Thursday, April 19, 2007

ЙЎҚОЛГАН ХЎРОЗ - Яхшилар бор экан дунёда (қўшиқдан)

ЙЎҚОЛГАН ХЎРОЗ

Яхшилар бор экан дунёда (қўшиқдан).

Барчиной ёнғоқ, майиз,олтита патирни қоғозга ўраб, бир тугун қилди-да, тўр сеткага солди. Кийимларни эса ўғлининг баскетболга олиб юрадиган сумкасига жойлади.

Эрталаб Барчиной эри билан ғижжиллашиб қолган.

-Гаплашинг эди,одамлар олиб қолаябди-ку,албатта бизники кетиш керакми, молларни сотинг эди, - алам билан бақирди у, қўйнинг оғзидан чўп олмаган эрига.

-Гаплашдим, учта ўғилларинг бор экан, битта бўлганда бир иложини қилиш мумкин эди, деди. Унинг устига, Фахриддинингга ўхшаган баққуват,соғлам болага касал деб справка тўғрилаш қийин экан. Ҳеч бўлмаса унинг районнинг биринчи баскетболчиси бўлмаганда эди, ҳеч ким уни билмас эди. Ўшанда қолдиришнинг иложи бўлиши мумкин экан. Мен қолдира олмадим, қўлингдан келсa ўзинг олиб қол эди ,- ота ҳам бўш келмади бу сафар.

Барчинойнинг ҳамма боласи туғилганидан бўлиқ бўларди. Худо унга учта ўғил, учта қиз берди. Ўғилларини ҳақиқий Алпомишлар деса бўлади, жисмонан кучли, келишган болалар. Қизлари оппоқ-оппоқ дилбар қизлар. Кўрганнинг ҳаваси келади. Катта қизи Шаодатга мактабни битирмасдан совчилар кела бошлади. Кузда уни қишлоғидаги Назарбой аканинг ўғлига беришди.

Барчинойнинг кенжаси Хўрозвой тўртга кирган, у ҳаммасидан бошқача. Хўроз деган отни унга йиғиси қичқириққа ўхшагани учун қўйишди, аввал акалари Фахриддин, Салоҳиддинга ўхшатиб Аслиддин қўйишмоқчи бўлган. Кичкина бўлишига қарамай, Хўрозвой акаларининг гапларини ҳаммасидан ҳабардор бўлиб юради. Фахриддинни армияга кетишини ҳам Барчиной Хўроздан эшитган.

- Акам Афғонистонга урушга кетади, немисларни ўлдириб ташлайди, герой бўлади, кейин мен бораман. Мен командир бўламан, сиз командирларнинг ойиси бўласиз. - Хўроз ойисининг қучоғидан чиқиб, қоматини тик қилган ҳолда, ўнг қўлидаги тўрт бармоғини қулоғи билан қошининг орасига қўйиб, чест бераётган солдатлардек юриб кўрсатди.

Барчинойнинг ичига чироқ ёқса ёримайди. Урушга юбориш нималигини Барчиной жуда яхши билади. Онаси шўрлик учта бола билан эрини урушга кузатганда Барчиной бирга кирган экан. Онаси бутун умр кутиш билан ўлиб кетди. Барчиной эса, ота меҳри нималигини билмай ўсди. Хўроз ойисини хафа бўлиб ўтирганини кўриб, унинг бўйнидан қучиб, сочларини силаб, юзидан ўпиб қўйди.

Фахриддин ҳам урушга бораябди, уни ёш деб Барчиной уйлантиришни ҳали ўйламаган ҳам эди.” Фашистлар билан бўлган уришда афғонлар келиб ёрдам берганмиди, нимага унинг боласи етти ёт бегона юртга бориб уришиши керак экан?” - Ҳамма нарсадан ҳам шунисига у чидай олмас эди.

Фахриддинни Афғонистонга олиб кетишди.

Кунларнинг бирида ҳарбий коммиссариатдан уч киши келиб, Фахриддинни жангда ҳалок бўлганини, икки кундан кейин тобут олиб келинишини, дафн маросимига ҳарбийлар, раҳбар ходимлар, мактаб ёшлари қатнашишини айтиб таъзия билдириб кетишди. Бу хабарни эшитган Барчиной билан эри ўзини бутунлай йўқотиб қўйишди. Хайрият опаси, акаси, эрининг укалари бор экан, ҳовлини тайёрлаш, таъзияни ўтказишга улар бош-қош бўлиб туришди.

Тобутни айтганларидек икки кундан кейин кечга томон олиб келишди. Улар Фахриддинники деб иккита китобчадек нарса беришди. Биттасида унинг хужжатлари, расмлар, хатлар бор эди. Иккинчиси бир неча қават қоғозга ўралган бўлиб, скoч билан чиройлик қилиб ёпиштирилган эди. Фахриддин уни юрагимга яқин турсин деб кўкрагининг чап чўнтагида олиб юрар экан. Улар эхтиётлик билан очиб кўришса, Барчиной ёпган патирнинг бир тўғрами эди. Тобутни oлиб келган солдатлар иложи борича уни очмасликни тавсия қилишди. Очмаслик, мусулмончиликка тўғри келмаслигини, унинг устига болани кўрмай кўмиб юбориш умрбод армон бўлмасин деб, улар кечаси тобутни очишмоқчи бўлишди. Тобут билан аввора бўлиб юрган катталар Хўроз билан иши йўқ эди. Хўроз эса тобут атрофида "акам ўлдими, акам шуни ичидами," - деб гирди капалак бўлиб айланиб юрарди. Тобутни очишганда, у додлаб уйдан қочиб чиқди. Шундан кейин у тилдан қолди. Эртасига ҳовлини одам босиб кетганда ҳам, тобутни кўмишга олиб кетишаётганда ҳам Хўрознинг овози чиқмади.

Йиллар ўтиб Хўроз кўркам, хушрўй, бақувват йигит бўлди. Ёшлигида орзу қилган командирлиги бўлмади, у ҳаттоки мактабга бормади, ўқиш нималигини тушинмади ҳам. Ўша мудҳиш кундан кейин у бутунлай гапдан қолди. Докторларнинг, нервлари қаттиқ таъсирланган, кейинчалик тузалиб кетар, дегани ҳам ёлғон бўлди, табиблaр ҳам фойда бермади. Хўроз ақли заиф, гапирa олмaйдиган ногиронлар қаторидан жой олди. Барчиной ҳам тағдирига тан бериб, ярим юрак бўлди яшайверди. Худонинг олдида бандаси ожиз, албатта.

Улар қизларини чиқарди, Салоҳиддинини уйлантирди. Хўрозига эса, ёши уйланиш вақтидан анча ўтиб кетган бўлса ҳам, Барчиной бировнинг қизини сўраб бормади, ким ҳам қизини берар эди. Хўроз ўзини эплай олмаса, хотинни эплармиди.

Фахриддиндан кейин эри ҳам чўкиб қолди.” Болаларим орқамда қолсин эди.Болам ўлиб кетди,” - деб у айбдордай, ўзини ҳали кечира олмайди.

Хўроз акасидан ҳам баққувват, ақлий заифлик уни жисмоний томондан яна кучлироқ қилиб қўйган чамаси, дала ишларини бир ўзи эплаб ташлайди. Ишни унга кўрсатишса бас, чaрчаш нимa билмайди. Акаси Салоҳиддин районга қатнаб, алоқа бўлимида ишлайди, ҳовли ишларига унча қўшилавермайди.

Бир куни Барчиной қудасиникига тўйга бориб, эртасига уйга келганда, уйда Хўроз йўқ эди. Ҳеч қаерга бир ўзи боролмайдиган боланинг қаерга кетгани Барчинойни ташвишга солиб қўйди. Аввалига қариндошлардан кимдир уйига ёрдамга олиб кетгандир, деган ҳаёлга борди, аммо улар айтиб қўйган бўларди. Суриштирмаса Барчинойнинг юраги тинчимайди. Эрини, Салоҳиддинни қўшни қишлоқларга юбориб, ўзи опаси билан акасиникига караб йўл олди. Уларникида Хўроз йўқ эди. Эри ҳам, ўғли ҳам ҳеч қандай хабар олиб келишмади.

Кунлар ўтаверди, ҳеч қаерда Хўроз йўқ. Боладан, айниқса Хўроздай боладан тириклайин ажралиш Барчинойларга ҳамма нарсадан қийин эди. Ҳозир замон ёмон бўлиб кетган. Хўроз шўрликни биронта уйига яшириб, ишлатиш учун олиб ўтирган бўлса, у қочишни ҳам билмайди. Ҳеч ким унга овқат бермаса, сўраб емайди. У уйида бирон марта ўзи овқат сўрамаган, онаси ёки кеннойиси берган овқатни қолдирмай еб олар эди.

Хўрозни отаси ёки акаси чўмилтириб, гулдек қилиб қўйишарди, энди қай аҳволда юрганини Барчиной билмайди, қай аҳволда бўлса ҳам, соғ юрган бўлсин, деб уйларди. Ёмонларнинг қўлига тушиб қолса, улар уни гапиролмаслигини кўриб, устидан кулиб, уриб қийнаб қўйишади.

Қишлоғидан биттаси Хўрозга ўхшаган йигитни автобусга ўтираётганини қўрибди. Бу гапдан кейин уни бошқа колхоз, бошқа туманлардан қидиришди, Хўроз топилмади.

Туман ички ишлар бўлимидагилар ҳам, ҳарбий коммиссариатдагилар ҳам ҳеч нарса билишмас эди.

Хўроз ўзи уйга қайтиб келишни хам билмайди, унинг билгани -биров кўрсатган нарсани бажариш. Хўроз ойисини хафа бўлганини сезади шекилли, ёшлигидагидек сочларини силаб юзидан ўпиб қўярди, отинг нима десa хўроз бўлиб қичқиради, шу қоматига кўнгли жуда бўш, бировнинг уришганини дарров сезади, кўзидан ёши чиқиб, йиғлаб юборади, бошқа деярли ҳеч нарсани билмайди. Оёқлари лой бўлиб кетса, биров кўрсатиб, юр ювамиз демаса, ўзи шуни ҳам билмайди.

Барчинойларнинг оиласида икки ойдан бери тинчлик йўқ. Хўрозни қидирмаган жой қолмади. Фақат газеталарга эълон берилмади. Газета ҳам ҳозир фақат катта шаҳарларда ўқилса керак, уларнинг қишлоғида бирон киши обуна бўлмаган. Обуна бўлганлар бўлса ҳам, газетани олиб келувчи йўқ.

Барчиной қудаси билан Тошкентга келди. Улар бир Жўрабоев деган редакторга воқеани айтиб беришганда, у редактор текстини ҳам ўзи ёзиб, ундан бир тийин олмасдан, эълонни газетанинг навбатдаги сонига чиқаришини айтди.

Улар уйларига қайтиб келишди. Газета ўқйдиганлар бор экан. Тошқўрғон бозорининг олдидаги бекатда битта мактаб ўқитувчиси саҳарда Хўрозни топиб олибди. Тошкентдан хабар келгандан, Барчиной эри билан уни олиб келгани кетишди. Ўқитувчи Хўрозни ювинтириб, кийинтириб қўйган экан.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

Sunday, April 15, 2007

ИНСУЛЬТ

ИНСУЛЬТ

Қодирқул ўзига келганида тонг ёришиб қолган эди. У ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин оёқлари унга бўйсинмади. Унинг ётган жойидан автобус бекатигача йигирма қадам ҳам чиқмайди. Бекатгача етиб олса, биронта йўловчи келиб қолганда, ёрдам сўрайди.

Қодирқулнинг ҳамма жойи зирқираб оғриганидан қимирлашга ҳам кучи етмади. Боши лат еган деса, ўзига келмаслиги керак эди. Ўрнидан туролмаганига, у оёғини шикастланган бўлса керак, деб ўйлади. Кучи кетиб, у яна ерга ёпишиб ётиб олди. Танаси бироз ором олгандек бўлса ҳам, лаблари қуриб ичи ёниб кетаётганидан яна бошини кўтарди. Унинг шундай ётиши бир қултум сувга боғлиқдек, гўё сув ичса у бемалол туриб юрадигандек эди. Атрофга қараб чиқди. Кўлини чўзиб, четларда ўсиб ётган ўтлардан бир тутамини юлиб, оғзига солди. Шудринг сувини сўриб, чанқоғини қондирди. Умрида ҳеч қаери оғримаган Қодирқул қаерлари зирқираб оғриётганини тушунмай, ҳамма жойини пайпаслаб кўриб чиқди: қорни деса қорни эмас, юраги уриб турибди.

Ўтиришга ўтирди, лекин туролмади, Қодирқулнинг боши айланиб, яна ётгиси келди. Шундай бўлса ҳам у бор кучини йиғиб, тиззасида юра бошлади, кейин эмаклашга ўтди. Мана бекатнинг темир панжараси, ичкарида скамейка. Қодирқул бир амаллаб скамейкага чиқиб ётиб олди. Энди у фикрини бир жойга тўплаб, унга нима бўлганини эслашга ҳаракат қилди. Якшанба куни у бозорга келган эди. Демак бугун душанба, душанба куни бу ерда биронта ҳам йўловчи бўлмаслиги мумкин.

Тошқўрғонда қадимдан фақат икки кун, шанба ва якшанба кунлари бозор бўлади. Бу кунлари бозорга келганларнинг сон саноғи бўлмай кетади. Нарса ташувчи машина, эшшак арава, от арава, мотоциклчилар тинмай қатнаб ётади.

Мактабда адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлаган Қодирқул, ойлик билан оиласини боқишга қийналиб қолганидан, тўрт йилдан бери ота касбини қилиб, шанба -якшанба кунлари молбозорга даллоллик қилишга чиқар эди.

Шу сафар бозорда анча ушланиб қолди. Охирги автобусга улгуриш учун шошиб келаётганида, йўлтўсарлар уни уриб йиқитишди. Қодирқулнинг кўзига биттаси танишдек кўринди.

Йўлтўсарлар уни машинасида олиб кетиб, ярим кечаси ташлаб кетишганини Қодирқул билмасди. Пулимни олгандир, - ўйлади у, чунтагида пули бор-йўқлиги уни қизиқтирмасди. Тирик қолганидан, ҳаёли жойида эканлигидан кўнгли озроқ тинчигандек бўлди, энди фақат биронта одам келиб қолса бўлди.

Бундан тўрт йил олдин Қодирқул бозорга келаётганда, тонг саҳарда шу ерда ухлаб ётган йигитни топиб олган эди. Республика газетасида Қодирқул бир йигитни йўқолганини, бу йигит ақли заиф бўлиб, ҳаттоки гапира олмаслигини ўқиган эди. Қодирқул унинг ўша йигит эканлигига ишонч ҳосил қилгач, бозорга ҳам бормасдан, уйига олиб келган. Эртасига почтага бориб Тошкентга телефон қилиб, воқеани айтиб берганди. Ўша куниёқ йигитнинг ота-онаси етиб келиб, минг раҳматлар айтиб уни олиб кетганди.

Қодирқул ҳам биронта келиб унга ёрдам беришига ишонар эди, лекин ўшанда якшанба эди, бугун эса душанба. Шу ўйлар билан Қодирқулнинг кўзлари яна уйқуга кетди. Уйғонганда, унга шундай туюлди, аслида ўзига келганда, қуёш қоқ тепага чиқиб қолган эди. Бу вақт ичида одaм зоти ўтганга ўхшамайди.

Шу ётишда анча ётди. Бир вақти қандайдир овозлар эшитилди. Бошини кўтариб чақирай деса, кучи етмади. Қодирқул уларнинг ўзлари бекат томонга келаётгини қадамларининг яқинлашаётган овозидан сезди.

“Бу томондан юр, биронта пиёнистдадир, сўкиб солмасин яна”, - деган аёл овози эшитилди. Шундан кейин қадамлар узоқлашди, кейин эса умуман эшитилмай қолди. Қодирқул бор кучини йиғиб ўтканларга кўринсин деб, юзини кўча томонга буриб олди, яна ҳолисизланиб кўзларини юмди.

Эрини бозордан келмаганидан ҳовотирланган Бибисора боласини бешикка белаб, ташқарига чиқди. Биронта ўртоғини учратиб, тўй-пўйга кетгандир, ўйлади у. Лекин у бозор кийимида ҳеч қаерга бормас эди. Қодирқул ёзда кийиш учун бозорга узун яктагини оларди. Совуқ кунлари чопонда борарди. Кўйлакни доим тоззасини, шимни эса эскисини киярди.

Яктакни ўраб, сеткасига солиб олгандир, хулоса қилди Бибисора ва уйига кириб ётди. Эртасига тушгача ҳам эри келмагач, целлофан пакетга бир баклашка сув олиб, мактабдан энди келган ўнга кирган катта ўғли билан автобус бекатига келди. Бундай кунлари Тошқўрғoнга автобус юрмас эди, улар ўша томондан ўтадиган катта автобусга ўтириб олишди. Тошқўрғоннинг бурулишига келганда, ҳайдовчидан автобусни тўҳтатишни сўраб, тушиб қолишди. Нарёғига ярим соатлар пиёда юрилади.

Улар бекатга етиб келишганида, Қодирқул беҳуш ётар эди. Рангида қон йўқ. Фақат нафас олаётгани сезилиб турибди. Бибисора ўғилчасини қўрқитиб юбормаслик учун, даданг касал бўлиб қолган, мен машина ушлаб келай, деб югуриб катта йўлга кетди.

Нима қилишни билмай турган бола, дадасига тикилиб турарди. Пастки лабини ялагандек бўлиб Қодирқул ютинди. Ёш бўлишига қарамай, бола ерда ётган пакетдан баклашкани чиқариб, сувидан отасининг оғзига томизди.

Қодирқулнинг жонига ором кирди, кўзини очишга ҳаракат қилди. Бола қўллари билан дадасини бошини ушлаб, секин, “дада сизга нима бўлди?”- деб сўради. Боласини овозини эшитган Қодирқул, жилмаймоқчи бўлиб, бир нарсалар деди.

Уни касалхонага олиб келишди. Касалхонада Қодирқулнинг жони узилди. Докторлар мурдани уйга бериб юборишмади. Ўлим сабабини аниқлаш кераклигини айтишди. Уни текшириб кўришганда, кўпгина ички органлари йўқ эди. Бу жиноят иши эканлигини билган доктор, ёпиқ қозон ёпиқлиғича қолсин деб, югур-югур кўпайишидан қўрқиб, “инсульт” деб ташвих қўйиб берди. Қодирқулнинг жасадини қариндошлари олиб кетишди.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

Saturday, April 7, 2007

ҚОРАВУЛ

ҚОРАВУЛ

Нормурод дипломини олиб ота-онасининг бағрига қайтиб келди.

-Хафа бўлма бакалавр бўлса бакалаврда,магистратура деганига пул топганингдан кейин ўқирсан,энди бирон жойга ишга кириб олсанг марра сеники, - Абдуназар ака уни тинчитди.

Институтни битириб ўғлининг олий маълумот ололмай келганини Абдуназар ака барибир тушунмади,”ҳуқуқшунослик техникумини битирса ҳам бўларкан"-ўйлаб қўйди ичида.

Ота-бола роса иш қидиришди. Ўқитишга пул топган одам, ишга жойлаштиришга пул тополмаганига ҳайрон бўлди кўпчилик. Улар Нормуродни пулсиз ўқиганини билишмайдида, билишса бундай демаган бўлар эди. Нормурод аввалдан яхши ўқиган, иккинчидан, институтга кириши шарт бўлган талабалар билан бирга тест топширган. Сафаров деган бола кириши керак экан, рўйхатга Нормуродни ҳам Сафаров бўлгани учун адашиб қўшиб қўйишибди.

Нормуродга иш топилмади,тўғрироғи ишга кириш учун пул топилмади. Қўшнисининг ўғли молия институтини тамомлаб келди. У ҳам аввалига анча вақт ишсиз юрди. Кейин тумандаги якка-ю ягона банкка жойлашиб олди, бошлиққа мингга яқин Америка доллари берибди. Унинг укаси Америкада ишлайди. Пул кераклигини эшитгандан юборибди. Қўшниси яхши одам, Абдуназар акадан ҳеч нарсани яширмайди, ўзи айтган .

Абдуназар ака долларни ҳали кўрмаган, унинг ҳеч кими чет элга кетолган эмас.Катта ўғли Абдимуродни Кореяга ишга юбормоқчи бўлиб роса югурди. Абдимурод бечора бораман деб, корейсча ҳам ўрганиб олди. Кейин билишса, йўл пулидан ташқари юбораётганларга яна ким қанча ҳақ бериш керак экан. Бор бисотини сотган Абдуназар ака бошқа пул тополмади. Абдумурод Кoреяга кета олмади.

Нормуродга эса иш қидирмай ҳам қўйишди. Дастлаб Нормурод қурилиш билан шуғулланувчи дўстларига қўшилиб майда ишларни қилиб юрди. Қишда, бекор бўлиб қолган вақти пойтахтга қатнаб, Госпитал массивидан кўчиб кетмоқчи бўлаётган жуҳут, ўрислардан эски газ плиталари, телевизор, музлаткич, труба ва шу каби нарсаларни арзонроқ нарxда олиб келиб туманида сотиб юрди. Отаси унга атаб олиб қўйган ҳовличадан баҳорда бир том, бир даҳлиз қурди. Абдуназар ака кичкинагина тўй қилиб, дўстининг қизини олиб бериб, унинг бошини иккита қилиб қўйди.

Кимдир Қўқондан қурилишда ишлатиш учун одам топиб келибди. Улар жуда яхши усталар экан. энди ҳамма уларни чақирадиган бўлган. Нормуродларга деярли иш қолмаган, ҳар зомонда туман атрофидаги қишлоқларда айримлар пахса қуриш, молхона, ҳожатхона қуришга чақиришади, кўплар эса бу ишларни бола-чақаси билан ўзлари эплаб ташлайди.

Нормурод энди фақат жуда оз нарсани ҳоҳлайди, болалари оч юрмаса, хотинига кийим кечак олиб беролса бўлди. Ўзининг устидaги кийими билан иши йўқ. Унинг тўйида кийган костюм - шими янгидек турибди, ҳар зомонда керак бўлганда аввайлаб кияди. Бошқа кунлари йиртиқ- ямоқ ишчи кийимида юраверади. Ҳамма уни ҳуқуқшуносликни битирганини унутиб бўлган, кийимига эътибор бермайди, ишчига қарагандек қарайди.

Хотинни ҳам ҳозирги зомонда ўйлаб олиш керак экан. Нормуроднинг хотини Зарифалар жуда кўпчилик, беш қиз, икки ўғил, амма- тамма, холаларининг сони йўқ, уларнинг нимаси кўп - тўйи, туғилган куни, ўлган куни кўп, умуман Нормуроднинг топгани уларга кетади. Яқинда Зарифанинг иккинчи синглиси ўғлига тўй қилди. У Зарқўрғондан ҳам наррироққа тушган. Қариндошларни машинада олиб бориш Нормуроднинг навбати экан. Бир кунга Дамас кира қилиш палон пул. Нормурод бирга ишлаган дўстидан юз минг сўм қaрз олиб келди. Ўн кун ичида қайтаришини айтди, айтишга айтди, лекин қандай қайтаришни ўзи билмайди. Тўйдан қайтиб келганда, Нормуроднинг қўлида қолган пул беш мингга ҳам етмас эди.

Шу орада унинг катта қизчаси типирчилаб "вой қорним"га тушиб қолди. Касалхонага олиб келса, "кўр ичак" бўлиб қолибди, тезда операция қилинмаса, ёрилиб кетиш мумкин. Касалхонада дори у ёқда турсин, дока, пахта деган нарса ҳам йўқ. Пахтатининг кони бўлган давлатда ҳеч бўлмаса энг арзон сунъий пахта ҳам йўқ. Унининг устига касалхонага операция учун пул тўлаш керак. Ҳамма давлатларда кўп болалиларга, ишламаганларга касалхоналар текин. Қўшнисининг Америкага кетган укасининг гапига қараганда институтни томомлаб иш тополмаганларга ҳам давлат ҳар ойда пул бериб тураркан. Бу ерда эса, институтдан, коллеждан кўп нарса йўқ. Битирганлар билан ҳеч ким қизиқмaйди. Ҳамма ишсиз. Катталарнинг қўлидан халқини боқиш келмас экан, чегараларни очиб, кетишга рухсат бериб қўйсин, Америкада ишлаб кетувчи мексикаликларга ўхшаб, булар ҳам бошқа жойда қийналмай ишлаб келади.

Нормурод хафа бўлиб уйига қайтаётганда тaрих ўқитувчиси Мукаррамовни кўриб қолди. Бу ўқитувчи Нормуродни жуда яхши кўрар эди. У ўқитувчисига қизини касалхонага тушганини, унга уч юз минг жуда керак бўлиб қолганини айтди. Ўқитувиси кўп ўйланиб ўтирмай фақат бир - икки ой ичида қайтариб берсанг бўлди, деб уйидан уч юз минг сўм чиқариб берди. Нормурод юз мингини дўстига бериш учун олиб қолиб, қолганини хотинига қизи учун касалхонага сарфлайсан деб берди. Нормурод бу пулларни қайтариш учун яна иш қидириб чиқиб кетди. Ҳеч кимга ишчи керак эмас.

Эртасига тонг саҳардан у аравасини олиб шaҳарга қараб жўнади. Бозорга бориб аравакашлик қилмоқчи бўлди.

-Эй, ока, бу арава билан ишлашга сизга бошлиқ рухсат бердими? - бир бола келиб Нормуроддан сўради. Нормурод бошлиқ кимлиини, нима учун рухсат кераклигини аввалига тушунмади. Кейин билса, аравакашлик қилиш учун бозорнинг каттасига ҳақ бериш керак экан, аравани эса улардан ижарага олиш шарт эмиш. Нормурод аравакашларнинг орасида ишлаб юрди. Сотувчилар ҳам бу ерда доимийлар.

Қишлоқлардан эрта билан одамлар маҳсулотларини олиб келишади Уларнинг сотиб ўтиришга жойлари йўқ. Шунинг учун улар олибсотарларга нарсаларини арзон нархда бериб кетишади. Нормурод бозорда ишлаб, ҳаётни тушина бошлади. Авваллари давлатимиз жуда бой деб биларди, институтда ҳам уларга бутунлай бошқача ўратилган. Нормурод бу ердагина ҳамма пулларни давлат ҳазинасига тушмасдан, чўнтакларга тушишини билди. Ҳазинага тушгани ҳам давлат, халқ учун эмас, ҳазинабон учун кетар экан. Қийин- қийин оддий хaлққа қийин бўлди. Одамдар Совет давридан ҳам ёмон аҳволда. Шу мустақиллик керак эдими? Дардингни ҳеч кимга айта олмасанг, авваллари порахўр-у, ўғриларнинг калишини тўғрилаб қўядиганлар бўлган, мустақиллик бўлиб ҳамма ўзига бек, ўзига хон. Президент ҳам ўзини подшо деб эълон қилиши қолди, ҳолос. Агар Нoрмурод ишга жойлашиб олса, нима қилишни ўзи билар эди .

Бир куни бозорнинг дўконларидан бирида ишлайдиган одам, анча таниш бўлиб қолдик,аравакашлар ҳам сизни яхши одам,ўзини ҳар жойга тиқавермайди деб гапиришади, дўконимга сотувчи бўлиб ўтмайсизми, деб қолди. Нормурод бу таклифни жон деб қабул қилди. Нормурод дўконда аравакашликдагидан кўра юз чандон кўп нарсаларни билиб олди. Кимга нарсаларни қимматроқ бериш, кимга арзон бериш, ҳаттоки кимларгадир текин ҳам бериш керак экан, айниқса байрамлар олдидан. Нормурод айримларга пул ҳам беради, лекин ҳаммасини ёзиб, кейин ҳўжайнига кўрсатади. У ҳам Нормуроднинг тўғри қилганини маъқуллаб туради, онда сонда йўл-йўриқ кўрсатиб қўяди.

Бир куни дўконга бир оптовик-улар кўп нарса олиб келиб ташлаб кетувчиларни шундай дейишади, Қозоғистондан яхши сигареталар олиб келганини айтди. Нормурод улар бунақа сигарет билан совдо қилмасликларини айтиб рад жавобини берди. Арзон бераман, ҳеч бўлмаса ўзинг учун олиб қўй, фойдаси сенга бўлади,-ёпишиб олди у Нормуродга. Нормурод ўйлаб қараса, у тўғри айтаябди, дўконда ҳар зомонда ўзининг молини сотса қандай фойда, бошлиқ ҳам уни бошқа товар сотмаябсанми, деб ҳеч текширмаган. Нормурод бир марта олиб кўрмоқчи бўлди. Беш пачкагина олди. Агар шу беш пачка унга жуда қимматга тушишини билганда, у ҳеч ҳам олмаган бўларди. Эртасига солиқчилар келиб, нега рухсати йўқ нарсани сотаябсан деб, дўконни ёпиб, бор молни машнасига солиб олиб кетди. Бoшлиқ нима учун ундан сўрамасдан нарса олганига бақириб, ҳаммасини ўзинг тўлайсан, деди. Нормурод ҳалиям бу сигаретларни ўзи учун олганини айтмади, агар бошлиқ билиб қолганида, уни қаматтириб юборган бўлар эди. Нормурод уйидаги юз мингга яқин пулини олиб келиб берди. Ҳўжайини дўкондан кетган нарсаларни ҳисоблаб, уч минг доллар тўлайсан -деди. У ҳам йўқ демасдан, рози бўлди. Нормурод яна ишсиз қолди. У уйига қайтиб келди, лекин келгани хотинига ёқмади.” Шунча ишлаб, уйга фойдаси тегмаса нима қилaрдингиз ишлаб. Бор пулни яна эгасига қайтарсангиз”-шанғилларди у.

Нормурод уйдан чиқиб отасиникига келди Шу ерда нонушта қилиб, тарих ўқитувчисиикига қарзини беролмаётгани учун узр сўрашга жўнади. Ўқитувчидан яхши одам бўлмаса керак, иккинчи ота-она деб бекорга айтишмайди. Нормуродни Мукаррамов домла дарров тушинди.Кейин у мактаб қоровули Ҳасан чол ўлгандан бери ҳали ҳеч ким йўқлигини,тезда директорга учрашса, уни ишга олиши мумкинлигини айтди,ҳар қалай ойлик келиб туради.Кечаси қоровуллик қилса, кундузлари бекор, бошқа иш қилиб, пул топса ҳам бўлади. Мактаб директори Наби ака Наимов ҳали ҳам ишлаб юрарди. Нормурод тўй костюмини кийиб мактабга келди. Наби ака уни ишга олди, фақат ҳозир зомон бошқачa эканлигини, одамларни майда нарсалардан ташқари, стол, стул, парталаргача ўғирлаб кетаётганини, омбордаги тахта - темирларга эҳтиёт бўлишни, кунига текшириб туриш кераклигини айтди. Нормурод иш топилганидан хурсанд бўлиб, ишлаб юраведи, уйига деярли бормайди. Хотинининг гапидан чарчаб кетади. У йўқ, бу йўқ, у боласига оёқ кийим керак, бунисига польто. Бир қоп ун ярим ойга етмайди. Гўшт, гуруч кам олингандан кейин ун ҳам чидамас экан.

Нормуроднинг иккинчи ўғли Элмурод охирги вақтлари анча маззаси бўлмай турибди.Нима бўлганини ҳеч ким билмайди.Касалхонага олиб бориш нималигини Нормурод жуда билади.Докторлар одамлардан пул олиш учун ҳам касалини ошириб,ваҳима қилиб айтиб юборишади.Хотини кичкина қизини туғмоқчи бўлганда, бола жуда катта бўлиб кетибди, “кесерева” қилиш керак бўлади, шунинг учун тўлғоқ тутмасдан олдин келиб ётиш керак деган.Тўртта туққан хотин бешинчисини туғолмайдими, деб Нормурод хотинини касалхонага юбормаган.Боласи уйда туғилган.,кейин доктор чақиришган. Ўғлини ҳам тузалиб кетар деб ҳеч қаерга кўрсатмади.

Нормурод эрталаб хоналарни очиб юрсa яна дўконнинг ҳўжайини мактабга келибди.

Пулни қачон берасан- дейди. Нормурод унча пулни умрбод ишласа ҳам тополмайди. Пулинг бўлмаса уйинги сот”- дейди уялмай. Бермайман демаябман-ку, - деди Нормурод. Бу сафар ҳам минг хил ваъдалар бериб, албатта топиб беришини айтиб уни жўнaтиб олди.

Нормурод энди ўзини рухсати бўлмаган сигареталарни олгани учун койий кетди, у “рухсти бўлмаган” деган сўзни яна бир такрорлади. Рухсати қандайига бор бўлади, уни ким берар экан. Рухсат бергич касби ҳам ўйлаб топилибди-да. Ким бўлса ҳам бу касбни ҳам катта пул эвазига ундириб олган бўлса керак.

Нормурод тиним билмайди, бировнинг токини очиш, ҳовлисини текислаб бериш, умуман қанaқда иш бўлса, ҳаммасини қилади. Бунинг устига Нормурод ичмайди ҳам, чекмайди ҳам,аввалари сигарета чекарди. Кейин бошқаларга ўхшаб носга ўтиб олганди. Наби ака бир куни ёш бўлсанг ҳам раҳматли Ҳасан бободан ҳам носдан кўп отасанми дейман, иси бутун мактабни саситиб юборибди, дегандан кейин уялганидан носни ҳам ташлади.

Нормурод яна тарих ўқитувчисини эслади. Узоқдан кўрингандан у ўзини четга олади. У бечора ҳам пул берганидан афсусланиб ўтирган бўлса керак. Нормурод бекорга тўплаб бераман, - дебди. Ҳар ойи оз-оздан бериб туранда ҳам анчасидан қутилган бўлар эди. Нормурод энди унга бериш учун пул топиш йўлини ўйлай бошлади. Аввалига унинг ҳаёлига Рашид магазинчи келди. Рашид кўпларга қарз берарди, лекин у прoцентга беради. Нормуродга у тўғри келмайди. Кейин у аптекачидан сўрамоқчи бўлди, лекин аптекачи Нормуроднинг пули йўқлигини, қайтариб беролмаслигини жуда яхши билади, сира бермайди. Кейин унинг ҳаёлига мактаб директори Наби ака кеди. Ундан юз сўрамоқчи бўлди. Нормурод ўйлаб-ўйлаб Эшон бобони топди, лекин умрида бировнинг ҳожатини чиқарганини эшитмаган, эшонлар фақат олишни билади, беришни билмайди, шунинг учун Нормурод уникига эмас, Ҳайитбой аканикига боради. Унинг иккита ўғли ҳам Қозоғистонда яхши жойлашган дейишади. Сайфиддинникига борса ҳам бўлади. Мунира опаникига борса-чи? Унинг катта ўғли оиласи билан Москвада ишлайди. Квартираси учун ойига уч юз доллар тўлар экан, демак топиши ҳам яхши бўлса керак. Нормурод узоқларга кетиб ишлаётганларга ҳаваси келди. Боришга ҳам пул керак. Агар Нормуродда йўл пули билан бир ойлик яшашга пули бўлганда албатта кетар эди

У ўрнидан туриб бирга ўсган дўсти, ҳозир автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаётган Сайфиддинникига қараб йўл олди. Кўчада хотини билан кичкина қизини учратиб қолди.Хотини:

-Ҳа, ота, бормисиз, жуда яхши жойлашиб олдингиз-а, бола чақанинг ташвишини билмайсиз ўзингиз майишат қилиб яшаб юрибсиз. Болаларга мактабга кийим-кечак, китоб - дафтар керак эмасда, ҳа?. Мен ҳам бир ўзим мазза қилиб яшагим келади, сизга ўхшаб. Болалар бир меники эмас, сизники ҳам, ёки эсингиздан чиқиб кетдими, овқатини ўйламасангиз,соғлигини ўйламасангиз, лекин мен сизга ўхшаган ота бўлганимда болаларимни боқа олмаябман деб, ўзимни осган бўлардим.

Нормурод чўнтагидаги бор пулини хотинига бериб, илтимос чақагингни ўчир, эшитганлар нима дейди ахир, - деди.

-Улар билан нима ишим бор, - деб хотини пулни юлқиб олдида, хайрни ҳам насия қилиб жўнаб қолди.

Сайфиддин уйда экан, уни яхши кутиб олди. Пул сўраб келганини эшитиб, “ўзинг биласан ҳозир бировга пул бериб туришга ҳам қўрқасан, бултур қўшним олган пулини ҳали қайтаргани йўқ, - деди. Пулим йўқ эмас, кузда ўғилларимга тўй қиламан деб йиққаним бор, ростдан биринсчи марта сўраб келишинг, унинг устига пулим йўқ десам, ишонмайсан, ўзим ҳам алдагим келмайди. Агар қайтариб бера олсанг ол,тополмай қоламан десанг, ўзинг ўйлаб кўр. Менга фақат тўй бошлаябман деганимда берсанг бўлди.

Нормурод пулни бир олмоқчи бўлди. Мукаррамовдан қачонгача қочиб юради. Кейин яна ўйланиб қолди, агар Сайфиддинга топиб бера олмаса-чи, унда нима деган одам бўлади? Нормурод ишлаб бунча пулни ҳеч ҳам топа олмайди. Кимдир жарроҳларга ички органларни сотиш мумкин деган эди, қаерда топшириш мумкин экан, Нормурод шуни суриштириб кўрмоқчи бўлди. Сайфиддиндан пулни олмади.

Бир куни Нормурод мактаб ҳовлисини супириб юрарди. катта қизи ҳовлиқиб чопиб келди.Элмурод ёмон бўлиб қолибди. Нормурод доктор чақирди.Бола сариқ бўлган экан, ўтиб кетибди.Элмуродни докторлар олиб қолиша олмади.Нормурод бу боласидан ажралиб қолди.

Ёзда ҳамма таътилга кетиб, мактабда Нормуроднинг ўзи қолди. Бу ёз у ҳеч қаерга чиқа олмади. Уйдаги ташвишлар,Элмуроднинг ғами Нормуродни жуда толиқтириб қўйди. Мактабни ҳам ташлаб чиқишган қўрқди.

Ундан қурувчи ҳам, яхши деҳқон ҳам чиқмади. Туманда ўсганлар шаҳарликлардан ҳам, қишлоқдагилардан ҳам фарқ қилади. Қишлоқдагилар деҳқончилик ишларини яхши қилишади. Шаҳарликларнинг ҳар қандай вазиятг жавоби тайёр туради. Туманликлар иккаласини ҳам бажара олмайди.

Ойликни олгач, тузиб қўйган режасига кўра аввал уйига ун, гуруч, ёғ олди. Хотинини қўлига озроқ пул берди.

-Бир чойнак чой ичиб олай, эрталаб нонушта қилмаганман - хотинидан рухсат сўрагандек у уйига кирди, чойни дастурхонга қўйилган яримта нон ва тўртта парварда билан мазза қилиб ичиб олди. Уй барибир уйда. Чойнинг маззаси ҳам бошқача бўлади.

Нормурод мактабга келса, дўкочи уни кутиб ўтирган экан. Бу сафар у чўнтагидаги бор пулини қарз ҳисобига эмас, йўл пуллари ҳисобида бериб қутилди. Нормуроднинг отасиникига бориш режаси барбод бўлди. Улар Нормуродни авваллари болаларимизнинг энг ақиллиси деб яхши кўришар эди, энди болаларимизнинг энг камбағали деб ачиниб яхши кўришади. Абдуназар ака уни ўқитишга ўқитди, ишга жойлаш қўлидан келмади, нима қилсин энди. Онаси, келмасанг ҳам соғлигингни, тўқлигингни эшитиб турсам етади, болам, - дейди.

Кузнинг келиб қолганини у сезмай ҳам қолди. Энди у яхшилаб ишламаса бўлмайди. Фермерларга помидор теришга чиқди.Арзимаган пулга у пахта теришга ҳам рози, лекин ҳар ким ҳам уни ёллайвермади. Ўзимиз кўпчиликмиз, териб оламиз, ёрдамчи керак эмас - дер эди кўп ҳўжаликлар. Нормуроднинг қилмаган иши қолмади:пиёз терди, олмага чиқди, кеч кузда ток кўмди. Қоровуллик ҳам одамлар ўйлагандек осон эмас. Кечаси икки уч марта туриб ҳамма жойни кўриб чиқади.

Бир кун олдин дўконнинг ҳўжайни келиб хат ташлаб кетибди, шу хафта ичида дўконга пул олиб кел деб. Нормурод албатта бормайди. Беришга пули йўқ, иккинчидан вақти йўқ, ток кўмишга тонг азандан кетиб, кеч бўлганда қайтиб келади, учинчидан бекорга йўлга пул кетказиб нима қилади.

Қиш ҳам бу йил қаттиқ келди. Газлар пасайиб кетган, хоналар музлаб ётибди. Ўтини борлар уйларига қадим зомоннинг тунука печкаларини қуриб олган. Йилдан йилга газ камайиб кетаябди. Энг ёмони, газ камлигида учиб қолиши, кейин сал кўпайганда одамлар уй ичи билан заҳарланиб ўлаётганлиги. Икки уй нарида турадиган Умар акалар хотини, бола-чақаси, умуман ўн бир жон бир кечада ўлиб қолишди. Улар тўғрисида на газетада ёзишди, на радиода айтишди. Қайси бир туманнинг ҳокими ҳам газдан заҳарланиб ўлган эмиш,ўғли билан уйда экан, ўғли тирик қолибди. Нормурод бу гапга унча ишонгиси келмайди. Ҳокимнинг уйида газ бўлмаса, газ қаерга кетаябди. Унинг ватани дунёда газ чиқаришда энг олдинги ўринлардан бирида туради. Газ ҳам чет элга сотилиб, чўнтакка урилаётган бўлмаса нимага йўқ. Нормурод шуларни ўйлаб, уларни суд қилиб, оғзидан отиш керак, ёки Саддам Ҳусайиндек осиш керак, деб ўйлади. Бечоранинг халқи биздек ночор яшамаган эди,- раҳми ҳам келди Нормуроднинг.

Янги йилдан кейин бир куни дўкончи яна Нормуродни қидириб мактабга келди. Бу сафар улар уч киши бўлиб келишибди. Нормурод унинг ёнидагиларини кўриб қўрқиб кетди. Турмадан қочган каллакесарларга ўхшайди. Дўкончи бугун жуда сержаҳил, унинг гаплари қўрқинчли эди. Аксига олиб ҳозир ҳамма қишги таътилда. Дўкочи унга пулни берасанми ёки ўлмоқчимисан, - деди. Нормурод унга пули йўқлигини, қолавеса у дўконнинг пулини бир тийинини ҳам емаганини айтди, дўкончиниг баттар жаҳли чиқди.

-Юр уйингга борамиз, уйингни сотиб пулини берасан, - деб туриб олди. Шу вақти уй оламан деб ўлаётганлар йўқ, қиш бўлса, бoлалар уйда, уларни қаерга қўяди. -Болаларингга мен жой топиб бераман, дори берасанми, газни очиб қўясанми ўлдириб ташла, ҳамма нарсадан қутиласан, боқиш ташвишидан ҳам, қариздан ҳам.

Бундай гапларни ҳеч эшитмаган Нормурод нима деябсиз, ўйлаб гапираябсизми одам боласини ҳам ўлдирадими,-деди.

-Ўзинг ўлдира олмасанг, ёрдам берамиз,- деб ўлдиришга тайёр турганларни кўрсатди дўкончи.

Нормурод уларни ҳеч нарсадан қайтмаслигини эндигина тушунди. Кейин у ялинишга тушди.

Болаларимга тегманглар, уларда нима гуноҳ, майли мени ўлдирсаларинг розиман - йиғлаб юборди у.

Бир пасдан кейин дўкончи сал ҳовридан тушган бўлиб

- Сени ўлдирмаймиз, ўлдиргандан менинг пулим қайтиб келадими - яхшиси қаердан бўлса ҳам пулимни топ, - деди.

Умуман дўкочи у деди, бу деди, охири Нормурод уйини сотиб баҳорда пулини олиб бориб беришга сўз берди. Бу ваъдасини энди у ёзма равишда тилхат қилиб берди, қўл қўйиб, адресини, иш жойини ҳам кўрсатди. Дўкончи унинг охирги келиши эканлигини, агар бермаса уруғ аймоғидан бир кишини ҳам тирик қолмаслигини айтиб қайтиб кетди.

Улар кетгач Нормуродни баттар ваҳима босди. Телпагини бостириб кийиб, шошиб уйи томон жўнади. Нормуроднинг уйидагилари совуқдан ҳаммаси бир уйда тиқилиб олганди, бир вақтлари унинг олиб келган иккита эски электор иситгичи қўйилган бўлса ҳам, гапирса оғиздан буғ чиқиб турарди. Нарги хонага кириб бўлмайди, нақ музлатгичга киргандек совуқ. Нормурод кичкинасини тиззасига олиб озроқ ўтирди,иссиқ чойдан икки пиёла ичиб, ҳеч нарса демай ўрнидан турди,.энди у ўзини анча босиб олганди. Уларни ҳеч нарсадан ҳабари йўқлигини кўриб, Нормурод тинчиди.

Иши томон кетар экан, Нормурод энди бундай яшаб бўлмасликни ўйлади, нима бўлганда ҳам бу йил кунлар исигандан ишдан бўшаб, Қозоғистонга ёки Россияга кетади, қарзлари ҳам анча. Дўкончидан уйини сотса ҳам қутулмайди. У ҳам Нормуродни энди тинч қўймайди. Бунинг устига қанча ишламасин, Нормурод қорни тўйиб овқат емайди, охирги марта гўштни Сайфиддинникида тўйда еган эди. Бошқа тўйга у бу кузда бормади, тўйларни ҳам ҳар ким ўзининг қариндошлари билан кичкинагина қилиб ўтказиб юборадиган бўлишган. Нормурод эса кичкина тўй ҳам қилолмади. У учта ўғлига бир мулла билан битта устани чақириб суннат қилдирди. Элмуродини эслаб Нормуроднинг кузидан ёш чикиб кетди. На тўй, на чупрон қилди. Қариндошларини ҳам чақиргани йўқ. Муллага битта кўйлак, тўртта нон, ярим кило қанд ўраб берди. Устанинг қўлига икки минг сўм билан тўртта нон берди.

Ҳа, одамлар авваллари қандай тўйлар қилишарди. Укаларининг тўйида унинг отаси Қўриқда кўпкари берган. Кўпкарига гилам, телевизор, йигирмата тўн қўйилган, бошқа нарсалар Нормуроднинг эсида йўқ. Нормурод уйида ўшанда қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй бўлди деб тассaввур қилган эди, чунки келолмай қолганлар тўй ўтгандан кейин ҳам анча вақтгача "муборак бўлсинга" келиб туришди. Туркистонлик танишлари бир йилдан кейин ярим қоп гуруч, битта қўй, битта гилам олиб келишган. Ҳозирги зомонда ким-кимникига шунча нарса олиб бора олади. Ким нима деса десин, Нормурод одамлар аввал яхши яшарди, ҳозир ёмон яшайди деб айтишдан қўрқмайди. Бошқа ҳеч қаерда бунчалик ёмон бўлмаса керак.

Нормурод бу йил албатта кетади. Хотини ҳам эрга текканини унутган шекилли, уни эр деб хисобламайди. Унга пул бўлса бўлди. Ойликни ҳам янги йилдан олдин беришган. Икки ой бўлаябди пулдан дарак йўқ. Хотин - қизлар байрами олдидан ўқитувчилар директорга тўполон қилиб, ойликни бермасаларинг, байрамдан кейин ишга чиқмаймиз, дейишди. Директор район халқ тaълими бўлимига бориб масалaни кўндаланг қўйди. Охири еттинчи март куни кеч бўлaй деганда унинг қўлига ўқитувчиларнинг ойлиги тегди. Наби ака Наимов Нормуродни бугун ва эртага унинг хонасида ухлаши кераклигини айтди.

-Байрамгача ойликларни беролмадик, тўққизинчида тарқатамиз, сейфга эҳтиёт бўл,хонани бир дақиқа ҳам ташлаб чиқма, - деб қайта-қайта тайинлади у.

Нормурод директорга айтганини албатта бажаришга сўз берди.

Тўққизинчи март куни Наби ака Наимов мактабга ҳар доимгидан эртароқ келди. Хонасига кириб хушидан кетиб қолай деди. Сейф бузиб ташланган, ичида эса бир тийин ҳам йўқ. Сейфнинг устидаги қоғозда "Наби ака, вақти келиб бу пулларни қайтарарман, илтимос, мени қидиртирманг, барибир тополмайсиз" деган Нормуроднинг ёзуви. Отасиникида ҳам, ўзининг уйида ҳам Нормуроднинг бўлмаслигини ҳамма билсада,тезда у ерларга одам юборилди.Нормурод эса ростдан ҳам ҳеч қаерда йўқ эди.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL

ЎЧ

ЎЧ

Қизини кўриб, Сожида Саттаровнанинг ранги оқариб кетди. Қиз ҳам унга лабини буриб “бўлмади” дегандек килиб, бошини чайқади, нозик бармоқларидан учтасини ажратиб унга кўрсатди.

-Уч?! - Бу нима деган гап, Сожида Саттаровна ҳам шу ерда ишласа-ю, қизи уч олиб ўтирса? Ҳамкасблари олдида нима деган одам бўлди? Нимага у кеча ўша аблаҳ билан учрашиб қизини имтиҳон топширишини айтиб қўймади? - афсусланиб уйлади у.

-Жуда қийин савол тушдими?-сўрайди Сожида Саттаровна .

-Йўқ.

-Бўлмаса нимага уч қўяди?

-Адашмай ҳамма саволларга жавоб бердим, фақат масаласида озроқ қийналдим.

Ундайда нимага тўрт қўймади?

-Тўрт қўйсам менинг ҳақим кетади, ўзингнинг баҳонгни - семиз учингни қўяман, - деб туриб олди, нимжонгина “тўрт” қўя қолинг, ойим “уч” олганимни эшитиб хафа бўладилар, шу вақтгача биронта “тўрт” ҳам олмаганман, десам ҳам қулоқ солмади.

-Ойинг хафа бўлишини билсанг яхши тайёрлансанг бўлмайдими, нега даданг эмас, ойиинг хафа бўларкан,- деб сўради. Ўшанда сизни айтдим.

-Сожида Саттаровнанинг қизи бўла туриб, учга тайёрландинг-ми, уят-эй - деди. Чиқиб келавердим.

Нима, қизи олийгоҳни битириб физикадан дарс берармиди? Физикани ёқтирганда тиббиётга эмас университетгами, пединститутгами кирган бўларди. Ўзи тиббиётга физиканинг нима кераги бор? Унга Бозорбоевдай ректор учрамаганда уйлади Сожида Саттаровна баттар жаҳли чиқиб...

Бир вақтлари Сожида Саттаровна Жиззаҳда ишлаганида математика бўлимида ўқийдиган болага рус тилидан баҳо қўймаган. Унда Сожида энди олийгоҳни битириб келган эди, талабалардан режага мувофиқ қилиб жавоб беришини талаб қилар эди. У бола русча умуман тушунмас, дарсларни эса ёдлаб келарди. Тўхтатиб, савол берилса, адашиб қоларди. Шунинг учун ҳам Сожида Саттаровна унга зачет қўймаган. Ректор Бозорбоев уни чақириб, гапни узоқдан бошлаган, кейин нечта бола топширганини, нечтаси топшира олмаганини сўраган, яна бир ҳафта ичида улардан қайсиси топширишини, қайсиси кузга қолишини билиб олган. Сожида Саттаровна бир болани кузда ҳам топшира олмаслигини айтганда, кимлигини, қайси бўлимда ўқишини, қаерлик эканлигини яхшлаб сўраган. Сожида ҳар бир талаба билан таниш эканини кўрсатмоқчи бўлиб, унинг бошқа фанлардан, айниқса физика ва математикадан яхши ўқишини, лекин Баҳмалнинг узоқ тоғида яшаб, мактабда рус тили ўтмагани учун ҳеч нарса билмаслигини айтиб берди.

-Тўҳта, қайси бўлимдан дединг?- тикилиб сўради ундан ректор.

-Математикадан

-Битиргандан кейин у бола қаерда ишламоқчи?

-Қишлоғидада албатта, қаерда бўларди, - Сожида ҳам ўйланмасдан жавоб берди.

-Қайси фандан дарс бермоқчи у?- Майин жилмайиб сўради ректор.

Сожида ректорнинг нима демоқчи эканини дарров тушунди. Бозорбоев ҳеч қачон “бу болага қўй, бунга нимага қўймадинг,” - деб айтмас эди, лекин яхши ўқиган болани билмаган бир фани учун институтдан ҳайдалиб кетишига доим қарши бўлган…

Битта физкултура домласи ҳам ўша факултетида ўқийдиган болага зачёт қўймаган, у бола сакрашдан, югуришдан, умуман хеч нарсадан керакли нормаларни топширолмаган. “Топширолмасам нима қилай,” - деб, ўша талаба институтдан кетмоқчи бўлган. Буни эшитган ректор, болани чақиртириб “Ҳеч қаёққа кетмайсан, ўқийсан, майли битта спортсмен кам бўлса ҳам, битта кучли математикли бўламиз,” - деган. Физкултура домласини ҳам чақириб гаплашган. Kейин у домла ҳам зачёт қўйиб берган.

Яқинда Сожида ўша болани кўриб қолган эди. Математикадан номзодлик диссетацияини ёқлаб, илмий-текшириш институтида ишлаётган экан. Бу ерда ректорни тўғри ёки нотўғри қилди деб бўлмайди, лекин одамийлик томонидан тўғридир. Пушкин математикани умуман билмаган дейишади. Агар у бизнинг мактабларда ўқиганда, ўрта мактабни битирди деган гувоҳнома ҳам ололмаган бўларкан.

Сожида Саттаровнанинг қизи ҳам физикани яхши кўрмайди. Унинг яна аччиғи чиқди, ҳеч бўлмаса тўрт қўймабди-я? Эгамберди Қурбоновни ҳамма қизиқ одам дейишади. Унга лаборант ҳам, ректор ҳам, кунига бирга ишлайдиган касбдошлари ҳам бир эмиш. Унда на меҳр-муҳаббат, на хайриҳоҳлик бор дейишади. “Физика - фанларнинг отаси, унинг қонунларини билмаганлар яшамаса ҳам бўлаверади,” - дер экан бу “физик-шизик.” Талабалар уни орқадан ҳеч кимга эшиттирмасдан, шунақа дейишарди. Сожида Саттаровна ҳам бу ном унга қанчалик мос келишини яна бир бор ишонди.

Сожида Саттаровна нима қилишни билмай, майли, кейинги курсларингда деканнинг рухсати билан мудирга қайта топширарсан, бошқа фанлардан бўшашма фақат, деб қизини ҳам, ўзини ҳам тинчитди. Кейинги имтиҳон қайси фандан эканлигини, неча кундан кейинлигини, ким oлиишини аниқлаб, яхшилаб тайёрлан, - деб қўйди.

Сожида Саттаровна ҳам кунига чарчаб келади, ҳар куни имтиҳон олади, яна бир ҳафта аҳвол шу.

Бугун ҳам ишга эрта келди. Лаборант имтиҳон учун аудиторияни тайёрлаб, гурухларнинг журналлари-ю, имтиҳон билетларини чиқариб қўйибди. Ассистент (унга имтиҳон олишда ёрдам берувчи ўқитувчи) ҳам шу ерда эди. Имтиҳон бошланди. Талабалар навбатма-навбат киришар, имтиҳон саволларини олгач, ўтириб тайёрланишар, кейин жавоб бергани домлаларнинг олдига яна навбат билан келишарди.

Сожида Саттаровна қўлидаги зачёт дафтарчасини кўриб, қотиб қолди. Қайтар дунё деб шуни айтса керакда, бу дафтарча Қурбонова Дилором Эгамбердиевна деган талабаники экан. Фамилияси ҳам, отасининг исми ҳам физика домласига тўғри келади.

Қўлга тушаркан-у. Мана ўч олиш вақти келди.- Сожида Саттаровна яна бир зум ўйланиб қолди, балки унинг қизи эмасдир, бунақанги ҳоллар - исми фамилияси бир хиллар, институтда тез-тез учраб туради. Бир вақтлари ҳамма томонлама унга отдош булган Турапова Сожида Сатторовна деган қиз ўқиган, у ёнида ўтирган ўқитувчидан секин сўради. “Бу қиз менинг гуруҳимда ўқийди, аълочи, дадаси бизда физикадан дарс беради,” - деди. Демак бу қиз ўша чаппанининг қизи. Бу қизни худонинг ўзи унга етказди. Мободо шу гуруҳ икки кун олдин топширганда, Сожида Саттаровна ўчини ололмаган бўларди. Энди Сожида Саттаровна унинг кўзига кўрсатиб қўяди. У секин қизнинг ўтиришига назар ташлади: турқи қурсин одам ҳам шундай совуқ бўладими. Столининг устида бир варақ қоғоздан бошқа нарса йўқ. Имтиҳон билетини бурчакка суриб қўйган. Юмолоқдан келган башарасида жойлашган қош, бурун, лаб отасиники, фақат кўзида лупага ўхшаган кўзойнак йўқ. Агар унга ҳам шунақа кўзoйнак тақиб қўйилса, ўша физик-шизик ўтирибди дейсиз. Отасининг юзи умр бўйи қуёш тегмаган зах ерга ўхшайди. Қора билан тўқ кулранг ўртасидаги тушуниб бўлмас жирканч ранг. Қизи сал оқроқ, лекин кейинчалик отасидан баттар бўлиб кетиши кўриниб турибди.

Сожида Саттаровна унга ўч олиш қанақалигини кўрсатиб қўяди. Кеча келиб қизини имтиҳoн топширишини айтмади ҳам, юзи чидамаганда, униг қизига “уч” қўйиб ўтириб, энди “мени қизимга беш қўйинг” деб сўрасин-ми? Сожида Саттаровна бу қизга “уч” эмас, “икки” қўяди. Бир шармандаси чиқсин унинг.- шундай дея Сожида Саттаровна ҳаёлий режалар туза бошлади. Эй-йўқ, “икки” қўйиб бўлмайди, чунки бундaй баҳо на қайдномага, на талабанинг қўлидаги зачёт дафтарчасига қўйилади. Кейинчалик декан, гуруҳ раҳбари, ҳаттоки ректор бу қиз Новоий стипендияси совриндори, илтимос қўйиб беринг, деб қолишлари мумкин. Ўшанда у тўрт ёки беш қўйиб беришга мажбур бўлади. Йўқ, Сожида Саттаровна нима қилишни жуда яхши билади, у “икки” қўймайди, “уч” қўяди. Уч”ни тўғрилаш қийин, айниқса битирувчи курс талабаларига.

Қиз жавоб бериш учун столи устидаги варақни, саволларни, ручкасини олиб, Сожида Саттаровна ўтирган стол томон йўл олди. Унинг юришини кўриб, Сожида Саттаровнанинг кўз олдига лапанглаб юрадган физик - бу қизнинг отаси келди. Ё товба, ҳеч бўлмаса юриши ўхшамаса бўлмасмиди. Бунча гурсиллаб юрмаса. Қиз бола ҳам шундай юрадими, нақ полни тешиб юборай дейди-я.

“Хўш, қани, нима деган саволга жавоб бермоқчисан?”

Қиз саволлар ёзилган билетни унга суриб қўйиб, қoғозига қарамасдан биринчи саволни такрорлади.

Гапиравер, - деди у ясама юмошлик билaн, педагогик этикетни бузмасликка ҳаракат қилиб. Қиз гапларини бир-бирига боғлаб жавоб бера бoшлади. Унинг фикрлари равон, гаплари тетикина. Сожида Саттаровна унинг юзига қарамасдан, талабалар рўйхатига кўз югуртириб ўтирган бўлса ҳам, бутун фикри-зикри қизнинг жавобида эди, ҳар бир сўзни, ҳар бир қўшимчани ишлатишини эътибор билан тингларди. Биринчи савол тугагач, бошини кўтариб, жавоб тўғри бўлса ҳам, таллафузинг бўлмайди, русчани худди кеча ўргангандек гапирасан, вилоятлардан келганлар сендан яхши гапиради, ким aйтади сени шаҳарда яшайди,- деб, унга танбеҳ бермоқчи бўлади Сожида Саттаровна. Ёнида ўтирган ўқитувчи секин уни туртиб, қизни тумандан қатнашини айтади.

-”Ҳали шунақа денг? Қаердан қатнайсан?”- сўради жавоби имтиҳонга таълуқли эканлигини эслатиб Сожида Саттаровна . Қиз ҳам хатога йўл қўймаслик учун эҳиёткорлик билан жавоб берди.

Кейин у иккинчи саволга ўтишни сўради. Иккинчи савол яхши ўқувчилар учун қийин эмас. Берилган гапни синтактик ва грамматик таҳлил қилиш керак.Қиз аввал жумлани ўқиди, уни қўшма гап эканлигини айтиб, иккита мустақил содда гапдан тузилганлигини исботлади, кейин биринчи гапдан эга ва кесимларини топиб, қайси сўз туркуми билан ифодаланганлигни адашмасдан бирма-бир aйта кетди. Энди Сожида Саттаровна унинг жавобига эътибор бермай, бу қизни темир йўл вокзалига кeлишини, поездга ўтиришини, кейин поезддан Тошкентда тушишини, автобусга ўтириб интитутга келишини тассавур қилди. Сожида Саттаровна йўлга кетадиган вақтни чамалаб, санай кетди. Камида икки соат керак бўлар экан. Дарс эрталаб саккизда бошланади.Энди у ўзнинг қизи билан бу қизни таққослaшга тушди. Унинг қизи етти яримда зўрға туради, aйрим вақти кечроқ турса,овқатини емай чопади. Институт кўчанинг нарги томонида ,шунга ҳам кечикиб қолай дейди. Бу қиз эса кунига тумандан қатнаса, дарс тамом бўлгач, жамоат ишлари, учрашувлар, мажлислар, қўшимча дарслар... Нечида уйга борар экан?

Учинчи саволга ўтишдан аввал кун тaртибини яхшлаб айтиб беришни сўради у. Талаба ҳар куни кечкурин еттида уйга боришини, овқатланиб, бир-икки соат ойисига қарашишини, кейин кечаси ун иккигача дарс қилишини, эрталаб йигирма минути кам олтида уйдан чиқишини айтиб берди.

Қизига институт ҳовлисидаги ётоқхонадан жой олиб бергандир албатта, ҳар қалай у кунига қатнамас, айниқса қишда, қоронғи тез тушади, Сожида Саттаровна: ётоқхонада жойинг бордир,- деб сўради.

-Ётоқхона ҳозир фақат узоқ вилоятлардан келганларга берилади. Тошкент атрофидаги районлардан келувчиларга жой етишмайди-да, шунинг учун менга беришмаган, - жавоб беради қиз.

Сожида Саттаровна Жиззаҳдан кейин талабаларни қийнамасди, айниқса қишлоқлардан келганларни, бунинг устига шунча йиллик тажрибасидан ақиллилардан тиришқоқларни, ақлли - дангасаларни, билмасларни дарров ажратар эди. Бу қиз нафақат билимдон, жуда тиришқоқ ҳам эди. Сожида Саттаровна унга “уч” қўя олмайди, қўйса, виждони олдида нима деган одам бўлади.

Унинг жавобидан мамнун булган Сожида Саттаровна кейинги саволга ўтишни сўради. Бу сaвол бўйичa рус тилида ўқиган китобининг мазмунини қисқача сўзлаб бериш керак эди Бу топшириқни ҳам у ихчамгина чиройлик қилиб айтиб берди. Яна қандай китоблар ўқигансан?-қизиқиб сўради Сожида Саттаровна. Домламиз берган рўйхатдаги ҳаммасини ўқиганман, бундан ташқари таржимиси бор китoбoларни ҳам ўқийман, уларни аввал ўзбекчасини ўқийман, кейин русчасини ўқиб чикаман, биз кичкиналигимиздан ҳеч ким билан русча гаплаша олмаганиз, қишлоғимизда биронта рус oиласи бўлмаган, туман мaрказида бор, лекин бизга анча узоқ. Шунинг учун рус тилига тайёрланишимга сал кўпроқ вақт кетади”, - икки юзи қизариб гапирди у. Сожида Саттаровна унга қаради: катта - катта қоп -қора кўзлари устидаги қуюқ киприклари сал тезроқ пиррилаб турарди. Сожида Саттаровнанинг у қизга раҳми келиб кетди, йўқ, ундай деса нотўғри бўлар, раҳми келиб кетди эмас, ҳаваси келди, бу қиз унга энди бошқача бўлиб кўринди, кани эди ҳамма талаба ҳам шунга ўхшаса, - деб ўйлаб қўйди.

Кўзлари, қошлари, киприклари бунча ўзига ярашмаса, одобини қаранг-а, ёқмитойлигичи? Духтирлик бунга жуда мос келади. Болa шўрлик ҳаммаси бўлиб беш ярим соатгина ухлар экан-а, унинг устига ўқитувчи берган рўйҳатдаги ҳамма китобларни ўқибди, вақтинг шунча кам экан, ким cени қўшимча адабиёни ўқимабcан деб, уришар эди, - ўйлади у.

“Тўғрисини айт менинг ўрнимда бўлганингда шундай жавобларга неча баҳо қўяр эдинг? Айтганингни қўяман”,-деди Сожида Саттаровна .Қиз жим бўлиб,кўзларини пастга олди, кейин “домла, ўзингиз биласиз, жавобимга қараб қўявериг, мен баҳо талашмайман” - деди. Бунча одобли бўлмаса, бошқа бўлганда “бeш” деб бақрайиб турган бўларди, – яна бир бор хаваси келди унинг.

“Балли қизим, мен сенга “беш” қўяман, отинг нима эди?Дилором” деган жавобни эшитиб, отинг ҳам ўзингга мос экан, дилларга ором бериб ҳамиша бешга ўқиб юр,” - деб қоғозларни тез-тез тўлдириб, баҳолар дафтарчасини унинг қўлига берди. Қиз хурсанд бўлиб, раҳмат айтиб чиқиб кетди.

Сожида Саттаровна бир сесканиб ўзига келди. Нима қилиб қўйди? Бундан йигирма минут олдин олмоқчи бўлган қасди қаёққа кетди? Кўзойнак физикнинг қилган ишига жавоби шуми? Одам ҳам шунчалик бўш бўладими? Беш?!, Ҳаттоки тўрт ҳам қўймади-я. - Сожида Саттаровна ўзини койий кетди. Кейин ёнида ўтирган ўқитувчига “Қолганлардан ўзингиз олаверинг, фақат тезлатинг, вақтлироқ тугатайлик,” - деб чиқиб кетди. У хонасида энди ўзини овоз чиқариб уришарди, нима учун унинг қаердан келиши-ю, қандай тайёрланишини сўраб ўтирди? Талаффузинг ёмон, “уч” кетавер деса, олам гулистон эди. Қиз ҳам баҳога талашадиганлардан эмас экан, индамай кетаверарди. Сожида Саттаровна ҳам ўша Эгамбердидан боплаб қасдини олган бўларди. Нима бўлса ҳам унинг ҳеч нарсага қурби етмаслиги исботланди, на қаттиққўлликни, на бировдан ўч олишни бажаради. Эгамберди Қурбонов ҳам уни бир тийинга олмагани учун қизига тўрт ҳам қўймаган, - койирди у ўзини.

“Уч” қўй эди, борсин эди у отасига йиғлаб. Боласига ёмон баҳо қўйса, қанчалик алам қилишини ўшанда тушинарди бу аблаҳ. Йўқ, Сожида Саттаровна бу иши учун ўзини ҳечам кечирмайди. Қандай нодонлик... - унинг боши ғовлаб кетгандек эди, бутун вужуди бўшашиб, ўтирган жойида столига эгилди.

Эшик тақиллаб, шериги кирганда у кўзини очди, аввалига ўзини қаердадалигини тушунмай, “нима гап?”-деб сўради.

Имтиҳонни тугатдим, битта талаба келмади, кеча болалик бўлибди, туғруқхонада дейишди, икки олганлар йўқ, учлар - ўн иккита, тўртлар - ўн битта, бешлар - олтита, қайдномани деканатга бериб келаман, мана бу ерларга сизнинг қўлингиз керак. - деди. Сожида Саттаровна кeракли жойларга қўл қўйиб берди. Энди кетса бўлади. Эртага яна имтиҳони бор. Бугун қилиб қўйган иши яна эсига тушиб, Сожида Саттаровнанинг яна жаҳли чиқа бошлади, кейин сумкасини қўлига олиб, ташқарига чиқди.

“Ассалому алайкум Сожида Саттаровна, жуда чарчаган кўринасиз?”-фикрини бўлди баланд овозда гапирадиган, ўзини Сожида Саттаровна билан эски қадрдонлардек тутадиган физика домласи Тоштемиров. Сожида Саттаровна ҳам бу кишини ўзига яқин оларди, у Ленинградда ўқиган, жуда содда ва кўнгли очиқ одам. Имтиҳондан чиқиб келаётгани, бир иш қилиб қўйганини ва бу иш учун ўзини ҳеч кечира олмаётганини айтди. Сўнг бу домланинг Эгамберди Қурбонов билан бирга ишлагани ўйлаб, юрагидаги аламини унга айтишни лозим деб топди ва кеча Қурбонов қизига “уч” қўйганини, у эса ўч олиш ўрнига Қурбоновнинг қизига “беш” қўйиб қўйганини айтиб берди.

Тоштемиров шартта Сожида Саттаровнанинг қўлини ушлаб, маҳкам қисди-ю, “балли сизга, жуда катта савоб иш қилибсиз, раҳмат,” - деди хурсанд бўлиб. Сожида Саттаровна “раҳматни унинг отаси айтсин, нимага сиз айтсиз” - деб бироз ажабланган бўлди.

“У ҳўккиз ўлиб қолса айтмайди, - ҳеч ким эшитмасин деб Сожида Саттаровнага яқинроқ келиб пичирлаб гапирди Тоштемиров, чунки бу қизи ўқишга кирамоқчи бўлганда, бошқа институт қурибдими, мен ишлаётган институтга келма, сен учун бошқалар олдида бошимни эгиб илтимос қилиб юрмайман, - деб роса қаршилик қилган.” “Одам ҳам ўз боласига шундай дейдими?” - ҳайрон бўлди Сожида Саттаровна .

“Шу қиз иккига кирганда тўрт боласи билан хотинини ташлаб кетган одам бундан баттар гапни ҳам айтади, - давом этди Тоштемиров, менга оила керак эмас, илм билан шуғилланаман, деб уйидан чиқиб кетган, қайтиб бормаган. Хотини бечора яхши аёл экан, болаларини бир амаллаб катта қилиб олди. Уларнинг ҳаммаси одобли, ақлли чиқди. Бу қизи отасининг гапига қулоқ солмай, доктор бўлиши шартлигини, унинг ҳеч қандай ёрдамисиз ўқишини ўзи эплашини айтган ва шу институтга ўқишга кирган.

Бир зумда Сожида Саттаровнанинг юрагидаги ғуборидан ҳеч нарса қолмади. Кўз олдига киприклари пиррилаб турган ниҳоятда гўзал, одобли қиз кеди-ю, “онасининг қизи эканда” деб жилмайиб қўйди. Қизининг “уч” олганини ҳам унутган Сожида Саттаровна ўзини енгил сезган ҳолда, қилган ишидан мамнун бўлиб, дадил қадамлар билан уйи томон йўл олди.

ОРЗИГУЛ

ORZIGUL