.” Болаларим орқамда қолсин эди.Болам ўлиб кетди,” - деб у айбдордай, ўзини ҳали кечира олмайди.

Хўроз акасидан ҳам баққувват, ақлий заифлик уни жисмоний томондан яна кучлироқ қилиб қўйган чамаси, дала ишларини бир ўзи эплаб ташлайди. Ишни унга кўрсатишса бас, чaрчаш нимa билмайди. Акаси Салоҳиддин районга қатнаб, алоқа бўлимида ишлайди, ҳовли ишларига унча қўшилавермайди.

Бир куни Барчиной қудасиникига тўйга бориб, эртасига уйга келганда, уйда Хўроз йўқ эди. Ҳеч қаерга бир ўзи боролмайдиган боланинг қаерга кетгани Барчинойни ташвишга солиб қўйди. Аввалига қариндошлардан кимдир уйига ёрдамга олиб кетгандир, деган ҳаёлга борди, аммо улар айтиб қўйган бўларди. Суриштирмаса Барчинойнинг юраги тинчимайди. Эрини, Салоҳиддинни қўшни қишлоқларга юбориб, ўзи опаси билан акасиникига караб йўл олди. Уларникида Хўроз йўқ эди. Эри ҳам, ўғли ҳам ҳеч қандай хабар олиб келишмади.

Кунлар ўтаверди, ҳеч қаерда Хўроз йўқ. Боладан, айниқса Хўроздай боладан тириклайин ажралиш Барчинойларга ҳамма нарсадан қийин эди. Ҳозир замон ёмон бўлиб кетган. Хўроз шўрликни биронта уйига яшириб, ишлатиш учун олиб ўтирган бўлса, у қочишни ҳам билмайди. Ҳеч ким унга овқат бермаса, сўраб емайди. У уйида бирон марта ўзи овқат сўрамаган, онаси ёки кеннойиси берган овқатни қолдирмай еб олар эди.

Хўрозни отаси ёки акаси чўмилтириб, гулдек қилиб қўйишарди, энди қай аҳволда юрганини Барчиной билмайди, қай аҳволда бўлса ҳам, соғ юрган бўлсин, деб уйларди. Ёмонларнинг қўлига тушиб қолса, улар уни гапиролмаслигини кўриб, устидан кулиб, уриб қийнаб қўйишади.

Қишлоғидан биттаси Хўрозга ўхшаган йигитни автобусга ўтираётганини қўрибди. Бу гапдан кейин уни бошқа колхоз, бошқа туманлардан қидиришди, Хўроз топилмади.

Туман ички ишлар бўлимидагилар ҳам, ҳарбий коммиссариатдагилар ҳам ҳеч нарса билишмас эди.

Хўроз ўзи уйга қайтиб келишни хам билмайди, унинг билгани -биров кўрсатган нарсани бажариш. Хўроз ойисини хафа бўлганини сезади шекилли, ёшлигидагидек сочларини силаб юзидан ўпиб қўярди, отинг нима десa хўроз бўлиб қичқиради, шу қоматига кўнгли жуда бўш, бировнинг уришганини дарров сезади, кўзидан ёши чиқиб, йиғлаб юборади, бошқа деярли ҳеч нарсани билмайди. Оёқлари лой бўлиб кетса, биров кўрсатиб, юр ювамиз демаса, ўзи шуни ҳам билмайди.

Барчинойларнинг оиласида икки ойдан бери тинчлик йўқ. Хўрозни қидирмаган жой қолмади. Фақат газеталарга эълон берилмади. Газета ҳам ҳозир фақат катта шаҳарларда ўқилса керак, уларнинг қишлоғида бирон киши обуна бўлмаган. Обуна бўлганлар бўлса ҳам, газетани олиб келувчи йўқ.

Барчиной қудаси билан Тошкентга келди. Улар бир Жўрабоев деган редакторга воқеани айтиб беришганда, у редактор текстини ҳам ўзи ёзиб, ундан бир тийин олмасдан, эълонни газетанинг навбатдаги сонига чиқаришини айтди.

Улар уйларига қайтиб келишди. Газета ўқйдиганлар бор экан. Тошқўрғон бозорининг олдидаги бекатда битта мактаб ўқитувчиси саҳарда Хўрозни топиб олибди. Тошкентдан хабар келгандан, Барчиной эри билан уни олиб келгани кетишди. Ўқитувчи Хўрозни ювинтириб, кийинтириб қўйган экан.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

Sunday, April 15, 2007

ИНСУЛЬТ

ИНСУЛЬТ

Қодирқул ўзига келганида тонг ёришиб қолган эди. У ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин оёқлари унга бўйсинмади. Унинг ётган жойидан автобус бекатигача йигирма қадам ҳам чиқмайди. Бекатгача етиб олса, биронта йўловчи келиб қолганда, ёрдам сўрайди.

Қодирқулнинг ҳамма жойи зирқираб оғриганидан қимирлашга ҳам кучи етмади. Боши лат еган деса, ўзига келмаслиги керак эди. Ўрнидан туролмаганига, у оёғини шикастланган бўлса керак, деб ўйлади. Кучи кетиб, у яна ерга ёпишиб ётиб олди. Танаси бироз ором олгандек бўлса ҳам, лаблари қуриб ичи ёниб кетаётганидан яна бошини кўтарди. Унинг шундай ётиши бир қултум сувга боғлиқдек, гўё сув ичса у бемалол туриб юрадигандек эди. Атрофга қараб чиқди. Кўлини чўзиб, четларда ўсиб ётган ўтлардан бир тутамини юлиб, оғзига солди. Шудринг сувини сўриб, чанқоғини қондирди. Умрида ҳеч қаери оғримаган Қодирқул қаерлари зирқираб оғриётганини тушунмай, ҳамма жойини пайпаслаб кўриб чиқди: қорни деса қорни эмас, юраги уриб турибди.

Ўтиришга ўтирди, лекин туролмади, Қодирқулнинг боши айланиб, яна ётгиси келди. Шундай бўлса ҳам у бор кучини йиғиб, тиззасида юра бошлади, кейин эмаклашга ўтди. Мана бекатнинг темир панжараси, ичкарида скамейка. Қодирқул бир амаллаб скамейкага чиқиб ётиб олди. Энди у фикрини бир жойга тўплаб, унга нима бўлганини эслашга ҳаракат қилди. Якшанба куни у бозорга келган эди. Демак бугун душанба, душанба куни бу ерда биронта ҳам йўловчи бўлмаслиги мумкин.

Тошқўрғонда қадимдан фақат икки кун, шанба ва якшанба кунлари бозор бўлади. Бу кунлари бозорга келганларнинг сон саноғи бўлмай кетади. Нарса ташувчи машина, эшшак арава, от арава, мотоциклчилар тинмай қатнаб ётади.

Мактабда адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлаган Қодирқул, ойлик билан оиласини боқишга қийналиб қолганидан, тўрт йилдан бери ота касбини қилиб, шанба -якшанба кунлари молбозорга даллоллик қилишга чиқар эди.

Шу сафар бозорда анча ушланиб қолди. Охирги автобусга улгуриш учун шошиб келаётганида, йўлтўсарлар уни уриб йиқитишди. Қодирқулнинг кўзига биттаси танишдек кўринди.

Йўлтўсарлар уни машинасида олиб кетиб, ярим кечаси ташлаб кетишганини Қодирқул билмасди. Пулимни олгандир, - ўйлади у, чунтагида пули бор-йўқлиги уни қизиқтирмасди. Тирик қолганидан, ҳаёли жойида эканлигидан кўнгли озроқ тинчигандек бўлди, энди фақат биронта одам келиб қолса бўлди.

Бундан тўрт йил олдин Қодирқул бозорга келаётганда, тонг саҳарда шу ерда ухлаб ётган йигитни топиб олган эди. Республика газетасида Қодирқул бир йигитни йўқолганини, бу йигит ақли заиф бўлиб, ҳаттоки гапира олмаслигини ўқиган эди. Қодирқул унинг ўша йигит эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бозорга ҳам бормасдан, уйига олиб келган. Эртасига почтага бориб Тошкентга телефон қилиб, воқеани айтиб берганди. Ўша куниёқ йигитнинг ота-онаси етиб келиб, минг раҳматлар айтиб уни олиб кетганди.

Қодирқул ҳам биронта келиб унга ёрдам беришига ишонар эди, лекин ўшанда якшанба эди, бугун эса душанба. Шу ўйлар билан Қодирқулнинг кўзлари яна уйқуга кетди. Уйғонганда, унга шундай туюлди, аслида ўзига келганда, қуёш қоқ тепага чиқиб қолган эди. Бу вақт ичида одaм зоти ўтганга ўхшамайди.

Шу ётишда анча ётди. Бир вақти қандайдир овозлар эшитилди. Бошини кўтариб чақирай деса, кучи етмади. Қодирқул уларнинг ўзлари бекат томонга келаётгини қадамларининг яқинлашаётган овозидан сезди.

“Бу томондан юр, биронта пиёнистдадир, сўкиб солмасин яна”, - деган аёл овози эшитилди. Шундан кейин қадамлар узоқлашди, кейин эса умуман эшитилмай қолди. Қодирқул бор кучини йиғиб ўтканларга кўринсин деб, юзини кўча томонга буриб олди, яна ҳолисизланиб кўзларини юмди.

Эрини бозордан келмаганидан ҳовотирланган Бибисора боласини бешикка белаб, ташқарига чиқди. Биронта ўртоғини учратиб, тўй-пўйга кетгандир, ўйлади у. Лекин у бозор кийимида ҳеч қаерга бормас эди. Қодирқул ёзда кийиш учун бозорга узун яктагини оларди. Совуқ кунлари чопонда борарди. Кўйлакни доим тоззасини, шимни эса эскисини киярди.

Яктакни ўраб, сеткасига солиб олгандир, хулоса қилди Бибисора ва уйига кириб ётди. Эртасига тушгача ҳам эри келмагач, целлофан пакетга бир баклашка сув олиб, мактабдан энди келган ўнга кирган катта ўғли билан автобус бекатига келди. Бундай кунлари Тошқўрғoнга автобус юрмас эди, улар ўша томондан ўтадиган катта автобусга ўтириб олишди. Тошқўрғоннинг бурулишига келганда, ҳайдовчидан автобусни тўҳтатишни сўраб, тушиб қолишди. Нарёғига ярим соатлар пиёда юрилади.

Улар бекатга етиб келишганида, Қодирқул беҳуш ётар эди. Рангида қон йўқ. Фақат нафас олаётгани сезилиб турибди. Бибисора ўғилчасини қўрқитиб юбормаслик учун, даданг касал бўлиб қолган, мен машина ушлаб келай, деб югуриб катта йўлга кетди.

Нима қилишни билмай турган бола, дадасига тикилиб турарди. Пастки лабини ялагандек бўлиб Қодирқул ютинди. Ёш бўлишига қарамай, бола ерда ётган пакетдан баклашкани чиқариб, сувидан отасининг оғзига томизди.

Қодирқулнинг жонига ором кирди, кўзини очишга ҳаракат қилди. Бола қўллари билан дадасини бошини ушлаб, секин, “дада сизга нима бўлди?”- деб сўради. Боласини овозини эшитган Қодирқул, жилмаймоқчи бўлиб, бир нарсалар деди.

Уни касалхонага олиб келишди. Касалхонада Қодирқулнинг жони узилди. Докторлар мурдани уйга бериб юборишмади. Ўлим сабабини аниқлаш кераклигини айтишди. Уни текшириб кўришганда, кўпгина ички органлари йўқ эди. Бу жиноят иши эканлигини билган доктор, ёпиқ қозон ёпиқлиғича қолсин деб, югур-югур кўпайишидан қўрқиб, “инсульт” деб ташвих қўйиб берди. Қодирқулнинг жасадини қариндошлари олиб кетишди.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

Saturday, April 7, 2007

ҚОРАВУЛ

ҚОРАВУЛ

Нормурод дипломини олиб ота-онасининг бағрига қайтиб келди.

-Хафа бўлма бакалавр бўлса бакалаврда,магистратура деганига пул топганингдан кейин ўқирсан,энди бирон жойга ишга кириб олсанг марра сеники, - Абдуназар ака уни тинчитди.

Институтни битириб ўғлининг олий маълумот ололмай келганини Абдуназар ака барибир тушунмади,”ҳуқуқшунослик техникумини битирса ҳам бўларкан"-ўйлаб қўйди ичида.

Ота-бола роса иш қидиришди. Ўқитишга пул топган одам, ишга жойлаштиришга пул тополмаганига ҳайрон бўлди кўпчилик. Улар Нормуродни пулсиз ўқиганини билишмайдида, билишса бундай демаган бўлар эди. Нормурод аввалдан яхши ўқиган, иккинчидан, институтга кириши шарт бўлган талабалар билан бирга тест топширган. Сафаров деган бола кириши керак экан, рўйхатга Нормуродни ҳам Сафаров бўлгани учун адашиб қўшиб қўйишибди.

Нормуродга иш топилмади,тўғрироғи ишга кириш учун пул топилмади. Қўшнисининг ўғли молия институтини тамомлаб келди. У ҳам аввалига анча вақт ишсиз юрди. Кейин тумандаги якка-ю ягона банкка жойлашиб олди, бошлиққа мингга яқин Америка доллари берибди. Унинг укаси Америкада ишлайди. Пул кераклигини эшитгандан юборибди. Қўшниси яхши одам, Абдуназар акадан ҳеч нарсани яширмайди, ўзи айтган .

Абдуназар ака долларни ҳали кўрмаган, унинг ҳеч кими чет элга кетолган эмас.Катта ўғли Абдимуродни Кореяга ишга юбормоқчи бўлиб роса югурди. Абдимурод бечора бораман деб, корейсча ҳам ўрганиб олди. Кейин билишса, йўл пулидан ташқари юбораётганларга яна ким қанча ҳақ бериш керак экан. Бор бисотини сотган Абдуназар ака бошқа пул тополмади. Абдумурод Кoреяга кета олмади.

Нормуродга эса иш қидирмай ҳам қўйишди. Дастлаб Нормурод қурилиш билан шуғулланувчи дўстларига қўшилиб майда ишларни қилиб юрди. Қишда, бекор бўлиб қолган вақти пойтахтга қатнаб, Госпитал массивидан кўчиб кетмоқчи бўлаётган жуҳут, ўрислардан эски газ плиталари, телевизор, музлаткич, труба ва шу каби нарсаларни арзонроқ нарxда олиб келиб туманида сотиб юрди. Отаси унга атаб олиб қўйган ҳовличадан баҳорда бир том, бир даҳлиз қурди. Абдуназар ака кичкинагина тўй қилиб, дўстининг қизини олиб бериб, унинг бошини иккита қилиб қўйди.

Кимдир Қўқондан қурилишда ишлатиш учун одам топиб келибди. Улар жуда яхши усталар экан. энди ҳамма уларни чақирадиган бўлган. Нормуродларга деярли иш қолмаган, ҳар зомонда туман атрофидаги қишлоқларда айримлар пахса қуриш, молхона, ҳожатхона қуришга чақиришади, кўплар эса бу ишларни бола-чақаси билан ўзлари эплаб ташлайди.

Нормурод энди фақат жуда оз нарсани ҳоҳлайди, болалари оч юрмаса, хотинига кийим кечак олиб беролса бўлди. Ўзининг устидaги кийими билан иши йўқ. Унинг тўйида кийган костюм - шими янгидек турибди, ҳар зомонда керак бўлганда аввайлаб кияди. Бошқа кунлари йиртиқ- ямоқ ишчи кийимида юраверади. Ҳамма уни ҳуқуқшуносликни битирганини унутиб бўлган, кийимига эътибор бермайди, ишчига қарагандек қарайди.

Хотинни ҳам ҳозирги зомонда ўйлаб олиш керак экан. Нормуроднинг хотини Зарифалар жуда кўпчилик, беш қиз, икки ўғил, амма- тамма, холаларининг сони йўқ, уларнинг нимаси кўп - тўйи, туғилган куни, ўлган куни кўп, умуман Нормуроднинг топгани уларга кетади. Яқинда Зарифанинг иккинчи синглиси ўғлига тўй қилди. У Зарқўрғондан ҳам наррироққа тушган. Қариндошларни машинада олиб бориш Нормуроднинг навбати экан. Бир кунга Дамас кира қилиш палон пул. Нормурод бирга ишлаган дўстидан юз минг сўм қaрз олиб келди. Ўн кун ичида қайтаришини айтди, айтишга айтди, лекин қандай қайтаришни ўзи билмайди. Тўйдан қайтиб келганда, Нормуроднинг қўлида қолган пул беш мингга ҳам етмас эди.

Шу орада унинг катта қизчаси типирчилаб "вой қорним"га тушиб қолди. Касалхонага олиб келса, "кўр ичак" бўлиб қолибди, тезда операция қилинмаса, ёрилиб кетиш мумкин. Касалхонада дори у ёқда турсин, дока, пахта деган нарса ҳам йўқ. Пахтатининг кони бўлган давлатда ҳеч бўлмаса энг арзон сунъий пахта ҳам йўқ. Унининг устига касалхонага операция учун пул тўлаш керак. Ҳамма давлатларда кўп болалиларга, ишламаганларга касалхоналар текин. Қўшнисининг Америкага кетган укасининг гапига қараганда институтни томомлаб иш тополмаганларга ҳам давлат ҳар ойда пул бериб тураркан. Бу ерда эса, институтдан, коллеждан кўп нарса йўқ. Битирганлар билан ҳеч ким қизиқмaйди. Ҳамма ишсиз. Катталарнинг қўлидан халқини боқиш келмас экан, чегараларни очиб, кетишга рухсат бериб қўйсин, Америкада ишлаб кетувчи мексикаликларга ўхшаб, булар ҳам бошқа жойда қийналмай ишлаб келади.

Нормурод хафа бўлиб уйига қайтаётганда тaрих ўқитувчиси Мукаррамовни кўриб қолди. Бу ўқитувчи Нормуродни жуда яхши кўрар эди. У ўқитувчисига қизини касалхонага тушганини, унга уч юз минг жуда керак бўлиб қолганини айтди. Ўқитувиси кўп ўйланиб ўтирмай фақат бир - икки ой ичида қайтариб берсанг бўлди, деб уйидан уч юз минг сўм чиқариб берди. Нормурод юз мингини дўстига бериш учун олиб қолиб, қолганини хотинига қизи учун касалхонага сарфлайсан деб берди. Нормурод бу пулларни қайтариш учун яна иш қидириб чиқиб кетди. Ҳеч кимга ишчи керак эмас.

Эртасига тонг саҳардан у аравасини олиб шaҳарга қараб жўнади. Бозорга бориб аравакашлик қилмоқчи бўлди.

-Эй, ока, бу арава билан ишлашга сизга бошлиқ рухсат бердими? - бир бола келиб Нормуроддан сўради. Нормурод бошлиқ кимлиини, нима учун рухсат кераклигини аввалига тушунмади. Кейин билса, аравакашлик қилиш учун бозорнинг каттасига ҳақ бериш керак экан, аравани эса улардан ижарага олиш шарт эмиш. Нормурод аравакашларнинг орасида ишлаб юрди. Сотувчилар ҳам бу ерда доимийлар.

Қишлоқлардан эрта билан одамлар маҳсулотларини олиб келишади Уларнинг сотиб ўтиришга жойлари йўқ. Шунинг учун улар олибсотарларга нарсаларини арзон нархда бериб кетишади. Нормурод бозорда ишлаб, ҳаётни тушина бошлади. Авваллари давлатимиз жуда бой деб биларди, институтда ҳам уларга бутунлай бошқача ўратилган. Нормурод бу ердагина ҳамма пулларни давлат ҳазинасига тушмасдан, чўнтакларга тушишини билди. Ҳазинага тушгани ҳам давлат, халқ учун эмас, ҳазинабон учун кетар экан. Қийин- қийин оддий хaлққа қийин бўлди. Одамдар Совет давридан ҳам ёмон аҳволда. Шу мустақиллик керак эдими? Дардингни ҳеч кимга айта олмасанг, авваллари порахўр-у, ўғриларнинг калишини тўғрилаб қўядиганлар бўлган, мустақиллик бўлиб ҳамма ўзига бек, ўзига хон. Президент ҳам ўзини подшо деб эълон қилиши қолди, ҳолос. Агар Нoрмурод ишга жойлашиб олса, нима қилишни ўзи билар эди .

Бир куни бозорнинг дўконларидан бирида ишлайдиган одам, анча таниш бўлиб қолдик,аравакашлар ҳам сизни яхши одам,ўзини ҳар жойга тиқавермайди деб гапиришади, дўконимга сотувчи бўлиб ўтмайсизми, деб қолди. Нормурод бу таклифни жон деб қабул қилди. Нормурод дўконда аравакашликдагидан кўра юз чандон кўп нарсаларни билиб олди. Кимга нарсаларни қимматроқ бериш, кимга арзон бериш, ҳаттоки кимларгадир текин ҳам бериш керак экан, айниқса байрамлар олдидан. Нормурод айримларга пул ҳам беради, лекин ҳаммасини ёзиб, кейин ҳўжайнига кўрсатади. У ҳам Нормуроднинг тўғри қилганини маъқуллаб туради, онда сонда йўл-йўриқ кўрсатиб қўяди.

Бир куни дўконга бир оптовик-улар кўп нарса олиб келиб ташлаб кетувчиларни шундай дейишади, Қозоғистондан яхши сигареталар олиб келганини айтди. Нормурод улар бунақа сигарет билан совдо қилмасликларини айтиб рад жавобини берди. Арзон бераман, ҳеч бўлмаса ўзинг учун олиб қўй, фойдаси сенга бўлади,-ёпишиб олди у Нормуродга. Нормурод ўйлаб қараса, у тўғри айтаябди, дўконда ҳар зомонда ўзининг молини сотса қандай фойда, бошлиқ ҳам уни бошқа товар сотмаябсанми, деб ҳеч текширмаган. Нормурод бир марта олиб кўрмоқчи бўлди. Беш пачкагина олди. Агар шу беш пачка унга жуда қимматга тушишини билганда, у ҳеч ҳам олмаган бўларди. Эртасига солиқчилар келиб, нега рухсати йўқ нарсани сотаябсан деб, дўконни ёпиб, бор молни машнасига солиб олиб кетди. Бoшлиқ нима учун ундан сўрамасдан нарса олганига бақириб, ҳаммасини ўзинг тўлайсан, деди. Нормурод ҳалиям бу сигаретларни ўзи учун олганини айтмади, агар бошлиқ билиб қолганида, уни қаматтириб юборган бўлар эди. Нормурод уйидаги юз мингга яқин пулини олиб келиб берди. Ҳўжайини дўкондан кетган нарсаларни ҳисоблаб, уч минг доллар тўлайсан -деди. У ҳам йўқ демасдан, рози бўлди. Нормурод яна ишсиз қолди. У уйига қайтиб келди, лекин келгани хотинига ёқмади.” Шунча ишлаб, уйга фойдаси тегмаса нима қилaрдингиз ишлаб. Бор пулни яна эгасига қайтарсангиз”-шанғилларди у.

Нормурод уйдан чиқиб отасиникига келди Шу ерда нонушта қилиб, тарих ўқитувчисиикига қарзини беролмаётгани учун узр сўрашга жўнади. Ўқитувчидан яхши одам бўлмаса керак, иккинчи ота-она деб бекорга айтишмайди. Нормуродни Мукаррамов домла дарров тушинди.Кейин у мактаб қоровули Ҳасан чол ўлгандан бери ҳали ҳеч ким йўқлигини,тезда директорга учрашса, уни ишга олиши мумкинлигини айтди,ҳар қалай ойлик келиб туради.Кечаси қоровуллик қилса, кундузлари бекор, бошқа иш қилиб, пул топса ҳам бўлади. Мактаб директори Наби ака Наимов ҳали ҳам ишлаб юрарди. Нормурод тўй костюмини кийиб мактабга келди. Наби ака уни ишга олди, фақат ҳозир зомон бошқачa эканлигини, одамларни майда нарсалардан ташқари, стол, стул, парталаргача ўғирлаб кетаётганини, омбордаги тахта - темирларга эҳтиёт бўлишни, кунига текшириб туриш кераклигини айтди. Нормурод иш топилганидан хурсанд бўлиб, ишлаб юраведи, уйига деярли бормайди. Хотинининг гапидан чарчаб кетади. У йўқ, бу йўқ, у боласига оёқ кийим керак, бунисига польто. Бир қоп ун ярим ойга етмайди. Гўшт, гуруч кам олингандан кейин ун ҳам чидамас экан.

Нормуроднинг иккинчи ўғли Элмурод охирги вақтлари анча маззаси бўлмай турибди.Нима бўлганини ҳеч ким билмайди.Касалхонага олиб бориш нималигини Нормурод жуда билади.Докторлар одамлардан пул олиш учун ҳам касалини ошириб,ваҳима қилиб айтиб юборишади.Хотини кичкина қизини туғмоқчи бўлганда, бола жуда катта бўлиб кетибди, “кесерева” қилиш керак бўлади, шунинг учун тўлғоқ тутмасдан олдин келиб ётиш керак деган.Тўртта туққан хотин бешинчисини туғолмайдими, деб Нормурод хотинини касалхонага юбормаган.Боласи уйда туғилган.,кейин доктор чақиришган. Ўғлини ҳам тузалиб кетар деб ҳеч қаерга кўрсатмади.

Нормурод эрталаб хоналарни очиб юрсa яна дўконнинг ҳўжайини мактабга келибди.

Пулни қачон берасан- дейди. Нормурод унча пулни умрбод ишласа ҳам тополмайди. Пулинг бўлмаса уйинги сот”- дейди уялмай. Бермайман демаябман-ку, - деди Нормурод. Бу сафар ҳам минг хил ваъдалар бериб, албатта топиб беришини айтиб уни жўнaтиб олди.

Нормурод энди ўзини рухсати бўлмаган сигареталарни олгани учун койий кетди, у “рухсти бўлмаган” деган сўзни яна бир такрорлади. Рухсати қандайига бор бўлади, уни ким берар экан. Рухсат бергич касби ҳам ўйлаб топилибди-да. Ким бўлса ҳам бу касбни ҳам катта пул эвазига ундириб олган бўлса керак.

Нормурод тиним билмайди, бировнинг токини очиш, ҳовлисини текислаб бериш, умуман қанaқда иш бўлса, ҳаммасини қилади. Бунинг устига Нормурод ичмайди ҳам, чекмайди ҳам,аввалари сигарета чекарди. Кейин бошқаларга ўхшаб носга ўтиб олганди. Наби ака бир куни ёш бўлсанг ҳам раҳматли Ҳасан бободан ҳам носдан кўп отасанми дейман, иси бутун мактабни саситиб юборибди, дегандан кейин уялганидан носни ҳам ташлади.

Нормурод яна тарих ўқитувчисини эслади. Узоқдан кўрингандан у ўзини четга олади. У бечора ҳам пул берганидан афсусланиб ўтирган бўлса керак. Нормурод бекорга тўплаб бераман, - дебди. Ҳар ойи оз-оздан бериб туранда ҳам анчасидан қутилган бўлар эди. Нормурод энди унга бериш учун пул топиш йўлини ўйлай бошлади. Аввалига унинг ҳаёлига Рашид магазинчи келди. Рашид кўпларга қарз берарди, лекин у прoцентга беради. Нормуродга у тўғри келмайди. Кейин у аптекачидан сўрамоқчи бўлди, лекин аптекачи Нормуроднинг пули йўқлигини, қайтариб беролмаслигини жуда яхши билади, сира бермайди. Кейин унинг ҳаёлига мактаб директори Наби ака кеди. Ундан юз сўрамоқчи бўлди. Нормурод ўйлаб-ўйлаб Эшон бобони топди, лекин умрида бировнинг ҳожатини чиқарганини эшитмаган, эшонлар фақат олишни билади, беришни билмайди, шунинг учун Нормурод уникига эмас, Ҳайитбой аканикига боради. Унинг иккита ўғли ҳам Қозоғистонда яхши жойлашган дейишади. Сайфиддинникига борса ҳам бўлади. Мунира опаникига борса-чи? Унинг катта ўғли оиласи билан Москвада ишлайди. Квартираси учун ойига уч юз доллар тўлар экан, демак топиши ҳам яхши бўлса керак. Нормурод узоқларга кетиб ишлаётганларга ҳаваси келди. Боришга ҳам пул керак. Агар Нормуродда йўл пули билан бир ойлик яшашга пули бўлганда албатта кетар эди

У ўрнидан туриб бирга ўсган дўсти, ҳозир автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган Сайфиддинникига қараб йўл олди. Кўчада хотини билан кичкина қизини учратиб қолди.Хотини:

-Ҳа, ота, бормисиз, жуда яхши жойлашиб олдингиз-а, бола чақанинг ташвишини билмайсиз ўзингиз майишат қилиб яшаб юрибсиз. Болаларга мактабга кийим-кечак, китоб - дафтар керак эмасда, ҳа?. Мен ҳам бир ўзим мазза қилиб яшагим келади, сизга ўхшаб. Болалар бир меники эмас, сизники ҳам, ёки эсингиздан чиқиб кетдими, овқатини ўйламасангиз,соғлигини ўйламасангиз, лекин мен сизга ўхшаган ота бўлганимда болаларимни боқа олмаябман деб, ўзимни осган бўлардим.

Нормурод чўнтагидаги бор пулини хотинига бериб, илтимос чақагингни ўчир, эшитганлар нима дейди ахир, - деди.

-Улар билан нима ишим бор, - деб хотини пулни юлқиб олдида, хайрни ҳам насия қилиб жўнаб қолди.

Сайфиддин уйда экан, уни яхши кутиб олди. Пул сўраб келганини эшитиб, “ўзинг биласан ҳозир бировга пул бериб туришга ҳам қўрқасан, бултур қўшним олган пулини ҳали қайтаргани йўқ, - деди. Пулим йўқ эмас, кузда ўғилларимга тўй қиламан деб йиққаним бор, ростдан биринсчи марта сўраб келишинг, унинг устига пулим йўқ десам, ишонмайсан, ўзим ҳам алдагим келмайди. Агар қайтариб бера олсанг ол,тополмай қоламан десанг, ўзинг ўйлаб кўр. Менга фақат тўй бошлаябман деганимда берсанг бўлди.

Нормурод пулни бир олмоқчи бўлди. Мукаррамовдан қачонгача қочиб юради. Кейин яна ўйланиб қолди, агар Сайфиддинга топиб бера олмаса-чи, унда нима деган одам бўлади? Нормурод ишлаб бунча пулни ҳеч ҳам топа олмайди. Кимдир жарроҳларга ички органларни сотиш мумкин деган эди, қаерда топшириш мумкин экан, Нормурод шуни суриштириб кўрмоқчи бўлди. Сайфиддиндан пулни олмади.

Бир куни Нормурод мактаб ҳовлисини супириб юрарди. катта қизи ҳовлиқиб чопиб келди.Элмурод ёмон бўлиб қолибди. Нормурод доктор чақирди.Бола сариқ бўлган экан, ўтиб кетибди.Элмуродни докторлар олиб қолиша олмади.Нормурод бу боласидан ажралиб қолди.

Ёзда ҳамма таътилга кетиб, мактабда Нормуроднинг ўзи қолди. Бу ёз у ҳеч қаерга чиқа олмади. Уйдаги ташвишлар,Элмуроднинг ғами Нормуродни жуда толиқтириб қўйди. Мактабни ҳам ташлаб чиқишган қўрқди.

Ундан қурувчи ҳам, яхши деҳқон ҳам чиқмади. Туманда ўсганлар шаҳарликлардан ҳам, қишлоқдагилардан ҳам фарқ қилади. Қишлоқдагилар деҳқончилик ишларини яхши қилишади. Шаҳарликларнинг ҳар қандай вазиятг жавоби тайёр туради. Туманликлар иккаласини ҳам бажара олмайди.

Ойликни олгач, тузиб қўйган режасига кўра аввал уйига ун, гуруч, ёғ олди. Хотинини қўлига озроқ пул берди.

-Бир чойнак чой ичиб олай, эрталаб нонушта қилмаганман - хотинидан рухсат сўрагандек у уйига кирди, чойни дастурхонга қўйилган яримта нон ва тўртта парварда билан мазза қилиб ичиб олди. Уй барибир уйда. Чойнинг маззаси ҳам бошқача бўлади.

Нормурод мактабга келса, дўкочи уни кутиб ўтирган экан. Бу сафар у чўнтагидаги бор пулини қарз ҳисобига эмас, йўл пуллари ҳисобида бериб қутилди. Нормуроднинг отасиникига бориш режаси барбод бўлди. Улар Нормуродни авваллари болаларимизнинг энг ақиллиси деб яхши кўришар эди, энди болаларимизнинг энг камбағали деб ачиниб яхши кўришади. Абдуназар ака уни ўқитишга ўқитди, ишга жойлаш қўлидан келмади, нима қилсин энди. Онаси, келмасанг ҳам соғлигингни, тўқлигингни эшитиб турсам етади, болам, - дейди.

Кузнинг келиб қолганини у сезмай ҳам қолди. Энди у яхшилаб ишламаса бўлмайди. Фермерларга помидор теришга чиқди.Арзимаган пулга у пахта теришга ҳам рози, лекин ҳар ким ҳам уни ёллайвермади. Ўзимиз кўпчиликмиз, териб оламиз, ёрдамчи керак эмас - дер эди кўп ҳўжаликлар. Нормуроднинг қилмаган иши қолмади:пиёз терди, олмага чиқди, кеч кузда ток кўмди. Қоровуллик ҳам одамлар ўйлагандек осон эмас. Кечаси икки уч марта туриб ҳамма жойни кўриб чиқади.

Бир кун олдин дўконнинг ҳўжайни келиб хат ташлаб кетибди, шу хафта ичида дўконга пул олиб кел деб. Нормурод албатта бормайди. Беришга пули йўқ, иккинчидан вақти йўқ, ток кўмишга тонг азандан кетиб, кеч бўлганда қайтиб келади, учинчидан бекорга йўлга пул кетказиб нима қилади.

Қиш ҳам бу йил қаттиқ келди. Газлар пасайиб кетган, хоналар музлаб ётибди. Ўтини борлар уйларига қадим зомоннинг тунука печкаларини қуриб олган. Йилдан йилга газ камайиб кетаябди. Энг ёмони, газ камлигида учиб қолиши, кейин сал кўпайганда одамлар уй ичи билан заҳарланиб ўлаётганлиги. Икки уй нарида турадиган Умар акалар хотини, бола-чақаси, умуман ўн бир жон бир кечада ўлиб қолишди. Улар тўғрисида на газетада ёзишди, на радиода айтишди. Қайси бир туманнинг ҳокими ҳам газдан заҳарланиб ўлган эмиш,ўғли билан уйда экан, ўғли тирик қолибди. Нормурод бу гапга унча ишонгиси келмайди. Ҳокимнинг уйида газ бўлмаса, газ қаерга кетаябди. Унинг ватани дунёда газ чиқаришда энг олдинги ўринлардан бирида туради. Газ ҳам чет элга сотилиб, чўнтакка урилаётган бўлмаса нимага йўқ. Нормурод шуларни ўйлаб, уларни суд қилиб, оғзидан отиш керак, ёки Саддам Ҳусайиндек осиш керак, деб ўйлади. Бечоранинг халқи биздек ночор яшамаган эди,- раҳми ҳам келди Нормуроднинг.

Янги йилдан кейин бир куни дўкончи яна Нормуродни қидириб мактабга келди. Бу сафар улар уч киши бўлиб келишибди. Нормурод унинг ёнидагиларини кўриб қўрқиб кетди. Турмадан қочган каллакесарларга ўхшайди. Дўкончи бугун жуда сержаҳил, унинг гаплари қўрқинчли эди. Аксига олиб ҳозир ҳамма қишги таътилда. Дўкочи унга пулни берасанми ёки ўлмоқчимисан, - деди. Нормурод унга пули йўқлигини, қолавеса у дўконнинг пулини бир тийинини ҳам емаганини айтди, дўкончиниг баттар жаҳли чиқди.

-Юр уйингга борамиз, уйингни сотиб пулини берасан, - деб туриб олди. Шу вақти уй оламан деб ўлаётганлар йўқ, қиш бўлса, бoлалар уйда, уларни қаерга қўяди. -Болаларингга мен жой топиб бераман, дори берасанми, газни очиб қўясанми ўлдириб ташла, ҳамма нарсадан қутиласан, боқиш ташвишидан ҳам, қариздан ҳам.

Бундай гапларни ҳеч эшитмаган Нормурод нима деябсиз, ўйлаб гапираябсизми одам боласини ҳам ўлдирадими,-деди.

-Ўзинг ўлдира олмасанг, ёрдам берамиз,- деб ўлдиришга тайёр турганларни кўрсатди дўкончи.

Нормурод уларни ҳеч нарсадан қайтмаслигини эндигина тушунди. Кейин у ялинишга тушди.

Болаларимга тегманглар, уларда нима гуноҳ, майли мени ўлдирсаларинг розиман - йиғлаб юборди у.

Бир пасдан кейин дўкончи сал ҳовридан тушган бўлиб

- Сени ўлдирмаймиз, ўлдиргандан менинг пулим қайтиб келадими - яхшиси қаердан бўлса ҳам пулимни топ, - деди.

Умуман дўкочи у деди, бу деди, охири Нормурод уйини сотиб баҳорда пулини олиб бориб беришга сўз берди. Бу ваъдасини энди у ёзма равишда тилхат қилиб берди, қўл қўйиб, адресини, иш жойини ҳам кўрсатди. Дўкончи унинг охирги келиши эканлигини, агар бермаса уруғ аймоғидан бир кишини ҳам тирик қолмаслигини айтиб қайтиб кетди.

Улар кетгач Нормуродни баттар ваҳима босди. Телпагини бостириб кийиб, шошиб уйи томон жўнади. Нормуроднинг уйидагилари совуқдан ҳаммаси бир уйда тиқилиб олганди, бир вақтлари унинг олиб келган иккита эски электор иситгичи қўйилган бўлса ҳам, гапирса оғиздан буғ чиқиб турарди. Нарги хонага кириб бўлмайди, нақ музлатгичга киргандек совуқ. Нормурод кичкинасини тиззасига олиб озроқ ўтирди,иссиқ чойдан икки пиёла ичиб, ҳеч нарса демай ўрнидан турди,.энди у ўзини анча босиб олганди. Уларни ҳеч нарсадан ҳабари йўқлигини кўриб, Нормурод тинчиди.

Иши томон кетар экан, Нормурод энди бундай яшаб бўлмасликни ўйлади, нима бўлганда ҳам бу йил кунлар исигандан ишдан бўшаб, Қозоғистонга ёки Россияга кетади, қарзлари ҳам анча. Дўкончидан уйини сотса ҳам қутулмайди. У ҳам Нормуродни энди тинч қўймайди. Бунинг устига қанча ишламасин, Нормурод қорни тўйиб овқат емайди, охирги марта гўштни Сайфиддинникида тўйда еган эди. Бошқа тўйга у бу кузда бормади, тўйларни ҳам ҳар ким ўзининг қариндошлари билан кичкинагина қилиб ўтказиб юборадиган бўлишган. Нормурод эса кичкина тўй ҳам қилолмади. У учта ўғлига бир мулла билан битта устани чақириб суннат қилдирди. Элмуродини эслаб Нормуроднинг кузидан ёш чикиб кетди. На тўй, на чупрон қилди. Қариндошларини ҳам чақиргани йўқ. Муллага битта кўйлак, тўртта нон, ярим кило қанд ўраб берди. Устанинг қўлига икки минг сўм билан тўртта нон берди.

Ҳа, одамлар авваллари қандай тўйлар қилишарди. Укаларининг тўйида унинг отаси Қўриқда кўпкари берган. Кўпкарига гилам, телевизор, йигирмата тўн қўйилган, бошқа нарсалар Нормуроднинг эсида йўқ. Нормурод уйида ўшанда қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй бўлди деб тассaввур қилган эди, чунки келолмай қолганлар тўй ўтгандан кейин ҳам анча вақтгача "муборак бўлсинга" келиб туришди. Туркистонлик танишлари бир йилдан кейин ярим қоп гуруч, битта қўй, битта гилам олиб келишган. Ҳозирги зомонда ким-кимникига шунча нарса олиб бора олади. Ким нима деса десин, Нормурод одамлар аввал яхши яшарди, ҳозир ёмон яшайди деб айтишдан қўрқмайди. Бошқа ҳеч қаерда бунчалик ёмон бўлмаса керак.

Нормурод бу йил албатта кетади. Хотини ҳам эрга текканини унутган шекилли, уни эр деб хисобламайди. Унга пул бўлса бўлди. Ойликни ҳам янги йилдан олдин беришган. Икки ой бўлаябди пулдан дарак йўқ. Хотин - қизлар байрами олдидан ўқитувчилар директорга тўполон қилиб, ойликни бермасаларинг, байрамдан кейин ишга чиқмаймиз, дейишди. Директор район халқ тaълими бўлимига бориб масалaни кўндаланг қўйди. Охири еттинчи март куни кеч бўлaй деганда унинг қўлига ўқитувчиларнинг ойлиги тегди. Наби ака Наимов Нормуродни бугун ва эртага унинг хонасида ухлаши кераклигини айтди.

-Байрамгача ойликларни беролмадик, тўққизинчида тарқатамиз, сейфга эҳтиёт бўл,хонани бир дақиқа ҳам ташлаб чиқма, - деб қайта-қайта тайинлади у.

Нормурод директорга айтганини албатта бажаришга сўз берди.

Тўққизинчи март куни Наби ака Наимов мактабга ҳар доимгидан эртароқ келди. Хонасига кириб хушидан кетиб қолай деди. Сейф бузиб ташланган, ичида эса бир тийин ҳам йўқ. Сейфнинг устидаги қоғозда "Наби ака, вақти келиб бу пулларни қайтарарман, илтимос, мени қидиртирманг, барибир тополмайсиз" деган Нормуроднинг ёзуви. Отасиникида ҳам, ўзининг уйида ҳам Нормуроднинг бўлмаслигини ҳамма билсада,тезда у ерларга одам юборилди.Нормурод эса ростдан ҳам ҳеч қаерда йўқ эди.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL