ҚОРАВУЛ
Нормурод дипломини олиб ота-онасининг бағрига қайтиб келди.
-Хафа бўлма бакалавр бўлса бакалаврда,магистратура деганига пул топганингдан кейин ўқирсан,энди бирон жойга ишга кириб олсанг марра сеники, - Абдуназар ака уни тинчитди.
Институтни битириб ўғлининг олий маълумот ололмай келганини Абдуназар ака барибир тушунмади,”ҳуқуқшунослик техникумини битирса ҳам бўларкан"-ўйлаб қўйди ичида.
Ота-бола роса иш қидиришди. Ўқитишга пул топган одам, ишга жойлаштиришга пул тополмаганига ҳайрон бўлди кўпчилик. Улар Нормуродни пулсиз ўқиганини билишмайдида, билишса бундай демаган бўлар эди. Нормурод аввалдан яхши ўқиган, иккинчидан, институтга кириши шарт бўлган талабалар билан бирга тест топширган. Сафаров деган бола кириши керак экан, рўйхатга Нормуродни ҳам Сафаров бўлгани учун адашиб қўшиб қўйишибди.
Нормуродга иш топилмади,тўғрироғи ишга кириш учун пул топилмади. Қўшнисининг ўғли молия институтини тамомлаб келди. У ҳам аввалига анча вақт ишсиз юрди. Кейин тумандаги якка-ю ягона банкка жойлашиб олди, бошлиққа мингга яқин Америка доллари берибди. Унинг укаси Америкада ишлайди. Пул кераклигини эшитгандан юборибди. Қўшниси яхши одам, Абдуназар акадан ҳеч нарсани яширмайди, ўзи айтган .
Абдуназар ака долларни ҳали кўрмаган, унинг ҳеч кими чет элга кетолган эмас.Катта ўғли Абдимуродни Кореяга ишга юбормоқчи бўлиб роса югурди. Абдимурод бечора бораман деб, корейсча ҳам ўрганиб олди. Кейин билишса, йўл пулидан ташқари юбораётганларга яна ким қанча ҳақ бериш керак экан. Бор бисотини сотган Абдуназар ака бошқа пул тополмади. Абдумурод Кoреяга кета олмади.
Нормуродга эса иш қидирмай ҳам қўйишди. Дастлаб Нормурод қурилиш билан шуғулланувчи дўстларига қўшилиб майда ишларни қилиб юрди. Қишда, бекор бўлиб қолган вақти пойтахтга қатнаб, Госпитал массивидан кўчиб кетмоқчи бўлаётган жуҳут, ўрислардан эски газ плиталари, телевизор, музлаткич, труба ва шу каби нарсаларни арзонроқ нарxда олиб келиб туманида сотиб юрди. Отаси унга атаб олиб қўйган ҳовличадан баҳорда бир том, бир даҳлиз қурди. Абдуназар ака кичкинагина тўй қилиб, дўстининг қизини олиб бериб, унинг бошини иккита қилиб қўйди.
Кимдир Қўқондан қурилишда ишлатиш учун одам топиб келибди. Улар жуда яхши усталар экан. энди ҳамма уларни чақирадиган бўлган. Нормуродларга деярли иш қолмаган, ҳар зомонда туман атрофидаги қишлоқларда айримлар пахса қуриш, молхона, ҳожатхона қуришга чақиришади, кўплар эса бу ишларни бола-чақаси билан ўзлари эплаб ташлайди.
Нормурод энди фақат жуда оз нарсани ҳоҳлайди, болалари оч юрмаса, хотинига кийим кечак олиб беролса бўлди. Ўзининг устидaги кийими билан иши йўқ. Унинг тўйида кийган костюм - шими янгидек турибди, ҳар зомонда керак бўлганда аввайлаб кияди. Бошқа кунлари йиртиқ- ямоқ ишчи кийимида юраверади. Ҳамма уни ҳуқуқшуносликни битирганини унутиб бўлган, кийимига эътибор бермайди, ишчига қарагандек қарайди.
Хотинни ҳам ҳозирги зомонда ўйлаб олиш керак экан. Нормуроднинг хотини Зарифалар жуда кўпчилик, беш қиз, икки ўғил, амма- тамма, холаларининг сони йўқ, уларнинг нимаси кўп - тўйи, туғилган куни, ўлган куни кўп, умуман Нормуроднинг топгани уларга кетади. Яқинда Зарифанинг иккинчи синглиси ўғлига тўй қилди. У Зарқўрғондан ҳам наррироққа тушган. Қариндошларни машинада олиб бориш Нормуроднинг навбати экан. Бир кунга “Дамас” кира қилиш палон пул. Нормурод бирга ишлаган дўстидан юз минг сўм қaрз олиб келди. Ўн кун ичида қайтаришини айтди, айтишга айтди, лекин қандай қайтаришни ўзи билмайди. Тўйдан қайтиб келганда, Нормуроднинг қўлида қолган пул беш мингга ҳам етмас эди.
Шу орада унинг катта қизчаси типирчилаб "вой қорним"га тушиб қолди. Касалхонага олиб келса, "кўр ичак" бўлиб қолибди, тезда операция қилинмаса, ёрилиб кетиш мумкин. Касалхонада дори у ёқда турсин, дока, пахта деган нарса ҳам йўқ. Пахтатининг кони бўлган давлатда ҳеч бўлмаса энг арзон сунъий пахта ҳам йўқ. Унининг устига касалхонага операция учун пул тўлаш керак. Ҳамма давлатларда кўп болалиларга, ишламаганларга касалхоналар текин. Қўшнисининг Америкага кетган укасининг гапига қараганда институтни томомлаб иш тополмаганларга ҳам давлат ҳар ойда пул бериб тураркан. Бу ерда эса, институтдан, коллеждан кўп нарса йўқ. Битирганлар билан ҳеч ким қизиқмaйди. Ҳамма ишсиз. Катталарнинг қўлидан халқини боқиш келмас экан, чегараларни очиб, кетишга рухсат бериб қўйсин, Америкада ишлаб кетувчи мексикаликларга ўхшаб, булар ҳам бошқа жойда қийналмай ишлаб келади.
Нормурод хафа бўлиб уйига қайтаётганда тaрих ўқитувчиси Мукаррамовни кўриб қолди. Бу ўқитувчи Нормуродни жуда яхши кўрар эди. У ўқитувчисига қизини касалхонага тушганини, унга уч юз минг жуда керак бўлиб қолганини айтди. Ўқитувиси кўп ўйланиб ўтирмай фақат бир - икки ой ичида қайтариб берсанг бўлди, деб уйидан уч юз минг сўм чиқариб берди. Нормурод юз мингини дўстига бериш учун олиб қолиб, қолганини хотинига қизи учун касалхонага сарфлайсан деб берди. Нормурод бу пулларни қайтариш учун яна иш қидириб чиқиб кетди. Ҳеч кимга ишчи керак эмас.
Эртасига тонг саҳардан у аравасини олиб шaҳарга қараб жўнади. Бозорга бориб аравакашлик қилмоқчи бўлди.
-Эй, ока, бу арава билан ишлашга сизга бошлиқ рухсат бердими? - бир бола келиб Нормуроддан сўради. Нормурод бошлиқ кимлиини, нима учун рухсат кераклигини аввалига тушунмади. Кейин билса, аравакашлик қилиш учун бозорнинг каттасига ҳақ бериш керак экан, аравани эса улардан ижарага олиш шарт эмиш. Нормурод аравакашларнинг орасида ишлаб юрди. Сотувчилар ҳам бу ерда доимийлар.
Қишлоқлардан эрта билан одамлар маҳсулотларини олиб келишади Уларнинг сотиб ўтиришга жойлари йўқ. Шунинг учун улар олибсотарларга нарсаларини арзон нархда бериб кетишади. Нормурод бозорда ишлаб, ҳаётни тушина бошлади. Авваллари давлатимиз жуда бой деб биларди, институтда ҳам уларга бутунлай бошқача ўратилган. Нормурод бу ердагина ҳамма пулларни давлат ҳазинасига тушмасдан, чўнтакларга тушишини билди. Ҳазинага тушгани ҳам давлат, халқ учун эмас, ҳазинабон учун кетар экан. Қийин- қийин оддий хaлққа қийин бўлди. Одамдар Совет давридан ҳам ёмон аҳволда. Шу мустақиллик керак эдими? Дардингни ҳеч кимга айта олмасанг, авваллари порахўр-у, ўғриларнинг калишини тўғрилаб қўядиганлар бўлган, мустақиллик бўлиб ҳамма ўзига бек, ўзига хон. Президент ҳам ўзини подшо деб эълон қилиши қолди, ҳолос. Агар Нoрмурод ишга жойлашиб олса, нима қилишни ўзи билар эди .
Бир куни бозорнинг дўконларидан бирида ишлайдиган одам, анча таниш бўлиб қолдик,аравакашлар ҳам сизни яхши одам,ўзини ҳар жойга тиқавермайди деб гапиришади, дўконимга сотувчи бўлиб ўтмайсизми, деб қолди. Нормурод бу таклифни жон деб қабул қилди. Нормурод дўконда аравакашликдагидан кўра юз чандон кўп нарсаларни билиб олди. Кимга нарсаларни қимматроқ бериш, кимга арзон бериш, ҳаттоки кимларгадир текин ҳам бериш керак экан, айниқса байрамлар олдидан. Нормурод айримларга пул ҳам беради, лекин ҳаммасини ёзиб, кейин ҳўжайнига кўрсатади. У ҳам Нормуроднинг тўғри қилганини маъқуллаб туради, онда сонда йўл-йўриқ кўрсатиб қўяди.
Бир куни дўконга бир оптовик-улар кўп нарса олиб келиб ташлаб кетувчиларни шундай дейишади, Қозоғистондан яхши сигареталар олиб келганини айтди. Нормурод улар бунақа сигарет билан совдо қилмасликларини айтиб рад жавобини берди. Арзон бераман, ҳеч бўлмаса ўзинг учун олиб қўй, фойдаси сенга бўлади,-ёпишиб олди у Нормуродга. Нормурод ўйлаб қараса, у тўғри айтаябди, дўконда ҳар зомонда ўзининг молини сотса қандай фойда, бошлиқ ҳам уни бошқа товар сотмаябсанми, деб ҳеч текширмаган. Нормурод бир марта олиб кўрмоқчи бўлди. Беш пачкагина олди. Агар шу беш пачка унга жуда қимматга тушишини билганда, у ҳеч ҳам олмаган бўларди. Эртасига солиқчилар келиб, нега рухсати йўқ нарсани сотаябсан деб, дўконни ёпиб, бор молни машнасига солиб олиб кетди. Бoшлиқ нима учун ундан сўрамасдан нарса олганига бақириб, ҳаммасини ўзинг тўлайсан, деди. Нормурод ҳалиям бу сигаретларни ўзи учун олганини айтмади, агар бошлиқ билиб қолганида, уни қаматтириб юборган бўлар эди. Нормурод уйидаги юз мингга яқин пулини олиб келиб берди. Ҳўжайини дўкондан кетган нарсаларни ҳисоблаб, уч минг доллар тўлайсан -деди. У ҳам йўқ демасдан, рози бўлди. Нормурод яна ишсиз қолди. У уйига қайтиб келди, лекин келгани хотинига ёқмади.” Шунча ишлаб, уйга фойдаси тегмаса нима қилaрдингиз ишлаб. Бор пулни яна эгасига қайтарсангиз”-шанғилларди у.
Нормурод уйдан чиқиб отасиникига келди Шу ерда нонушта қилиб, тарих ўқитувчисиикига қарзини беролмаётгани учун узр сўрашга жўнади. Ўқитувчидан яхши одам бўлмаса керак, иккинчи ота-она деб бекорга айтишмайди. Нормуродни Мукаррамов домла дарров тушинди.Кейин у мактаб қоровули Ҳасан чол ўлгандан бери ҳали ҳеч ким йўқлигини,тезда директорга учрашса, уни ишга олиши мумкинлигини айтди,ҳар қалай ойлик келиб туради.Кечаси қоровуллик қилса, кундузлари бекор, бошқа иш қилиб, пул топса ҳам бўлади. Мактаб директори Наби ака Наимов ҳали ҳам ишлаб юрарди. Нормурод тўй костюмини кийиб мактабга келди. Наби ака уни ишга олди, фақат ҳозир зомон бошқачa эканлигини, одамларни майда нарсалардан ташқари, стол, стул, парталаргача ўғирлаб кетаётганини, омбордаги тахта - темирларга эҳтиёт бўлишни, кунига текшириб туриш кераклигини айтди. Нормурод иш топилганидан хурсанд бўлиб, ишлаб юраведи, уйига деярли бормайди. Хотинининг гапидан чарчаб кетади. У йўқ, бу йўқ, у боласига оёқ кийим керак, бунисига польто. Бир қоп ун ярим ойга етмайди. Гўшт, гуруч кам олингандан кейин ун ҳам чидамас экан.
Нормуроднинг иккинчи ўғли Элмурод охирги вақтлари анча маззаси бўлмай турибди.Нима бўлганини ҳеч ким билмайди.Касалхонага олиб бориш нималигини Нормурод жуда билади.Докторлар одамлардан пул олиш учун ҳам касалини ошириб,ваҳима қилиб айтиб юборишади.Хотини кичкина қизини туғмоқчи бўлганда, бола жуда катта бўлиб кетибди, “кесерева” қилиш керак бўлади, шунинг учун тўлғоқ тутмасдан олдин келиб ётиш керак деган.Тўртта туққан хотин бешинчисини туғолмайдими, деб Нормурод хотинини касалхонага юбормаган.Боласи уйда туғилган.,кейин доктор чақиришган. Ўғлини ҳам тузалиб кетар деб ҳеч қаерга кўрсатмади.
Нормурод эрталаб хоналарни очиб юрсa яна дўконнинг ҳўжайини мактабга келибди.
Пулни қачон берасан- дейди. Нормурод унча пулни умрбод ишласа ҳам тополмайди. “Пулинг бўлмаса уйинги сот”- дейди уялмай. “Бермайман демаябман-ку, - деди Нормурод. Бу сафар ҳам минг хил ваъдалар бериб, албатта топиб беришини айтиб уни жўнaтиб олди.
Нормурод энди ўзини рухсати бўлмаган сигареталарни олгани учун койий кетди, у “рухсти бўлмаган” деган сўзни яна бир такрорлади. Рухсати қандайига бор бўлади, уни ким берар экан. Рухсат бергич касби ҳам ўйлаб топилибди-да. Ким бўлса ҳам бу касбни ҳам катта пул эвазига ундириб олган бўлса керак.
Нормурод тиним билмайди, бировнинг токини очиш, ҳовлисини текислаб бериш, умуман қанaқда иш бўлса, ҳаммасини қилади. Бунинг устига Нормурод ичмайди ҳам, чекмайди ҳам,аввалари сигарета чекарди. Кейин бошқаларга ўхшаб носга ўтиб олганди. Наби ака бир куни ёш бўлсанг ҳам раҳматли Ҳасан бободан ҳам носдан кўп отасанми дейман, иси бутун мактабни саситиб юборибди, дегандан кейин уялганидан носни ҳам ташлади.
Нормурод яна тарих ўқитувчисини эслади. Узоқдан кўрингандан у ўзини четга олади. У бечора ҳам пул берганидан афсусланиб ўтирган бўлса керак. Нормурод бекорга тўплаб бераман, - дебди. Ҳар ойи оз-оздан бериб туранда ҳам анчасидан қутилган бўлар эди. Нормурод энди унга бериш учун пул топиш йўлини ўйлай бошлади. Аввалига унинг ҳаёлига Рашид магазинчи келди. Рашид кўпларга қарз берарди, лекин у прoцентга беради. Нормуродга у тўғри келмайди. Кейин у аптекачидан сўрамоқчи бўлди, лекин аптекачи Нормуроднинг пули йўқлигини, қайтариб беролмаслигини жуда яхши билади, сира бермайди. Кейин унинг ҳаёлига мактаб директори Наби ака кеди. Ундан юз сўрамоқчи бўлди. Нормурод ўйлаб-ўйлаб Эшон бобони топди, лекин умрида бировнинг ҳожатини чиқарганини эшитмаган, эшонлар фақат олишни билади, беришни билмайди, шунинг учун Нормурод уникига эмас, Ҳайитбой аканикига боради. Унинг иккита ўғли ҳам Қозоғистонда яхши жойлашган дейишади. Сайфиддинникига борса ҳам бўлади. Мунира опаникига борса-чи? Унинг катта ўғли оиласи билан Москвада ишлайди. Квартираси учун ойига уч юз доллар тўлар экан, демак топиши ҳам яхши бўлса керак. Нормурод узоқларга кетиб ишлаётганларга ҳаваси келди. Боришга ҳам пул керак. Агар Нормуродда йўл пули билан бир ойлик яшашга пули бўлганда албатта кетар эди
У ўрнидан туриб бирга ўсган дўсти, ҳозир автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган Сайфиддинникига қараб йўл олди. Кўчада хотини билан кичкина қизини учратиб қолди.Хотини:
-Ҳа, ота, бормисиз, жуда яхши жойлашиб олдингиз-а, бола чақанинг ташвишини билмайсиз ўзингиз майишат қилиб яшаб юрибсиз. Болаларга мактабга кийим-кечак, китоб - дафтар керак эмасда, ҳа?. Мен ҳам бир ўзим мазза қилиб яшагим келади, сизга ўхшаб. Болалар бир меники эмас, сизники ҳам, ёки эсингиздан чиқиб кетдими, овқатини ўйламасангиз,соғлигини ўйламасангиз, лекин мен сизга ўхшаган ота бўлганимда болаларимни боқа олмаябман деб, ўзимни осган бўлардим.
Нормурод чўнтагидаги бор пулини хотинига бериб, илтимос чақагингни ўчир, эшитганлар нима дейди ахир, - деди.
-Улар билан нима ишим бор, - деб хотини пулни юлқиб олдида, хайрни ҳам насия қилиб жўнаб қолди.
Сайфиддин уйда экан, уни яхши кутиб олди. Пул сўраб келганини эшитиб, “ўзинг биласан ҳозир бировга пул бериб туришга ҳам қўрқасан, бултур қўшним олган пулини ҳали қайтаргани йўқ, - деди. Пулим йўқ эмас, кузда ўғилларимга тўй қиламан деб йиққаним бор, ростдан биринсчи марта сўраб келишинг, унинг устига пулим йўқ десам, ишонмайсан, ўзим ҳам алдагим келмайди. Агар қайтариб бера олсанг ол,тополмай қоламан десанг, ўзинг ўйлаб кўр. Менга фақат тўй бошлаябман деганимда берсанг бўлди”.
Нормурод пулни бир олмоқчи бўлди. Мукаррамовдан қачонгача қочиб юради. Кейин яна ўйланиб қолди, агар Сайфиддинга топиб бера олмаса-чи, унда нима деган одам бўлади? Нормурод ишлаб бунча пулни ҳеч ҳам топа олмайди. Кимдир жарроҳларга ички органларни сотиш мумкин деган эди, қаерда топшириш мумкин экан, Нормурод шуни суриштириб кўрмоқчи бўлди. Сайфиддиндан пулни олмади.
Бир куни Нормурод мактаб ҳовлисини супириб юрарди. катта қизи ҳовлиқиб чопиб келди.Элмурод ёмон бўлиб қолибди. Нормурод доктор чақирди.Бола сариқ бўлган экан, ўтиб кетибди.Элмуродни докторлар олиб қолиша олмади.Нормурод бу боласидан ажралиб қолди.
Ёзда ҳамма таътилга кетиб, мактабда Нормуроднинг ўзи қолди. Бу ёз у ҳеч қаерга чиқа олмади. Уйдаги ташвишлар,Элмуроднинг ғами Нормуродни жуда толиқтириб қўйди. Мактабни ҳам ташлаб чиқишган қўрқди.
Ундан қурувчи ҳам, яхши деҳқон ҳам чиқмади. Туманда ўсганлар шаҳарликлардан ҳам, қишлоқдагилардан ҳам фарқ қилади. Қишлоқдагилар деҳқончилик ишларини яхши қилишади. Шаҳарликларнинг ҳар қандай вазиятг жавоби тайёр туради. Туманликлар иккаласини ҳам бажара олмайди.
Ойликни олгач, тузиб қўйган режасига кўра аввал уйига ун, гуруч, ёғ олди. Хотинини қўлига озроқ пул берди.
-Бир чойнак чой ичиб олай, эрталаб нонушта қилмаганман - хотинидан рухсат сўрагандек у уйига кирди, чойни дастурхонга қўйилган яримта нон ва тўртта парварда билан мазза қилиб ичиб олди. Уй барибир уйда. Чойнинг маззаси ҳам бошқача бўлади.
Нормурод мактабга келса, дўкочи уни кутиб ўтирган экан. Бу сафар у чўнтагидаги бор пулини қарз ҳисобига эмас, йўл пуллари ҳисобида бериб қутилди. Нормуроднинг отасиникига бориш режаси барбод бўлди. Улар Нормуродни авваллари болаларимизнинг энг ақиллиси деб яхши кўришар эди, энди болаларимизнинг энг камбағали деб ачиниб яхши кўришади. Абдуназар ака уни ўқитишга ўқитди, ишга жойлаш қўлидан келмади, нима қилсин энди. Онаси, келмасанг ҳам соғлигингни, тўқлигингни эшитиб турсам етади, болам, - дейди.
Кузнинг келиб қолганини у сезмай ҳам қолди. Энди у яхшилаб ишламаса бўлмайди. Фермерларга помидор теришга чиқди.Арзимаган пулга у пахта теришга ҳам рози, лекин ҳар ким ҳам уни ёллайвермади. Ўзимиз кўпчиликмиз, териб оламиз, ёрдамчи керак эмас - дер эди кўп ҳўжаликлар. Нормуроднинг қилмаган иши қолмади:пиёз терди, олмага чиқди, кеч кузда ток кўмди. Қоровуллик ҳам одамлар ўйлагандек осон эмас. Кечаси икки уч марта туриб ҳамма жойни кўриб чиқади.
Бир кун олдин дўконнинг ҳўжайни келиб хат ташлаб кетибди, шу хафта ичида дўконга пул олиб кел деб. Нормурод албатта бормайди. Беришга пули йўқ, иккинчидан вақти йўқ, ток кўмишга тонг азандан кетиб, кеч бўлганда қайтиб келади, учинчидан бекорга йўлга пул кетказиб нима қилади.
Қиш ҳам бу йил қаттиқ келди. Газлар пасайиб кетган, хоналар музлаб ётибди. Ўтини борлар уйларига қадим зомоннинг тунука печкаларини қуриб олган. Йилдан йилга газ камайиб кетаябди. Энг ёмони, газ камлигида учиб қолиши, кейин сал кўпайганда одамлар уй ичи билан заҳарланиб ўлаётганлиги. Икки уй нарида турадиган Умар акалар хотини, бола-чақаси, умуман ўн бир жон бир кечада ўлиб қолишди. Улар тўғрисида на газетада ёзишди, на радиода айтишди. Қайси бир туманнинг ҳокими ҳам газдан заҳарланиб ўлган эмиш,ўғли билан уйда экан, ўғли тирик қолибди. Нормурод бу гапга унча ишонгиси келмайди. Ҳокимнинг уйида газ бўлмаса, газ қаерга кетаябди. Унинг ватани дунёда газ чиқаришда энг олдинги ўринлардан бирида туради. Газ ҳам чет элга сотилиб, чўнтакка урилаётган бўлмаса нимага йўқ. Нормурод шуларни ўйлаб, уларни суд қилиб, оғзидан отиш керак, ёки Саддам Ҳусайиндек осиш керак, деб ўйлади. Бечоранинг халқи биздек ночор яшамаган эди,- раҳми ҳам келди Нормуроднинг.
Янги йилдан кейин бир куни дўкончи яна Нормуродни қидириб мактабга келди. Бу сафар улар уч киши бўлиб келишибди. Нормурод унинг ёнидагиларини кўриб қўрқиб кетди. Турмадан қочган каллакесарларга ўхшайди. Дўкончи бугун жуда сержаҳил, унинг гаплари қўрқинчли эди. Аксига олиб ҳозир ҳамма қишги таътилда. Дўкочи унга пулни берасанми ёки ўлмоқчимисан, - деди. Нормурод унга пули йўқлигини, қолавеса у дўконнинг пулини бир тийинини ҳам емаганини айтди, дўкончиниг баттар жаҳли чиқди.
-Юр уйингга борамиз, уйингни сотиб пулини берасан, - деб туриб олди. Шу вақти уй оламан деб ўлаётганлар йўқ, қиш бўлса, бoлалар уйда, уларни қаерга қўяди. -Болаларингга мен жой топиб бераман, дори берасанми, газни очиб қўясанми ўлдириб ташла, ҳамма нарсадан қутиласан, боқиш ташвишидан ҳам, қариздан ҳам.
Бундай гапларни ҳеч эшитмаган Нормурод “нима деябсиз, ўйлаб гапираябсизми одам боласини ҳам ўлдирадими”,-деди.
-Ўзинг ўлдира олмасанг, ёрдам берамиз,- деб ўлдиришга тайёр турганларни кўрсатди дўкончи.
Нормурод уларни ҳеч нарсадан қайтмаслигини эндигина тушунди. Кейин у ялинишга тушди.
Болаларимга тегманглар, уларда нима гуноҳ, майли мени ўлдирсаларинг розиман - йиғлаб юборди у.
Бир пасдан кейин дўкончи сал ҳовридан тушган бўлиб
- Сени ўлдирмаймиз, ўлдиргандан менинг пулим қайтиб келадими - яхшиси қаердан бўлса ҳам пулимни топ, - деди.
Умуман дўкочи у деди, бу деди, охири Нормурод уйини сотиб баҳорда пулини олиб бориб беришга сўз берди. Бу ваъдасини энди у ёзма равишда тилхат қилиб берди, қўл қўйиб, адресини, иш жойини ҳам кўрсатди. Дўкончи унинг охирги келиши эканлигини, агар бермаса уруғ аймоғидан бир кишини ҳам тирик қолмаслигини айтиб қайтиб кетди.
Улар кетгач Нормуродни баттар ваҳима босди. Телпагини бостириб кийиб, шошиб уйи томон жўнади. Нормуроднинг уйидагилари совуқдан ҳаммаси бир уйда тиқилиб олганди, бир вақтлари унинг олиб келган иккита эски электор иситгичи қўйилган бўлса ҳам, гапирса оғиздан буғ чиқиб турарди. Нарги хонага кириб бўлмайди, нақ музлатгичга киргандек совуқ. Нормурод кичкинасини тиззасига олиб озроқ ўтирди,иссиқ чойдан икки пиёла ичиб, ҳеч нарса демай ўрнидан турди,.энди у ўзини анча босиб олганди. Уларни ҳеч нарсадан ҳабари йўқлигини кўриб, Нормурод тинчиди.
Иши томон кетар экан, Нормурод энди бундай яшаб бўлмасликни ўйлади, нима бўлганда ҳам бу йил кунлар исигандан ишдан бўшаб, Қозоғистонга ёки Россияга кетади, қарзлари ҳам анча. Дўкончидан уйини сотса ҳам қутулмайди. У ҳам Нормуродни энди тинч қўймайди. Бунинг устига қанча ишламасин, Нормурод қорни тўйиб овқат емайди, охирги марта гўштни Сайфиддинникида тўйда еган эди. Бошқа тўйга у бу кузда бормади, тўйларни ҳам ҳар ким ўзининг қариндошлари билан кичкинагина қилиб ўтказиб юборадиган бўлишган. Нормурод эса кичкина тўй ҳам қилолмади. У учта ўғлига бир мулла билан битта устани чақириб суннат қилдирди. Элмуродини эслаб Нормуроднинг кузидан ёш чикиб кетди. На тўй, на чупрон қилди. Қариндошларини ҳам чақиргани йўқ. Муллага битта кўйлак, тўртта нон, ярим кило қанд ўраб берди. Устанинг қўлига икки минг сўм билан тўртта нон берди.
Ҳа, одамлар авваллари қандай тўйлар қилишарди. Укаларининг тўйида унинг отаси Қўриқда кўпкари берган. Кўпкарига гилам, телевизор, йигирмата тўн қўйилган, бошқа нарсалар Нормуроднинг эсида йўқ. Нормурод уйида ўшанда қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй бўлди деб тассaввур қилган эди, чунки келолмай қолганлар тўй ўтгандан кейин ҳам анча вақтгача "муборак бўлсинга" келиб туришди. Туркистонлик танишлари бир йилдан кейин ярим қоп гуруч, битта қўй, битта гилам олиб келишган. Ҳозирги зомонда ким-кимникига шунча нарса олиб бора олади. Ким нима деса десин, Нормурод одамлар аввал яхши яшарди, ҳозир ёмон яшайди деб айтишдан қўрқмайди. Бошқа ҳеч қаерда бунчалик ёмон бўлмаса керак.
Нормурод бу йил албатта кетади. Хотини ҳам эрга текканини унутган шекилли, уни эр деб хисобламайди. Унга пул бўлса бўлди. Ойликни ҳам янги йилдан олдин беришган. Икки ой бўлаябди пулдан дарак йўқ. Хотин - қизлар байрами олдидан ўқитувчилар директорга тўполон қилиб, ойликни бермасаларинг, байрамдан кейин ишга чиқмаймиз, дейишди. Директор район халқ тaълими бўлимига бориб масалaни кўндаланг қўйди. Охири еттинчи март куни кеч бўлaй деганда унинг қўлига ўқитувчиларнинг ойлиги тегди. Наби ака Наимов Нормуродни бугун ва эртага унинг хонасида ухлаши кераклигини айтди.
-Байрамгача ойликларни беролмадик, тўққизинчида тарқатамиз, сейфга эҳтиёт бўл,хонани бир дақиқа ҳам ташлаб чиқма, - деб қайта-қайта тайинлади у.
Нормурод директорга айтганини албатта бажаришга сўз берди.
Тўққизинчи март куни Наби ака Наимов мактабга ҳар доимгидан эртароқ келди. Хонасига кириб хушидан кетиб қолай деди. Сейф бузиб ташланган, ичида эса бир тийин ҳам йўқ. Сейфнинг устидаги қоғозда "Наби ака, вақти келиб бу пулларни қайтарарман, илтимос, мени қидиртирманг, барибир тополмайсиз" деган Нормуроднинг ёзуви. Отасиникида ҳам, ўзининг уйида ҳам Нормуроднинг бўлмаслигини ҳамма билсада,тезда у ерларга одам юборилди.Нормурод эса ростдан ҳам ҳеч қаерда йўқ эди.
ОРЗИГУЛ
ORZIGUL
1 comment:
пособие для молодых родиелей.
Мы представляем интересное пособие которое поможет всем
молодым родителям узнать как надежнее ухаживать за вашим какрапузиком наш http://rubebi.ru
Извините что может не в ту раздел написал. но не нашел раздел общения
[url=http://rubebi.ru/mult/1409-legenda-o-grige-1967.html]Легенда о Григе (1967) : Энциклопедия для родителей[/url]
Post a Comment